Бунга қадар «Росарио», «Бенфика», «Реал» ва «МЮ» клубларида жавлон урган футболчи «ПСЖ» билан 7 йиллик ҳамкорлигига нуқта қўйди. Аргентиналик аллақачон ижтимоий тармоқларда Париж клуби ва унинг мухлислари билан хайрлашишга улгурди. Ҳа, Франция пойтахти бу футболчини ҳали кўп қўмсаса керак. Зеро, соғиниш учун сабаблар етарли...
294та ўйин, 92та гол, 118та самарали узатма ва 19та соврин - бу Анхель ди Мариянинг «ПСЖ»даги 7 йиллик фаолияти самараси. Бош ролга унча даъво қилмайдиган аргентиналик охирги 7 йилни шу қадар барқарор ва хотиржам ўтказдики, унга кўплаб футболчилар шунчаки, ҳавас билан боқишлари мумкин. 19та совринига келсак, уларнинг барчаси ички турнирларда қўлга киритилди. Ди Мария - Франция чемпионати, мамлакат кубоги ва суперкубогининг 5 каррадан ғолиби, унинг ҳисобида яна 4та Лига кубоги бор. Ҳа, озгина кемтик ҳам бор - бу еврокубоклар йўқлиги. Бир кам дунё-да, барибир...
2011 йили Хорхелине Кардосо билан турмуш қурган Анхель ҳозирда Миа (2013 йил) ва Пиа (2017 йил) исмли қизалоқларнинг бахтли отаси. Умуман олганда, у жаҳон футболидаги энг совриндор футболчилар қаторида. Дейлик, фақат клуб футболини олсак, «ПСЖ»даги 19та совриндан ташқари, «Бенфика» ва «Реал»да ҳам катта коллекция яратганди. Яъни Португалияда 3та (миллий чемпионат олтин медали ва 2та Лига кубоги), Испанияда эса 6та (миллий чемпионат олтин медали, 2та миллий кубок, мамлакат суперкубоги, ЧЛ ва Европа суперкубоги) соврин ютганди. Хуллас, Европада аргентиналик футболчининг фақат «МЮ»даги даври самарасиз кечди, холос.
Ўз ўрнида яна бир маълумот: «ПСЖ» маош харажати бўйича Европанинг 1-рақамли жамоаси бўлиб олди. Бироқ шу ҳам клубга қитъа миқёсида ютуқни кафолатлаётгани йўқ. Диққатни тортадиган факт шуки, «ПСЖ»нинг маош жамғармаси Лига 1даги аксарият клубларнинг умумий бюджетидан ҳам катта.
Анхель ди Мариянинг шахсий ютуҚлари
Аргентинанинг энг яхши футболчиси: 2014 йил
Испания чемпионатининг энг яхши ассистенти: 2013/2014
Франция чемпионатининг энг яхши ассистенти: 2015/2016
ЧЛ финалининг энг яхши футболчиси: 2014
ЧЛнинг энг яхши ассистенти: 2013/2014
ЧЛ рамзий терма жамоаси аъзоси: 2013/2014
ЖЧ рамзий терма жамоаси аъзоси: 2014
Жаҳон рамзий терма жамоаси аъзоси (УЕФА талқини): 2014
Жаҳон рамзий терма жамоаси аъзоси: (ФИФА талқини): 2014
Анхель ди Марияга фаолиятининг «ПСЖ» аталмиш боб тўкис бўлиши учун ев-роаренадаги ға-лаба етишмагани - айни ҳақиқат. Шу жойда goal24 сайти тақдим этган битта қизиқарли фото-фактни келтириш жоиз. Қаранг, суратда берилган 6 нафар футболчи - Давид Луиз (Бразилия), Златан Ибрагимович (Швеция), Кевин Гамейро (Франция), Кингсли Коман (Франция), Тьяго Сильва (Бразилия) ва Кевин Трапп (Германия)ни бир жиҳат ўзаро боғлаб турибди. Қандай? Улар «ПСЖ» билан хайрлашганларидан кейин қайсидир еврокубокни бошлари узра баланд кўтаришди. «ПСЖ» эса бу вақтда евроаренада ғалаба қозонолмай армонда...