Нима, Инфантино жаҳон чемпионатини сотмоқчими-ди?

Жаҳон чемпионати турнири ўзининг бутун тарихида ҳеч қачон бу қадар катта молиявий мунозара марказига тушган эмасди. Ҳаммаси ФИФА президенти Жанни Инфантино мундиалнинг тижорий ҳуқуқларидан бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасини баён этганидан сўнг бошланди. Агар швейцариялик функционернинг лойиҳаси амалга ошса, халқаро футбол бошқаруви мутлақо янги даврга қадам босиши мумкин. Тўғри, жаноб Инфантинонинг янги ташаббуси кескин қаршиликка учради: конфедерациялар, миллий ассоциациялар, футбол жамоатчилиги, қўйингги, ҳамма янги ғояни дарҳол қоралаб чиқди. Ҳатто айрим мамлакатларда ЖЧга нисбатан «бойкот» эълон қилиш муҳокамаси бошланиб кетди.

20 МИЛЛИАРД ДОЛЛАРЛИК РЕЖА

The Telegraph ва Financial Times маълумотига кўра, ФИФА янги лойиҳани амалга ошириш учун FIFA Forward Enterprise (FFE) номли янги тижорий компания ташкил этмоқчи. Унинг тахминий қиймати 20 миллиард доллар бўлиши айтилмоқда. Режага кўра, ЖЧ ҳамда ФИФА тасарруфидаги бошқа мусобақаларнинг тижорий фаолиятини ушбу тузилма бошқаради. Бунда халқаро футбол федерацияси акциялар назорат пакетини ўзида сақлаб қолади, лекин 20-30 фоиз улушни хусусий инвесторларга сотиш ортидан қарийб 4 миллиард доллар топишни кўзламоқда. Инфантинонинг таъкидлашича, ушбу маблағ футболни кенг ривожлантиришга йўналтирилади. Ҳисоб-китоб­ларга кўра, 2027-2030 йиллар давомида ФИФАга аъзо ҳар бир миллий ассоциацияга бериладиган молиявий ёрдам миқдори 8 миллион доллардан 20 «лимон»га ошиши мумкин. Умуман, Инфантино анчадан буён ФИФАнинг тижорий имкониятларини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Дейлик, Клублар ўртасидаги ЖЧ янги форматга ўтказилди, мундиал иштирокчилари сони 48тага етказилди, шу тариқа турнирлардан тушадиган даромад рекорд даражага чиқди. Хуллас, хусусий сармоядорларни жалб қилиш мазкур сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида кўрилмоқда.

 

УЕФА ҚАРШИ, БОШҚАЛАР ҲАМ

Инфантинонинг режаси айниқса, Европа футболида кескин норозилик келтириб чиқарди. УЕФА махсус баёнот бериб, футбол бошқарувида чегара бузилаётгани, жумладан, ЖЧни тижорат активига айлантириш мумкин эмаслигини билдирди. Sky News маълумотига кўра, УЕФАга аъзо 55та миллий ассоциация фавқулодда йиғилиш ўтказиб, ФИФА сиёсатига муносабат билдиришни режалаштирган. Муҳокама қилинаётган чоралар орасида ҳатто ЖЧга «бойкот» эълон қилиш варианти ҳам бор. El Espaсol нашри хабарида айтилишича эса, агар Инфантино ўз ғоясидан воз кечмаса, Испания ва Португалия ЖЧ-2030ни қабул қилишдан бош тортмоқчи. Ушбу можаро фонида АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам яна тилга олинмоқда. Хабарларга кўра, инвесторлар консорциумига Оқ уй раҳбари куёви Жаред Кушнернинг укаси Жошуа раҳбарлик қилиши мумкин. Келишув бўйича молиявий маслаҳатчи ролида – JP Morgan банки. Бу ҳолат ФИФА бошқаруви АҚШ сиёсатига ҳаддан ташқари яқинлашиб бораётгани ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди. Умуман, бошқа конфедерациялар раҳбарияти ҳам ФИФАнинг янги ғоясига қарши баёнот беришга улгурди.

 

ЭЪТИРОЗЛАР ТОБОРА КУЧАЙМОҚДА

Инфантино ўз ташаббуси билан футбол намояндалари ва сиёсатчилар танқидига ҳам учради. Хусусан, ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бунга қисқача муносабат билдирди: «Ҳеч ким футболни сотиш ҳуқуқига эга эмас». Унинг фикрича, ФИФА раҳбариятининг сиёсий доиралар билан яқин муносабати футбол мустақиллигига путур етказиши мумкин. Буюк Британия бош вазири эса Инфантинодан зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди. Европарламент депутатлари ФИФА раҳбаридан мазкур ташаббус юзасидан расмий изоҳ сўрашди. Уларнинг фикрлари қатъий: дунёдаги энг нуфузли спорт мусобақаси молиявий бозор қонунлари асосида бошқарилмаслиги керак. Шу тариқа ФИФА режаси оддий иқтисодий лойиҳа эмас, балки спорт, сиёсат ва бизнес манфаатлари тўқнашган халқаро масалага айланиб кетди.

 

«БОЙКОТ» ЭҲТИМОЛИ ҚАНЧАЛИК БАЛАНД?

Ҳозирча ЖЧга «бойкот» эълон қилиш юзасидан ҳеч қандай расмий қарор йўқ. УЕФА муносабати ФИФАга босим ўтказиш ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Бироқ Европа футболи таъсирини камситиш ноўрин. Айниқса, натижа нуқтаи назаридан. Қолаверса, трансляциялар, реклама бозори ва телеаудиториянинг катта қисми ҳам Европа билан боғлиқ. Ҳа, ФИФА ўта мустаҳкам позицияга эга. Мисол учун, ташкилот таркибидаги 211та миллий ассоциациянинг аксарияти молиявий жиҳатдан ФИФА дастурларига таянади. Шундай экан, Инфантино режасини қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам етарлича топилиши мумкин. Хуллас, агар лойиҳа қоғоздан амалга кўчадиган бўлса, «бойкот» ҳақидаги гаплар қатъийлашиши турган гап. Таъкидланишича, УЕФА ҳатто ЖЧга муқобил турнир тузиш ғоясига ҳам эга. Қолаверса, Европа футбол иттифоқи келажакда Жанни Инфантино ўрнида «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфини кўрмоқчи. Тўғри, қатарлик 52 ёшли функционернинг ўзи ФИФА бошқарувини қўлга олиш ниятида эмас.

 

ФУТБОЛ ҚАЁҚҚА ҚАРАБ КЕТМОҚДА?

ФИФАнинг тобора йирик тижорий ташкилотга айланиб бораётгани айни ҳақиқат. Мундиал иштирокчилари сонининг оширилиши, клублар ўртасидаги ЖЧ ислоҳ қилиниши, янги ҳомийлар ва рекорд даражадаги даромад… Энди хусусий сармоядорларни жалб қилиш режаси футбол иқтисодиётини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бироқ асосий баҳс маблағ миқдори ҳақида эмас, балки ЖЧ келажакда ҳам бутун дунё футболининг умумий бойлиги бўлиб қолиш-қолмаслигида. Кўпчилик мундиал ҳам йирик инвесторлар учун навбатдаги тижорий активга айланиб қолишидан хавотирда, албатта. Хўш, ЖЧ кимга тегишли – ФИФАгами, инвесторларгами ёки миллионлаб мухлисларни ўз ичига олган футбол жамоатчилигига? Инфантино танқидларга жавоб берар экан, футболни ҳеч ким сотмаётганини таъкидлади: «Йўқ, лойиҳадан кўзланган мақсад ЖЧни хусусийлаштириш эмас, балки тижорий имконларни кенгайтириш ва 211та миллий ассоциацияга кўпроқ маблағ беришдир. Оддий айтганда, бу имкониятларни кенгайтириш таклифи, холос. Албатта, уни қабул қилиш-қилмаслик музокара-муҳокамалар якунига боғлиқ». Олдинроқ Инфантино ФИФАга аъзо миллий ассоциацияларга ЖЧ бўйича лойиҳани маъқуллаш учун 40 миллион доллардан таклиф қилгани ҳақида хабарлар чиққанди. Унга кўра, таклиф бўйича якуний жавобни билдириш учун 53 кун муҳлат берилган. Дарвоқе, ФИФА президентининг катта маслаҳатчиси Карлос Кордейро бу орада янги лойиҳага қарши чиқиб, истеъфо берди. Унинг фикрича, ФИФА 2022-2026 йиллар оралиғида қарийб 15 миллиард доллар топган ва бундай ҳолатда ЖЧдек энг қимматбаҳо активнинг бир қисмини сотиш аҳмоқлик саналади.

Охирги маълумотларга қараганда, Жанни Инфантино ўз ғоясидан воз кечгани борасида баёнот берди. Сабаб – 130тадан кўп миллий футбол ассоциациясининг салбий реакцияси.

ЖЧни яна кенгайтириш масаласи

ФИФА 14 августга қадар ЖЧ иштирокчилари сонини 48тадан 64та жамоага ошириш юзасидан якуний тўхтамга келмоқчи. Бу ҳақда The Times репортёри Мартин Циглер хабар тарқатди. «Сўнгги янгилик – бу ақлга сиғмайди. ФИФА жаҳон чемпионатини 64та жамоага кенгайтириш эҳтимоли ҳақида йўриқнома эълон қилди. Якуний қарор 14 августгача тасдиқланиши керак. Бундан ким манфаатдор эканлиги қизиқ. Эҳтимол, хусусий инвесторлардир… ЖЧ улушини сотиш таклифига овоз бериш учун эса 19 сентябрга қадар муддат берилади», – деб ёзди Циглер.

Манба: sport-express.ru, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади