Search

Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги мусобақасига тайёргарлик режалари муҳокама қилинди

Юртимиз сўнгги йилларда ФИФА ва ОФК миқёсидаги йирик мусобақаларни қабул қилиш борасида катта қадамлар ташламоқда. Хусусан, тарихда илк бор 2029 йилда аёллар ўртасидаги Осиё кубоги Ўзбекистонда ўтказилади. Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида мазкур мусобақага тайёргарлик режалари муҳокама қилинди. Учрашувда ЎФА раҳбарияти, ОФК бош котибининг ўринбосари Шин Ман Гил, ОФК мусобақаларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Аваз Бердиқулов ва мусобақаларни ўтказиш менежери Хинан Йин иштирок этди. 

 ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Ўзбекистонда аёллар футболини ривожлантириш алоҳида стратегия асосида амалга оширилаётганини таъкидлаб, 2029 йилги Осиё кубоги ўзбекистонлик аёл-қизлар учун катта мотивация бўлишини қайд этди. Шунингдек, маҳаллий ташкилий қўмита мусобақани юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилишини маълум қилди. 

 ОФК бош котибининг ўринбосари Шин Ман Гил Ўзбекистон йирик мусобақаларни ўтказиш бўйича катта тажрибага эга эканини таъкидлаб, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги қитъа мусобақалари юқори савияда ўтказилганини эътироф этди. У, шунингдек, 2029 йилги Аёллар Осиё кубоги ҳам тарихдаги энг яхши мусобақалардан бирига айланишига ишонч билдирди. 

 Учрашув давомида ОФК ва ЎФА вакиллари 2029 йилгача амалга ошириладиган ишлар режасини муҳокама қилдилар. Жумладан, мезбон ҳудудлар ва стадионларни аниқлаш, мусобақа рамзлари ва логотипларини яратиш, қуръа ташлаш маросими ҳамда учрашув саналарини белгилаш, машғулот майдонлари, транспорт, логистика, меҳмонхоналар, хавфсизлик, медиа, транслация ва промошн каби йўналишлардаги кейинги режалар кўриб чиқилди.

Related to this topic: