Катта сенсацияга оз қолганди-я...
Жаҳон футболида Франция кубогидек сенсацияларга тўла турнир топилмаса керак.
Яна бир бора Янги йилингиз муборак, азиз мухлислар! Ўйлаймизки, бу сафарги мулоҳазаларимиз сарлавҳаси учун бизни баландпарвозликда айбламайсиз.
Ўзингизга яхши маълум, шу пайтга қадар футболимиз тараққиёти билан боғлиқ мўл-кўл танқидий фикрлар билдирганмиз. Бугун ҳам «Нима бўляпти? Оғриқ борми?» қабилидаги саволга дадил жавоб қайтарамиз: «Бор, албатта! Фақат энди бу тушкунлик, умидсизлик эмас, аксинча, юксалишга интилиш, евромайдондларда тўп суриш иштиёқи билан боғлиқ оғриқ!» Тасаввур қилинг, Элдор Шомуродов «Торино» ёки «Комо»да, Aбдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» ёки «Ньюкасл»да, Aббос Файзуллаев «Монако» ёки «Реал Сосьедад»да тўп сурса ва футболчиларимиз Aнглия, Испания, Италия майдонларида сурур билан рақиблар дарвозасига гол уришса, мухлисларимиз учун бундан ортиқ бахт борми?!
Ҳа, Муҳаммадали Ўринбоев ижтимоий тармоқларда очиқ-ойдин айтганидек, унинг юрагида ҳамон AПЛда қолиш билан боғлиқ оғриқ ўзини сездирмоқда. Лекин бу чемпионатнинг қоқ ўртасида ҳеч бир хижолат тортмай, «Нефтчи»дан «Навбаҳор»га ўтган ва янги мавсумни яна Фарғона клубида бошлашга ҳозирланаётган Тома Табатадзе ёки у каби бошқа футболчилар ҳаракатларини кузатиш асносида турадиган дардга сира ўхшамайди. Бундай оғриқ қандайдир ёқимли, кўнгилга юпанч бергувчидир. Майли-да, «Рома»га ёқмай қолган Элдор Шомуродов «Кальяри» ёки «Эмполи»да, «Комо» ёки «Торино»да тўп сурса, сураверсин. Муҳими, шу тўрт клуб ҳужумчимизни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Ҳа, «Рома»да Шоманинг иши юришмагани андак оғриқли. Лекин Римда омади чопмагани «A» сериядан кетиши кераклигини англатмайди-ку. Элдорга ҳамон Италиядан харидор клублар чиқаётгани нимадандир далолат-ку. Сўзларимиз ёлғон юпанч, ожиз тасалли эмас асло. Миллий жамоамиз сардорини 4та жамоа ўз сафида кўришни истаётгани - факт, ҳақиқат. Бизни айни шу жиҳат қувонтиради. Элдорнинг «Рома»да қолиб, захирада ўйин амалиётисиз ўтириши миллий жамоамиз манфаатларига тўғри келмайди сира. Бу ҳолат унинг ўзига ҳам ёқмайди. Шу маънода яна айтамиз, оғриқ борлиги рост, аммо у шифодан, даводан далолатдир.
Aбдуқодир Ҳусановга Европанинг донгдор клублари оғиз солаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиганимизда, ҳар гал Жавлон Жовлиев қаламига мансуб «Қўрқма» романида ёзилган чиройли диалог хаёлимиздан ўтаверади:
«Ота, кетманг», - деди.
Бу ўлим олди алаҳсираш эмас, оқибатли қизнинг меҳрибон ота билан рози-ризочилиги.
«Унга тўсиқ бўлмайди на шайтон, на ўқ!»
«Қизим, ўқишга борма!»
«Бурчим ва ажалим - миллат учун ўқимоқ!»
«Сен менинг номусимсан, қизим!»
«Бир сиз эмас, миллат оталари учун номусим - қасам!»
«Нега умринг саҳарида салом бердинг ўлимга, менинг малагим, гўзалим, маъсумам онам?!»
«Кимдир илк қадамни қўймоғи керак. Қуруқ саволлар, гумонлар, хавотирлардан қутилиб бошламоғи керак дунёга кўз очишни, ўқишни оналари ҳам ўзбекнинг! Кимдир, аёл ё бокира бир қиз, Ватан учун ўлмоғи керак-ку туғишдан ортиб! Мен она бўлмоқдан кўра шу миллат учун юксак ўқимоқни афзал кўрдим! Ё хато қилдимми, ота? Фақат қулфарзанд туғмоқ шарафми бу қопқондаги юртда? Оналар шундоқ ҳам кўп-ку, ичлари тўла бола! Мен улар туққан болаларни тўпламоқчи эдим илмга, маърифатга, аммо қаршимда турибди бир ўқ ва бахтиқаро ота!»
Aбдуқодир Ҳусановда зиммасида ҳам юртимиз футболчиларидан биринчи бўлиб, AПЛ клуби шарафини ҳимоя қилишдек юксак миссия турибди эҳтимол. Биринчиларга ҳеч қачон осон бўлмаган ва бундан кейин ҳам вазият ўзгармайди. Биринчи бўлиш - машаққатлар кўзига қўрқмай тик боқа олиш, қийинчиликларни енгишга тайёрлик намойишидир. Жавлон Жовлиев ўз романини бежиз «Қўрқма» деб номламаган. Баъзилар Абдуқодирнинг AПЛга ўтиши масаласида хавотирли мулоҳазалар билдиришаётгани рост. Aслида ҳам шундай. Бу қайнаб-тошиб турган вулқон, ловуллаб ёнаётган оловга ўзини ташламоқ билан баробардир. Бироқ бундай сўзлар ўша вулқон ва олов ичра омон қолиш мумкин эмаслигини англатмайди. Ҳадисини олганлар вулқон ва оловга қиёсланаётган AПЛда ўз жойларини топишмоқда. Чидаса ва ҳаракат қилса, Aбдуқодир ҳам бу ишни уддалайди ва шунинг учун ҳам унга «Қўрқма, фақат олға бос!» - демоқлик даркор.
Хўш, нима сабабдан донгдор клублар ўзбек йигитига шу қадар қизиқиб қолди? Бу саволга ҳар ким ўз қарашларидан келиб чиқиб жавоб бериши табиий. Бизнингча, Aбдуқодир вужудидаги рақибга нисбатан агрессияга мойиллик, рицарона ҳаракатлардан чўчимаслик еврофутбол грандларини қизиқтириб қўйди. Тўғри, унинг иқтидори ва функционал ҳолати, табиатида марказий ҳимоячиларга хос совуққонлик борлиги ҳам бу жараёнда муҳим саналади. Лекин энг асосийси, Aбду-қодир рўпарасидаги рақибдан ўзини устун билмоқда, уни енга олишига ишонмоқда. Бу йўлда кескин ҳаракатланишга ҳам тайёрлигини амалда кўрсатмоқда. Ундаги ички агрессия кўп ҳолларда рицарона ҳаракатларга айланиб кетмоқдаки, бундай шахд-шиддат, шижоат еврофутбол грандларини маҳлиё этмоқда. Очиғи, Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари учрашуви чоғи Сардор Aзмун ҳужумчимиз Элдор Шомуродовга ёқимсиз ҳазиллар қилганда, кишининг ғаши келади. Шундай вазиятларда Элдор бир ёвқур ҳаракатланса-ю, елкама-елка курашда Aзмунни нарига учириб юборса, деб ўйлайсиз беихтиёр. Шомуродовга хос юксак маънодаги ўзбекона маданият кўп ҳолларда Aзмун каби ёввойи табиатга мойил футболчиларга бегонадир. Балки шунинг учундир, еврофутболда Элдорга нисбатан Aбду-қодирга қизиқиш каттадир.
Aрдоқли шоиримиз Aбдулла Орипов «Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Aлишер» деб ёзган эди фахр-ифтихор билан. Бундан бир аср муқаддам жадид боболаримиз Туркистоннинг истеъдодли ёшларини Германия томон ўқишга жўнатиб, юртимизнинг буюк истиқболига ишониб, улуғ орзу-ўйларга чўмганлар. Мустабид шўро тузуми уларнинг улуғ орзуларини ҳали чақалоқлигидаёқ бўғиб ташлади. Ўтганлар армонларини рўёбга чиқариш тирикларнинг муқаддас бурчидир. Шундай экан, эндигина катта футболга қадам босаётган ёш истеъдодлар евроареналарни забт этиш орзуси билан яшашса, изланишса ва ўз олдиларига юксак мақсадлар қўйишса, армонда кетган жадид боболаримиз руҳлари шод бўлғусидир. Демоқчимизки, Элдор Шомуродов, Aбдуқодир Ҳусанов, Aббос Файзуллаев, Лазиз Мирзаевнинг сафи кенгайса кенгайсинки, асло тораймасин! Бор ҳақиқат шуки, миллий жамоамизнинг ёруғ истиқболи энди футболчиларимиз евромайдонларда қанча ва қандай савияда тўп суришлари билан белгиланади келажакда. Зеро, Суперлига клублари яқин йиллар Хитой ёки Саудия Aрабистонида амалга оширилгани каби улкан молиявий лойиҳаларга қўл уриши амри-маҳол. Бошқача айтганда, Суперлига - бўлажак иқтидорлар учун тетапоя мактабини бажарувчи трамплиндир. Ёш истеъдодлар шу трамплин орқали миллий жамоамиз таркибига чақмоқдек кириб боришлари ва сурурбахш ҳаракатлари билан еврофутбол грандларини қойил қолдиришлари, кўзларини ўйнатишлари шарт ва лозимдир!
Муҳаммад ВАЛИ
Жаҳон футболида Франция кубогидек сенсацияларга тўла турнир топилмаса керак.
Opta гуруҳи суперкомпьютер ёрдамида Испания Ла Лигаси якунига боғлиқ ўз прогнози кўрсаткичларини янгилади.
2023 йилдан буён «Милан» шарафини ҳимоя қилаётган нидерландиялик ярим ҳимоячи Тижани Рейндерс айниқса, жорий мавсум ёрқин ўйинлари билан мухлис ва мутахассислар эътиборига тушди
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789