Люк Шоу: «МЮ» либосини кийиш шунчаки, шараф!»

«МЮ»нинг уй стадиони – салобатли «Олд Траффорд»даги кийиниш хонаси клуб футболчилари учун муқаддас нуқта ҳисобланади. Ахир ушбу хона ўзида «қизил иблислар»нинг кўп йиллик анъаналари, буюк ғалабалари ва афсонавий ижрочилари изларини мужассам этган. «МЮ»нинг толмас ҳимоячиси Люк Шоу «Олд Траффорд» залвори ва кийиниш хонаси аҳамиятини теран тушунадиганлардан биридир, шубҳасиз. Англиялик фахрий футболчи яқинда «МЮ»нинг расмий нашри – United учун эксклюзив интервью берди. У жумладан, стадионга келган лаҳзаларда нималарни ҳис қилиши, ўйин куни қандай тайёргарлик кўриши, кийиниш хонасида ҳукм сурадиган муҳит ва катта синовлар олдидан кечадиган руҳий ҳолати ҳақида гапирди.

– Люк, тасаввур қилинг, бугун ўйин, сиз эса эндигина уйғондингиз. Илк ҳиссиётингиз қандай бўлади?

– Биласизми, одатда ўйин бўладиган кун мен учун катта ҳаяжон билан бошланади ҳар сафар. Олдинда турган учрашувни интиқ ҳолда кутиб, майдонга тушиш лаҳзаларини хаёлимдан ўтказаман. Табиийки, ҳаяжон ортидан енгил безовталик ҳам бўлади. Назаримда, бу туйғу ғалаба қозониш иштиёқи ва майдонда ўз имкониятларимни тўлиқ намоён этиш истагидан келиб чиқади. Айнан шу икки ҳиссиёт руҳий жиҳатдан яхши шайланишимга ёрдам беради ва ўйин давомида алоҳида тетиклик бағишлайди.

– Ҳаяжон ва безовталик халақит бермайдими?

– Йўқ, булар мен учун ёқимли туйғулар. Футболни нега танлаганмиз? Албатта, севганимиз учун. Қолаверса, «МЮ»дек буюк клуб сафида муҳим учрашувларда майдонга тушиш ҳар бир футболчи учун улкан шараф ва бахтдир. Шундай экан, ўйин олдидан юзага келадиган ҳаяжон ҳам менга фақат қўшимча куч, ишонч ва мотивация беради.

– Бундай ҳиссиёт муайян тажриба орттирилганидан кейин ҳам ўзгармайдими?

– Деярли ўзгармайди. Ҳатто агар баъзи ўйинлар олдидан ўша таниш ҳаяжонни ҳис қилмаслик ўзим учун бироз ғайритабиий ҳолдек туюлади. Чунки фаолиятим давомида қанча ўйинда иштирок этган бўлсам, майдонга тушиш арафасида айни шу туйғуни бошдан кечириш одатга айланган. Демакки, ҳаяжон ҳалигача мен учун ўйинга тайёргарликнинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.

– Ўйин куни қандай таомлар истеъмол қилишни маъқул кўрасиз?

  Барчаси аввало, учрашув куннинг қайси қисмида ўтказилишига боғлиқ. Агар кечқурун майдонга тушадиган бўлсак, кўпинча товуқ гўшти ва песто соуси қўшилган таомни танлайман. Агар ўйин эртароққа белгиланса, таомномам бошқача бўлади. Умуман, имкон қадар организмга оғирлик қилмайдиган, енгил ва энергияга бой егуликларга эътибор қаратаман. Чунки ўйин олдидан тўғри овқатланиш жисмоний тетикликни сақлаб қолишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Уй учрашувларидан олдин жамоа «Каррингтон» базасида йиғилади. Бундай пайт жамоадошларингиз билан фақат футбол ҳақида гаплашасизларми ёки…?

– Одатда машғулотлар базасида ўйиндан чамаси 3-3,5 соат олдин йиғиламиз. Дастлаб анча осойишта муҳит ҳукм суради. Ҳамма бир-бири билан хотиржам суҳбатлашади, ҳазиллашади. Кейин қисқа йиғилиш ўтказилади ва барчанинг бор диққат-эътибори тўлиқ ўйинга бурилади. Автобусга чиққанимиздан кейин эса ҳар ким ўзини ўйинга руҳан тайёрлай бошлайди.

– Демак, стадионга яқинлашиш ҳам ўзгача ҳис уйғотади…

– Албатта. Кўпинча автобусда мусиқа тинг­лаймиз, кимдир хаёлга чўмади. Узоқдан «Олд Траффорд» кўринган заҳоти эса ҳаммаси ўзгаради. Яъни шу лаҳзада ҳақиқий ҳаяжон бошланади, ўйинга киришаётганимизни бутун вужудимиз билан ҳис қиламиз.

– Стадионга киргач, чигалёзди машқларига чиққунга қадар оралиқ вақтни қандай ўтказасизлар?

– Автобусдан тушиб, тўғри кийиниш хонасига йўл оламиз. У ерда ҳамма ўз буюмларини тартибга келтириб бўлгач, бош мураббий ўйинга доир охирги тактик кўрсатмаларни беради. Шундан сўнг ҳар бир футболчи ўзининг тайёргарлик режасини бажаришга тушади. Масалан,  мен кўпинча массаж ролиги ёрдамида мушакларимни бўшатишга ҳаракат қиламан. Имкониятга қараб, физиотерапевтлар билан қўшимча машқларни ҳам бажаришим мумкин. Шу тариқа чигалёзди жараёни ва ўйинга тўлиқ шай ҳолга келаман.

– Кийиниш хонасида ҳамиша муайян футболчи ёнида ўтирасизми ёки…?

– Йўқ, жойим вақт-вақти билан ўзгариб туради. Тўғри, кўпинча Гарри Магуайр билан ёнма-ён ўтираман. Сўнгги вақтлар Нуссаир Мазрауи ҳам ёнимга жойлашмоқда. Шу иккиси билан анчадан буён дўстона муносабатдаман ва бир-биримизнинг одатларимизга тўлиқ кўникиб улгурганмиз.

– Чигалёзди машғулотларидан кейин кийиниш хонасида яна нималар бўлади, дейлик, қандайдир одатлар борми?

– Ўйинга тушишдан олдин бутун жамоа – футболчилар, мураббийлар ва бошқа ходимлар бир доира бўлиб йиғиламиз. Бош мураббий якуний руҳлантирувчи сўзларни айтади. Шундан сўнг саф тортамиз ва майдон сари қадам босамиз.

– Майдонга тушиш пайти трибуналарда шовқин кўтарилиши, мухлисларнинг ҳайқириқларига кўникиб кетгандирсиз…

  Йўқ, йўқ. Ўша вақт қандай ҳолатга тушишимни сўз билан ифодалаб беришим қийин. Ҳар гал майдонга тушиш арафасида ҳавода учаётгандек бўламан – мутлақ бахтиёрлик. «МЮ»дек буюк клуб шарафини ҳимоя қилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди ахир. Баъзан кечқурун шаҳар бўйлаб кетаётиб, «Олд Траффорд» ёнидан ўтаман ва стадионга қараб, беихтиёр ўзимга пичирлаб қўяман: «О, қандай бахтлиман-а!» Дунёда миллионлаб инсонлар лоақал бир марта «Олд Траффорд» майдонига тушишни орзу қилишади. Мен эса ҳар ҳафта шундай имкониятга эгаман. Хуллас, жамоа либосини кийиш ҳамиша катта фахр уйғотади.

– Яқинларингиз ўйинингизни кўргани тез-тез келишса керак. Улар билан учрашишга вақт ажрата оласизми?

– Ўйинга қадар бу ҳақда ўйлашнинг ҳам иложи йўқ. Бутун диққатим учрашувга қаратилади. Бир сафар фарзандларимнинг клуб маскоти образида майдонга тушишгани мен учун ёқимли хотира бўлиб қолган. Умуман, одатда ўйингача ташқи омиллар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламан. Учрашув тугагач эса, айниқса, ғалаба қозонган бўлсак, оилам билан кўришиш ўзгача завқ бағишлайди. Ўзи яқинларим трибунада доим битта жойда ўтиришади, шунинг учун уларни мухлислар орасидан осонгина топаман.

– Ўйин тугагач, хусусан, ғалабадан ке­йин кунни қандай якунлайсиз?

– Аввало, тикланиш жараёнига эътибор қаратаман. Одатда массаж қабул қиламан, баъзан музли ваннада мушакларимни тоблайман. Шундан кейин  жамоадошларим билан хайрлашиб, уйга қайтаман. Ростини айтсам, ҳозирги ҳаётим 5-10 йил аввалгисидан анча фарқланади. Энди мени уйда 4 нафар фарзандим кутиб туради. Шунинг учун бўш вақтни деярли тўлиқ уларга бағишлайман.

– Кўплаб мухлислар шанба кунги ўйиндан кейин Match of the Day ёки бошқа таҳлилий кўрсатувларни томоша қилишади. Сиз ҳам шунга ўхшаш теледастурларни кўрасизми?

– Ҳа, албатта. Хусусан, Match of the Day ёқади. Шунинг баробарида бошқа жамоалар ўйинларини ҳам томоша қилишим мумкин. Чунки футболни чинакамига яхши кўраман. Хуллас, имконият туғилиши билан телевизор қаршисида ўтириб, дуч келган учрашувни кўришим мумкин. Умуман, ўйиндан кейин уйга қайтиб, хотиржам ҳордиқ чиқариш – мен учун ҳаётдан завқланишнинг энг оддий усули.

Манба: manutd.com, Х.ЮСУПОВ тайёрлади