Асосий қаҳрамонлар чемпиондан, албатта!

Асосий қаҳрамонлар чемпиондан, албатта!

Италия «А» серияси охирги тур ўйинларидан олдин мавсум лауреатлари билан таништирди.

Табиийки, чемпион «Интер» вакиллари асосий қаҳрамонларга айланишди. Жумладан, аргентиналик ҳужумчи Лаутаро Мартинес чемпионатнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Мураббийлар орасида эса «нерадзурралар»ни яна бир бора «А» серия тахтига кўтарган Симоне Инзаги ғолиб чиқди.

Умуман, «А» серия жами 7та номинация бўйича мавсум қаҳрамонларини танлади. «Интер» вакиллари эса нақ 4та йўналишда совринни бегона қилишмади. Аниқроғи, чемпион жамоадан Симоне Инзаги (энг яхши мураббий) ва Лаутаро Мартинес (энг яхши футболчи)дан ташқари, Алессандро Бастони ва Ҳоқон Чалханоглу ҳам эътирофга эришдилар. 25 ёшли Бастони Италия чемпионатининг энг яхши ҳимоя­чисига аталган сов­рин соҳибига айланган бўлса, туркиялик футболчи ярим ҳимоячилар орасида тенгсиз бўлди. 

«А» серия-2023/2024нинг энг яхши ҳужумчи сифатида эса «Ювентус» вакили Душан Влахович эътироф этилди. Кутилмаган лауреат ҳам бор: «Монца» вакили Микель ди Грегорио - энг яхши дарвозабон! Чемпионат кашфиё­ти - «Болонья» ҳужумчиси Жошуа Зиркзее эса 23 ёшгача бўлган футболчилар орасида энг яхшиси бўлди.

«Аталанта»ни ЕЛда ғалаба сари етаклаган Жан-Пьеро Гасперини эса «А» сериянинг май ойидаги энг яхши мураббийига аталган соврин соҳибига айланди. Чунончи, 66 ёшли мутахассис қўл остидаги Бергамо клуби 5-ой тақвимидан ўрин олган чемпионат доирасидаги 4та ўйинида 100 фоизли натижа қайд этди - «Салернитана» (2:1), «Рома» (2:1), «Лечче» (2:0) ва «Торино» (3:0).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади