Дейлик, клублар бирин-кетин тайёргарлик жараёнига киришмоқда, тақвимлар эълон қилинмоқда. Биз эса ҳозирча янги мавсумни дебютант мақомида ўтказадиган клубларга яна бир бор нигоҳ ташлаймиз. Хўш, лигалар қандай тўлдириш эвазига бойиди?
АПЛ - «Фулхэм», «Борнмут», «Ноттингем Форест»
v «Фулхэм» қаторасига 6 йилдан буён АПЛ ва Чемпионшип аро саёҳат қилмоқда. Лондон клуби бу оралиқда қайсидир дивизионда лоақал кетма-кет икки мавсум ўйнагани йўқ.
v «Борнмут» АПЛга 2 йилча олдин «Фулхэм»ни юқорига тортган мураббий Скотт Паркер қўл остида йўл олди.
v «Ноттингем Форест» қаторасига икки марта (1978|1979 ва 1979|1980 йиллар мавсумлари) Европанинг тенгсиз жамоаси бўлганди (ЧЛнинг ўтмишдоши - Чемпионлар кубогида ғалаба қозонган). Умуман, «ўрмончилар» мавсум-1998|1999дан буён элит лигада биринчи марта иштирок этишади.
ЛА-ЛИГА - «Альмерия», «Вальядолид», «Жирона»
v «Альмерия» Примерода охирги марта мавсум-2014|2015да кўриниш берганди.
v «Вальядолид» бир йиллик танаффусдан кейин кучлилар қаторига қайтди. Афсонавий Роналдога тегишли клуб энди ўз таркибини кескин кучайтирмоқчи. «Сўйлоқ» жумладан, ҳамюртлари - Дани Алвеш ва Марселони ўз ёнига чорламоқда.
v «Жирона» Сегундада атиги 6-ўринни эгаллади. Боз устига, «Овьедо»ни фақат қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолдирган ҳолда. Асосийси, жироналиклар «плей-офф» баҳсларида кўтарилиш учун жиддий даъвогарлар - «Эйбар» ва «Тенерифе»дан устун келишди, яна сафарда!
БУНДЕСЛИГА- «Шальке», «Вердер»,
v «Шальке» қуйи лигада атиги бир мавсум ўйнади ва юқорига кўтарилди. Гап Германиянинг 7 карра чемпиони ҳақида кетмоқда.
v «Вердер»нинг ҳам Бундеслига 2га саёҳати атиги бир мавсумда якунланди. Айтиш жоиз, Бремен жамоаси вақтида Германия ички турнирларида нақ 15та соврин ютган. Жумладан, 4 марта мамлакат чемпиони бўлганди.
«А» СЕРИЯ - «Лечче», «Кремонезе», «Монца»
v «Лечче» «А»га қайтиш йўлида 2 мавсум сарфлади. Бу клуб ўз тарихида 7-марта юқорига кўтарилди.
v «Кремонезе» Италия чемпионати юқори лигасида охирги марта мавсум-1995|1996да ўйнаганди.
v «Монца» - соф дебютант. Италия собиқ бош вазири ва «Милан»нинг олдинги соҳиби Сильвио Берлускони узоқ 1912 йили тузилган жамоани 2018 йили 3 миллион еврога сотиб олганди. Мана, «Монца» 110 йиллик тарихида илк марта «А» серия юзини кўрадиган бўлди.
ЛИГА 1 - «Тулуза», «Аяччо», «Осер»
v «Тулуза» 1937 йили ташкил этилган. Жамоанинг энг катта ютуғи - Франция чемпионати бронза медали. Тулузаликлар мавсум-2006|2007да 3-ўринни банд этишганди.
v 1910 йилда тузилган «Аяччо» мавсум-1966|1967да Франция элит лигасига кўтарилган Корсиканинг илк клуби бўлганди. «Аяччо»нинг юқори дивизионда қайд этган энг яхши натижаси - 6-ўрин.
v «Осер» Лига 1 йўлланмасини Франциянинг 10 карра чемпиони «Сент-Этьен» (мамлакатда энг кўп чемпион бўлган клублардан бири)га қарши «плей-офф» жангида қўлга киритди.
Д.АЛИМОВ тайёрлади