Хусусан, ҳамма уни сайёрамизнинг энг бой футболчиси сифатида таниганди. Умумий бойлиги тахминан 20 миллиард долларга баҳоланган Фаик аслида Лос-Анжелесда туғилган ва футболда асл ватани - Бруней султонлиги учун ўйнашга қарор қилган. Тўғри, унинг клуб миқёсидаги фаолияти у қадар ривожлангани йўқ...
Болкиаҳ 2009-2020 йиллар оралиғида АПЛ клублари тизимида шуғулланди. Жумладан, «Челси» ва «Лестер» ёшлар жамоалари рўйхатига тушди. Бироқ брунейлик йигит ўз ўйини эмас, бойлигию, муҳташам ҳаёти ҳақида ёзилган миллионлаб матнлар асносида машҳурлашди. Савол, шундан кейин нималар рўй берди? Фаик Англия футболидаги саргузаштларидан сўнг эркин агент мақомида Португалиянинг «Маритиму» жамоасига ўтди ва профессионал даражада дебютини нишонлади. Тўғри, ёшлар даражасида ва атиги учинчи даражали лигада. Ўтган йилдан эътиборан эса, Фаик Таиланд чемпионатининг ўртамиёна иштирокчиси «Чонбурри» клуби сафида тўп сурмоқда.
Ҳа, мамлакат султонининг жиянини вақти-вақти билан миллий жамоага чақиришади. «Ақлимни танибманки, футбол билан тирикман. Болалигимдан майдонга тушиб, тўпни оёқда ҳис этишни ёқтираман. Футболчи бўлиш орзусига эришишимда ота-онам катта ёрдам беришган», - дейди Фаик. Энг қизиғи, Болкиаҳ мислсиз бойлик соҳиби бўлсада, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қимматбаҳо автомобиллар ёки соатлар, ҳашаматли уйлар суратлари деярли йўқ. Аммо Буюк Британия қироличаси Елизавета II билан тушган сурати бор. Умуман, Фаик ўз саҳифаларига асосан футбол билан боғлиқ кадрларни жойлаштиради. Тўғри, истисно ҳолат ҳам йўқ эмас - султоннинг жияни 2018 йили бойлиги олдида ўзини тутиб торолмадими, бир мақтаниб қўйди. Яъни ижтимоий тармоқда дунёнинг энг бой футболчилари суратларини берди. Улардаги рақамлар ҳайратланарли. Мисол учун, Неймар, Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Златан Ибрагимович бойлигини қўшсангиз, Фаик мулкининг чамаси 5 фоизи келиб чиқади.