«Мьельбю» ўз тарихида биринчи марта Швеция чемпионига айланди. Андерс Торстенссон жамоаси 27-турда «Гётеборг»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва лига якунига 3 тур қолганида муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштирди. Жамоа 2-ўриндаги «Хаммарбю»ни 11 очкога ортда қолдирмоқда. Хеллевик қишлоғига қарашли жамоа ўз тарихида илк бор мамлакатда тенгсиз бўлди. Клуб 2016 йилдан 2018 йилгача Швециянинг учинчи дивизионида ўйнаган. Сўнг иккинчи дивизионга, 2019 йилда эса юқори дивизионга кўтарилган. «Мьельбю»га 1939 йили асос солинган. Чемпионликка қадар клубнинг Швеция юқори дивизионидаги энг яхши натижаси 5-ўрин эди. Жамоа ўйнайдиган Хеллевик аҳоли пункти мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган ва унинг аҳолиси атиги 1500 кишини ташкил этади.
ШВЕЦИЯДА ЯНГИ ЧЕМПИОН!
