Ҳатто экспертлар ҳам «Эмполи»га қарши ўйиннинг 77-дақиқасида захирадан тушиб, «бўрилар» ҳужумига ранг-баранглик олиб кирган ҳамюртимизни эътироф этишмоқда. «Рома» бош мураббийи Даниэле де Росси ҳам 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан тугаган учрашувдан сўнг Шомуродовнинг имкониятларига алоҳида тўхталди: «Элдор - машғулотларда сифатли ва қаттиқ ишлайдиган футболчилардан бири. Албатта, менга айнан унга ўхшаган меҳнаткаш йигитлар керак». Sofascore ҳам терма жамоамиз сардорининг чамаси 15 дақиқалик ҳаракатига юқори баҳо берди - 7,5 балл. Бу эса Рим клуби вакилларига қўйилган энг юқори баҳодир. Айтганча, «А» серия ўйинларида ишлаган собиқ ҳакам Жанпаоло Кальварезе «Рома» - «Эмполи» ўйини якунида юзага келган баҳсли вазиятга муносабат билдириб, 90+4-дақиқада рақиб Шомуродовни ушлаб қолгани учун ҳакам пенальти белгилаши зарур бўлганини таъкидлади: «Сўнгги дақиқаларда «Рома» фойдасига пенальти белгиланиши керак эди. Чунки Шомуродов рақибга нисбатан яхшироқ ҳолатда эди. Ўзбекистонлик ҳужумчи тўпни эгаллади, аммо яхши теполмади, зеро, рақиб унинг елкасидан ушлаб турганди». Умуман, Элдорнинг ўйинга яхши қўшилгани Италиянинг етакчи спорт нашрларини ҳам бефарқ қолдирмади. «Рома» ва «Эмполи» ўйини охирида Элдор Шомуродов кутилмаганда майдонда пайдо бўлди ва гол уриб, мезбонларни курашга қайтарди. Унинг голи римликларда мағлубиятдан қутилиб қолиш умидини уйғотди. Ўзбек ҳужумчиси «Рома» сафида «А» серияда 834 кунлик танаффусдан кейин гол урди. У охирги голини 2022 йилнинг 14 май куни «Венеция» дарвозасига йўллаганди», - деб ёзилди жумладан, Corriere dello Sport нашрида. Бу вақтда Шомуродовга яна бир янги даъвогар пайдо бўлди - «Лечче». Хабарларда айтилишича, «А» сериянинг дастлабки 2 турида очко олиш тугул гол ҳам уролмаган жамоа раҳбарияти «Рома»га расман таклиф юборган. Аниқроғи, леччеликлар ҳамюртимизни ижара келишуви асосида ўйнатмоқчилар. Бироқ «Рома» бутун ёз бўйи Элдор бўйича тушган бундай таклифларни рад этиб келганини айтиш керак. Клуб раҳбарияти 2-тур учрашувидаги фалллиги ортидан ҳамюртимизни тўлиқ сотиш фикридан ҳам қайтар балки...
Франция. «Ланс» Лига 1да яна бир ишончли ғалабани расмийлаштирди. Жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Брест»га қарши кечган ва 2:0 ҳисобида якунланган ўйиннинг 75-дақиқасида майдонда тушди. Эътиборли томони, «Ланс» Лига 1нинг икки турида 100 фоизлик натижага эришган 4та клубдан бири бўлиб турибди. Дарвоқе, лансликлар бунга қадар Европа КЛ саралаши «плей-офф» босқичи илк ўйинида 10 киши бўлиб қолган ҳолда, «Панатинаикос» (Греция)ни 2:1 ҳисобида енгишганди. 20 ёшли ҳамюртимиз эса қизил карточкадан сўнг, яъни 26-дақиқада майдонга тушиб, ҳимояда бўшаб қолган позицияни ёпганди.
Туркия. Суперлига 3-тур ўйинлари ҳамюртларимиз жамоалари учун омадсиз келди. Хусусан, дебютант «Эюпспор»ни қабул қилган «Сивасспор» кутилмаган мағлубиятни қарши олди - 0:1. Жамоа ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев ушбу натижасиз баҳсда тўлиқ вақт давомида ҳаракатланди. Дастлабки 2та турда 1тадан гол уриб катта шов-шув кўтарган ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов («Ризерспор») эса бу сафар автогол қайд этди. Боз устига, унинг жамоаси Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Фенербахче» олдида шунчаки, «куйиб» қолди - 0:5. Умуман, ҳамюртимиз доимгидек тўлиқ вақт майдонда бўлди. Туркия Суперлигасидаги яна бир вакилимиз - Отабек Шукуровнинг кейинги тақдири ҳозирча мавҳум бўлиб турибди. Олдинроқ «Қайсариспор» ярим ҳимоячиси Туркия чемпионати Биринчи лигаси иштирокчиси «Кожаэлиспор»дан таклиф олгани ҳақида хабарлар чиққанди. Бироқ футболчининг агенти бу асоссиз эканлигини айтди: «Шукуров олдида БАА ва Саудия Арабистони клублари таклифи бор. Қолаверса, Туркия Суперлигасида ҳам унга қизиқаётган жамоалар йўқ эмас, шунингдек, Европа клубларидан чорловлар тушмоқда. Бироқ айни вақт «Қайсариспор»га трансферлар тақиқи қўйилган ва клуб Шукуровни қўйиб юбормаса кераки». Айтиш керак, «Қайсариспор» ҳозирга қадар Суперлигада 1та ўйин ўтказди ва терма жамоамиз ярим ҳимоячиси унда қатнашмади. Жамоанинг 3-турдан ўрин олган «Трабзонспор»га қарши ўйини эса номаълум муддатга қолдирилди.
Россия. ЦСКА РПЛ 6-турида «Акрон»ни қабул қилиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва турнир жадвалида 6-ўринга кўтарилди. «Ҳарбийлар» ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаев мазкур ғалабага 79 дақиқик фаол ҳаракати билан муносиб ҳисса қўшди. ЦСКА айнан ҳамюртимиз узатмасидан сўнг ҳисобни очганини алоҳида таъкидлаш керак. Sofascore Аббоснинг ҳаракатини 7,6 баллга лойиқ кўргани барчасини айтиб турибди. «Акрон»нинг янги вакили Шерзод Эсанов эса майдонга 64-дақиқада тушди ва Sofascore порталидан 6,6 балл олди. ЦСКА бош мураббийи Марко Николич ушбу ўйиндан сўнг Файзуллаевнинг сстартдаги ҳаракатларига тўхталиб, ҳамюртимиз ҳали ўзини кўрсатишига ишонч билдирганди: «Аббос қишки ва ёзги йиғинларнинг катта қисмини Осиё кубоги ҳамда Олимпиада туфайли ўтказиб юборди. Қолаверса, кўп куч йўқотди. Менимча, 1-2та нисбатан суст ўйинга қараб, ёш футболчи ҳақида салбий фикр билдириш нотўғри. Аббос креатив футболчи, ҳар куни машғулотларда қаттиқ ишламоқда. У ҳали ўсиши ва ривожланиши лозим. Яхши ўйинлари ҳам, кежалаги ҳам олдинда». Файзуллаевнинг ўзи эса ўйиндан кейин ЦСКАнинг ҳозирги ҳолатига тўхталди: «Барчаси ҳали олдинда. 100 фоиз ишончим комил - янада кучаямиз. Албатта, чемпионлик учун курашга қўшиламиз. Келажакка умид билан қараяпман. ЦСКА деярли ҳар бир ўйинда етарлича вазиятлар яратмоқда - бу муҳим. Фақат энди фойдаланиш даражасини ошириш керак. Бунинг устида ишлаяпмиз ва яқин орада муаммони ҳал қилишимизга ишонаман. Янги мураббий Марко Николич жуда жиддий, тактик жиҳатдан ҳам кучли. Футболчилар билан доимий алоқада бўлиб, ҳаммасини батафсил тушунтиради. Унинг машғулотлари анча қизиқарли. Шу билан иш интенсивлиги юқори. Менимча, машғулотларда қаттиқ ишлаётганимиз ўйинда ҳам сезилмоқда. Ўзимга келсак, асосий устунлигим яхши техника ва тезлик, менимча. Энг катта камчилигим эса ҳужумда сўнгги нуқтани қўйишда қийналаман». «Рубин»даги вакилларимиз - Рустам Ашурматов ва Умарали Рахмоналиев эса «Динамо» (Махачқалъа)га қарши кечган уй ўйини (2:0)ни тўлиқ захира ўриндиғида кузатишди.
Эрон. Про-лига 2-туридан ўрин олган «Истиқлол» - «Малаван» ўйинида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Теҳрон жамоасидаги легионеримиз Жалолиддин Машарипов бошланғич таркибда майдонга тушиб, тўлиқ вақт ҳаракатланди. Остон Ўрунов («Персеполис») ва Ўткир Юсупов («Фулад») жамоалари ҳам 2-турда дуранг натижа билан чекланди. «Персеполис» сафарда «Тракторсози»ни енголмаган бўлса (1:1), «Фулад» ўз майдонида «Рафсанжон» билан муроса кўчасини танлади - 0:0. Ҳар икки легионеримиз ўз клублари сафида тўлиқ вақт ҳаракатланишди. Алоҳида айтиш керак, Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозабони Ўткир Юсупов Эрон чемпионатининг дастлабки 2та турида гол қўйиб юбормаган ягона кипер бўлди. Юсупов бунгача «Нассажи»га қарши баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди. «Фулад» энди 30 август куни «Персеполис» меҳмони бўлади.
БАА. Ҳожимат Эркиновнинг жамоаси - «Ал-Ваҳда» мамлакат чемпионатига ғалаба билан киришди. Абу-Даби клуби ўз майдонида «Аж-ман»ни 86-дақиқада юзага келган автогол эвазига доғда қолдирган баҳсда ҳамюртимиз 88-дақиқагача тўп сурди.
Қозоғистон. Шаҳбоз Умаровнинг голи «Ордабаси»га 1 очко келтирди. ҚПЛ 18-турида «Актобе»ни қабул қилган Шимкент клуби 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Амалдаги чемпион голини 72-дақиқада урган ҳамюртимиз орадан кўп ўтмай, ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «Ордабаси» сафида яна бир легионеримиз Жасур Яхшибоев эса тўлиқ вақт майдонда бўлди. «Қайрат» вакили Иброҳимхалил Йўлдошев «Тобол»га қарши кечган уй учрашуви (2:2)да майдонга тушмаган бўлса, «Қизил-Жар» ҳужумчиси Шоҳназар Норбеков «Елимай» майдонидаги омадсиз баҳс (1:2)га 72-дақиқада қўшилди.
Бангладеш. Ўтган мавсум «Раҳматганж» жамоаси сафида тўп сурган ҳимоячи Искандар Сиддиқжонов амалдаги шартномаси муддатини 1 йилга узайтирди. Демак, футболчимиз фаолиятини Бангладешда давом эттиради.