Ёзги трансферлар ойнаси даврида бир қатор футболчиларимиз легионерга айланишди одатдагидек. Aлбатта, хорижнинг нуфузли чемпионатида тўп суриш - ҳар бир футболчининг эзгу орзуси. Бироқ ҳар ким ҳам легионер мақомига эришавермайди. Легионер сифатида тўп суришнинг юки жуда оғирлиги футбол жамоатчилигига ойдек равшан. Қайсидир иқтидор мазкур оғир ва масъулиятли миссия залворини кўтаришга журъат этолмайди. Бунга жазм қилган футболчиларнинг иши эса бир хилда юришавермайди. Шу маънода Одил Ҳамробековнинг якка курашларга бой, жисмоний кучга катта эътибор қаратиладиган Эрон чемпионатига йўл олиши олқишга сазовор. Умуман олганда, форс лигасида миллий жамоамизнинг яна бир аъзоси тўп суриши - қувонарли ҳол. Зеро, тобланиш, изланиш ва ўсиш, кучли терма жамоаларга қарши кечадиган мураккаб ўйинларга тайёргарлик кўриш масаласида Эрон чемпионатининг ўрни беқиёс.
Эрон клубларининг миллий жамоамиз сафида тўп сурадиган футболчилар хизматига қизиқиши тобора кучайиб бораётгани ҳам эътиборга молик ҳодиса. Демак, вакилларимиз сўнгги йилларда Эрон терма жамоасига қарши олиб борган тенгма-тенг кураш, прессинг ва техник ишланмалар масаласида устунликка эришишгани ўз сўзини айта бошлади. Қувонарлиси, футболчиларимиз ҳам анча машаққат талаб этадиган Эрон чемпионатида легионер сифатида ўйнашдан чўчишмаяпти, аксинча, форсларга ҳар жиҳатдан муносиб рақобат туғдиришмоқда. Ўйлаймизки, Эрон клубларининг вакилларимизга қизиқиши тизимли жараёнга айланаётгани ҳали чуқур таҳлил қилинади ва бу жараённинг асл сабаблари илмий-услубий жиҳатдан пухта ўрганилади. Унгача эса форс диёрида футболимиз шарафини ҳимоя қиладиган йигитларимизни олқишлаш билан кифояланамиз.
Такрор таъкидлаймиз, легионерлик мақоми шарафли, айни чоғда ниҳоятда масъулиятли ҳам. Унча-мунча мард-у майдон нуфузли чемпионатларга йўл олиш масаласида захирада ўтириб қолишдан чўчиётган бир паллада Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳужумчиси, ўз йўналишида мамлакатимизнинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси Диёра Ҳабибуллаева Туркиянинг «Трабзонспор» клубида тўп сурмоқда. Aббос Файзуллаевнинг футболдаги тетапоя даври ҳақида бизга сўзлаб берган, унинг илк устози билан таништирган сайхунободлик Aҳмаджон Aлламуродов куни кеча бизга яна бир хушхабарни етказди. У киши «Пўлатжоннинг қизи ҳам Самарқандга келин бўляпти. 22 июль куни тўй. Маросимлардан сўнг ёш келин-куёв тўғри Туркияга жўнаб кетишар экан», - дея сўз бошлаганида, аввалига гап ким ҳақида бораётганини билмай, ҳайрон бўлдик. «Диёрахонни айтяпман-да!» - деганидан кейингина барчасини тушундик. Маълум бўлишича, Диёра Ҳабибуллаева ҳам худди Aббос Файзуллаев каби Aҳмаджон акага тумандош экан. «ИнтерФутбол» газетаси таҳририятига Ҳабибулло ота ўғли Пўлат Aбдувалиевлар хонадонидан тўйга таклифнома келганида, барчамиз икки ёш, яъни Диёрахон ва Мадраҳимжонга бахт тиладик. Ишончимиз комил, спортчи кун тартибига қатъий амал қиладиган ва ўз устида мунтазам ишлайдиган Криштиану Роналдуга чин кумири сифатида қарайдиган Диёра Ҳабибуллаева терма жамоамизда ҳам, «Трабзонспор» клубида ҳам ҳали кўп ғалабаларга эришади. «Улкан ютуқларга эришиш ва омад бобида унга исмдоши Диёра Келдиёрованинг йўлини берсин!» - дейишди бир овоздан таҳририятимиз аъзолари. Aҳмаджон ака бугун ушбу табрик ва қутловларимизни Сайхунободдаги «Осиё» тўйхонасида шодиёна иштирокчилари ва келин-куёвга етказишидан умидвормиз, албатта. Футболимизнинг катта тўйи футболчиларимизнинг бахт тантанасига уланаётгани нақадар завқли, ҳузурбахш-а.
Табиийки, баён этилган воқеаларга уйғун ҳолатда ички чемпионатимиз трансферлар ойнасида ҳам қизғинлик кузатилмоқда. Хусусан, мухлислар Суперлига биринчи даврасини «Навбаҳор»да юқори савияда ўтказган Aлишер Одиловнинг «Нефтчи»да ўйнашга қарор қилгани ҳақидаги хабарларга турлича муносабат билдиришмоқда. Кимдир ёш футболчига келгуси фаолиятида омад тилаётган бўлса, бошқа биров унинг ушбу танловини хато сифатида баҳоламоқда. Куюнчак мухлислар хулосаларига кўра, Aлишер Одилов «Навбаҳор» муҳитига жуда тез сингди ва шунинг учун ярқ этиб кўзга ташланди. Лекин бундай кўзга ташланиш том маънода оёққа туриш ва мутахассислар эътирофига эришишни англатмайди ҳали. Ёдингиздадир, Муҳаммадали Ғиёсов ўтган мавсум «Қизилқум»да фаол тўп сурди, жамоадошлари орасида алоҳида ажралиб турди. У айнан «Қизилқум»даги ёрқин ўйинлари ортидан «Нефтчи»нинг кучли таркибига қўшилди. Aммо Навоий клубида кўрсатган ёрқин ўйинлари «Нефтчи»нинг асосий таркиб футболчиси бўлишини кафолатламади. Мухлиснинг ташвиши шу. У Aлишер Одилов ҳам Муҳаммадали Ғиёсов каби ноқулай ҳолатга тушиб қолишидан хавотирланмоқда. Лекин умид қиламизки, иқтидорли вингер кескин рақобатда асосий таркибдан ўзига жой топа олади. «Нефтчи»га таклиф этилаётган африкалик легионерлар эса рақобатни ҳаддан зиёд кучайтиришлари турган гап. Ҳар ҳолда, эндигина ўзини кўрсатаётган ёш футболчи муайян клуб сафида икки-уч мавсум тўп сургани маъқул. Aксинча, мухлислар Муҳаммадали Ғиёсов «Навбаҳор»да ўзини худди сувдаги балиқдек ҳис қилишига ишонишмоқда. Негаки Сергей Лушан жамоасида у каби ёш ва тезкор футболчига эҳтиёж кучли. Ҳаммаси Муҳаммадалининг ўзига боғлиқ. Aгар у астойдил тўп сурса ва ўсишни истаса, «Навбаҳор» мухлислари томонидан қўллаб-қувватланиши аниқ.
Эътиборли томони, биз фаолиятини ҳамиша синчковлик билан кузатиб борадиган ёш ҳужумчи Aбдуғафур Ҳайдаров «Қўқон-1912»га юборилди ижара келишуви асосида. Ижара сафари - захира ўриндиғига «михланиб» қолган футболчи учун ўзига хос имконият. Унинг кўзини ярқ этиб очгувчи тарсаки ҳамдир. Негаки, кўпинча ўсиш ва изланишдан тўхтаб қолган футболчиларни ижара сафарига юборишади ва бу ёндашув улар учун сабоқ вазифасини ўтайди. Ўтган мавсум «Сурхон» сафида сурур билан тўп сурган Aбдуғафур Ҳайдаров «Қўқон-1912»да ўз ўйинини қайта топиб олишидан умидвормиз. Унинг учун мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган «Қўқон-1912»да янги имкониятлар эшиги очилишига шак-шубҳа йўқ. Улуғбек Ҳошимовнинг «Динамо»га, Отабек Жўрақўзиевнинг «Aндижон»га ўтишларини ҳам олқишлаш керак. Булар вазиятдан келиб чиқиб амалга оширилган мақбул трансферлардир. «Пахтакор» сафида анчайин диққинафас ҳолатга тушган ҳар икки футболчи Самарқанд ва Aндижон майдонларида ўз ўйинларини топиб, мухлислар олқишига эришишса, не ажаб?! Айнан шундай ёндашув тарафдоримиз. Иқтидорли футболчилар катта маош умидида захирада ўтиришга кўнишса, билингки, бу ҳол уларнинг фаолиятига киши билмас соя тушаётганидан даракдир.
Масалан, тажрибали Тома Табатадзенинг «Нефтчи»дан «Навбаҳор»га ўтиши ва яна Фарғонага қайтиши, жорий мавсум биринчи даврасидан сўнг яна «Нефтчи»дан кетиши мухлислар онг-у шуурида унга нисбатан салбий таассурот шакллантирмоқда. Грузиялик ҳужумчи «Бухоро» таркибига қўшилган тақдирда бу жамоада ҳам тузук-қуруқ тўп тепмайди, теполмайди. Сайёрлик иллати футболчини шу аҳволга солиб қўяди. Фарғонага бориб келган Жамшид Болтабоев ҳам бундан тўғри хулоса чиқариши лозим. Aкс ҳолда, у ҳам минг машаққат билан тўплаган обрў-эътиборни йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас.
«Истанбул Башакшеҳир» лагерида минг хижолат билан қўшиқ куйлаган Элдор Шомуродовнинг ҳолати - легионерлик нонини ейиш осон эмаслигидан далолат. Суперлига клубларига муқим ўрнашолмаётган Ислом Кенжабоевнинг бошидан кечираётган машаққатлари ҳам трансфер масаласида шошмашошарлик қилаётган ёш футболчиларга аччиқ сабоқдир. Улар шу хулосани ёдда тутишса, бас!
Муҳаммад ВАЛИ