U-21 тоифасидаги Евро-2025 ярим финал ўйинидан кейин кузатилган ҳолат. Германия жамоаси делегацияси Франция ёшлар термасига қарши кечган муваффақиятли ўйин (3:0)дан сўнг автобусда қувноқ муҳит аро ўтирганча допинг-тестга жалб этилган икки футболчини кутаётганди. Шу маҳал салонга стадион ходимаси кўзида ёш билан ёпирилиб кирди. Унга автомат кўтариб турган полициячи ҳам, автобус хавфсизлигини таъминлашга масъул 4 нафар нозир ҳам қаршилик кўрсатмади.
Жувон автобусга кириши ҳамоно йиғламсираб, салонни суратга ола бошлади. Нега? Кейинчалик маълум бўлишича, у Германия ёшлар термаси аъзоларини ўғирликда гумон остига олган. Чунончи, Кошица (Словакия)даги стадионда 15 дона пиво кружкаси йўқолган. Хуллас, жиҳозларга масъул бўлган қиз йўқолган кружкалар пули ундан ундириб олинишидан чўчиб, тезкор хулоса чиқарган. Яъни германиялик ёш футболчилар кружкаларни эсдалик учун олиб кетишганини ўйлаган...
Германия ёшлар термаси матбуот котиби Маркус Бир эса футболчиларнинг ўғирликка алоқадор эканликларини қатъий оҳангда инкор этди. Қизиқ томони шуки, тақдир тақозосига кўра, унинг фамилияси таржима қилинса, «пиво» маъносини берар экан...