АНА, ХОЛОС! Вальвердедан фэнтези-юриш

АНА, ХОЛОС! Вальвердедан фэнтези-юриш

«Атлетик» Ла Лига 36-турида «Сельта» меҳмони бўлиб, 1:2 ҳисобида енгилди.

Эътиборлиси, Бильбао клуби бош мураббийи Эрнесто Вальверде мағлубиятга қарамай, спорт матбуоти диққат марказига тушди. Чунончи, у жамоаси ҳисобда олдинда бораётган вақт, яъни 61-дақиқада қўққисдан дарвозабон Унаи Симонни захирага олди. Унинг ўрнини эгаллаган Хулен Агирресабаль эса 68 ва 71-дақиқаларда гол қўйиб юборди. Қизиқ, Вальверде асосий киперни нега алмаштирди? Ҳар ҳолда, Унаида жароҳат аломати ҳам сезилган эмасди...

Испания ОАВ тахминига кўра, Эрнесто Вальверде Ла Лиганинг мавсумдаги энг яхши дарвозабонига бериладиган «Самора соврини» Унаи Симонга насиб этиши учун шундай йўл тутган. Зеро, бу мукофот гол қўйиб юбориш коэффициенти энг паст киперга берилади. Қоида бўйича эса дарвозабонлар камида 60 дақиқа ҳаракатланган ўйинлар ҳисобга олинади. Тўғри, «Атлетик» бош мураббийи ушбу назарияни мутлақо инкор этди: «Ихтиёримда тенг даражада ўйнайдиган икки ажойиб дарвозабон бор. Бу алмаштириш замирида қандайдир бошқа гап йўқ. Тамом»

36-тур якуни бўйича «Самора соврини» учун даъвогарлар рўйхатида айнан Унаи Симон етакчи. «Атлетик» кипери 35та ўйинда 33та гол қабул қилган (1та ўйинда ўртача 0,94та гол). Симоннинг таъқибчиларида коэффициент бироз баландроқ: Алекс Ремиро («Реал Сосьедад») - 1,03та гол, Марк-Андре тер Штеген («Барселона») - 1,04та гол ва Гиорги Мамардашвили («Валенсия») - 1,06та гол. Айтиш керак, «Реал» дарвозабони Андрей Лунинда коэффициент 0,6та голга тенг, бироқ у совринга даъвогарлик қилолмайди, чунки Ла Лиганинг жорий мавсуми 20та ўйинда қатнашди, холос. Сов-рин лауреатини аниқлашда эса камида 28та ўйинда майдонга тушган киперлар натижасига қаралади.

«Самора соврини» 1958 йили таъсис этилган. Аввалги мавсум ушбу мукофот Ла Лиганинг 38та ўйинда атиги 20та гол қўйиб юборган «Барселона» кипери Марк-Андре тер Штеген ўлжасига айланганди. Диққат қилинг, германиялик дарвозабонда коэффициент 0,52та голни ташкил этганди. Мукофот тарихидаги рекорд натижа эса Франсиско Лианьо («Депортиво») ва Ян Облак («Атлетико»)га тегишли - 1та ўйинда ўртача ҳисобда 0,47та гол. Испаниялик дарвозабон мавсум-1993/1994да 18та гол қўйиб юборган бўлса, словениялик 22 йилдан сўнг шундай натижа кўрсатган.