Search

Райан Шерки Де Брюйне ўрнини боса оладими?

 Дебютант футболчи «Манчестер Сити» афсонаси ўрнини боса оладими? «Манчестер Сити» клуби охирги 10 йил бадалига АПЛ мавсумига илк марта малласоч афсона Кевин де Брюйнесиз киришди ва «Вулверхэмптон» майдонида 4:0 ҳисобини қайд этди. Бироқ «шаҳарликлар» кейинги турларда соф омадсизликка йўлиқишди ва кўпчилик дарҳол бельгиялик маэстрони эслашга тушди. Хўш, «Сити» сафида жами 422 марта майдонга тушиб, 16та соврин ютган малласоч Кевин ўрнини ким босади? АПЛда 6 марта чемпионликка эришган ва 2023 йили клубни ЧЛда ғалаба сари етаклаган де Брюйненинг йўқлиги янги ижодкор футболчини катта саҳнага кўтарилишига йўл очадими? Кўринишидан, Хосеп Гвардиола ўз схемасида бельгиялик ролини «Лион»дан 30,5 млн. фунт стерлингга харид қилинган 21 ёшли Райан Шерки зиммасига юкламоқчи. Франциялик ярим ҳимоячи айни пайт Европада келажаги энг ёрқин иқтидорлардан бири сифатида тилга олинмоқда. Умуман, экспертларнинг тахмин қилишларича, майдонда «10-рақам» позицияси ва қанотда бирдек талаб даражасида тўп суришга қодир Шерки «Манчестер Сити» ўйинига Кевин де Брюйнедан кейинги янги даврда тиниқ ранг олиб кира олади. Бунга қандайдир кафолат борми? Марҳамат, 21 ёшли Ра­йан Шеркининг ўтган мавсумдаги кўрсаткичларини 34 ёшли де Брюйне статистикаси билан солиштириб, ўзингиз хулоса чиқаришингиз мумкин.

Шеркининг йўли

Райан Шерки футболдаги интилишларини қадрдон клуби «Лион» академиясида бошлаган. Иқтидорли тарбияланувчи ёшлар футболидаги барча босқичларни мардонавор босиб ўтиб, тез орада асосий жамоадан ўрин олди. Шерки профессионал дебютини 16 ёшида, 2019 йили нишонлади. Лига 1даги дастлабки учрашувларданоқ юксак салоҳиятини тасдиқлаган футболчи «Лион»да жами 6 мавсум тўп сурди. Райан бу орада жами 185 марта майдонга тушиб, 29та гол ва 45та самарали узатма расмийлаштирди. Мана, Шерки Франциядаги муваффақиятли мавсумлардан кейин «Манчестер Сити»га йўл олиш орқали фаолиятида янги босқичга қадам қўйди. Энди унинг олдида катта миссия турибди - Хосеп Гвардиола раҳбарлигида чемпионлар жамоа­сида афсона даражасига кўтарилган Кевин де Брюйне ўрнини тўлдиришга тайёрлигини амалда исботлаши керак.

Шеркининг ўйин услуби

Гвардиола жамоасида Райаннинг турли тактик схемаларда «10-рақам» ролини ижро этиши эҳтимоли кўпроқ. Ҳар ҳолда, испаниялик мутахассис ўйин ташкил этиш бобидаги ўқуви билан танилган. Франциялик футболчининг муҳим фазилатларидан бири - бу ҳужум чоғи комбинациялар орқали вазиятлар яратиш. Райан ўтган мавсум Лига 1 ўйинларида 11та самарали узатмадан ташқари, 22та яққол вазият юзага келтирганди. У бу борада Франция чемпионатида энг яхши кўрсаткичга эришганини ҳам айтиш жоиз. Шерки ўйинидаги табиий мойиллик - ўнг қанотга силжиш. Гвардиола тизимида эса янада кўпроқ силжиш эркинлигига эга бўлади. Унинг асосий қуроллари - ўйинни ҳис этиш ва дриблинг сало­ҳияти: 

* 13та кесиб ўтувчи узатма (Лига 1да энг юқори натижа)

* 48та самарали алдаб ўтиш (Лига 1да 13-юқори натижа, лекин классик қанот ярим ҳимоячиси саналмайдиган футболчи учун қойилмақом кўрсаткич).

Ҳимоявий юмушларга тўхталсак, Шерки креативлик бобида мақтанолмасада, прессингга жуда фаол ёндашади. Айниқса, Гвардиола тизимида муҳим аҳамият касб этадиган ва ҳар бир футболчидан тўп учун курашиш талаб этиладиган майдоннинг рақибга тегишли ҳудудида.

Шерки vs Де Брюйне: қиёсий таҳлил (мавсум-2024|2025)

Райан ўтган мавсум Лига1да ҳар 90 дақиқада 0,4та гол яратди, бельгиялик амплуадошининг АПЛдаги натижаси эса бундан бироз паст бўлди (90 дақиқада 0,3та гол). Самарали узатмалар бўйича ҳам франциялик футболчи озгина устунликка эга: 0,5:0,4. Вазиятлар яратиш бобида иккала футболчи ҳам юқори кўрсаткични намойиш этди. Аниқроғи, Шерки ҳар 90 дақиқада 3,3та вазиятни юзага келтирган бўлса, Кевинда ушбу кўрсаткич 3га тенг. Икки футболчининг ўйин услубидаги асосий тафовут эса дриблинг салоҳиятида: Шерки ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 2,2 марта алдамчи ҳаракатни амалга оширди, де Брюйне эса камтарона 0,7 кўрсаткичи билан кифоя­ланди. Бундай катта фарқни футболчилар ихтисоси ва Гвардиоланинг комбинацион ўйин тизими талаблари билан изоҳлаш мумкин. Шунинг баробарида де Брюйне аниқ узатмалар бобида Шеркидан анча устун: 0,8га 0,2 нисбати. Узатмалар сони бўйича эса фарқ унча катта эмас: францияликда 15,1та, бельгияликда 14,9та. Хулоса шуки, самарадорлик бўйича деярли бир хил кўрсаткичга эга икки ижодкор футболчининг услуби бир-биридан кескин фарқланади. Хуллас, Кевин де Брюйне эталон даражасидаги классик плеймейкер мақомида қолган бўлса, Райан Шерки дриблинг ва тезкор рейдларга асосланган тўғри чизиқли тажовузкор ўйинни хуш кўради.

Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади

Related to this topic: