«БГУ» ва Бобур охиригача кураш ёхуд легионерларимизда нима гаплар?

«БГУ» ва Бобур охиригача кураш ёхуд легионерларимизда нима гаплар?

Россия. «Пари НН» РПЛ 13-туридан ўрин олган «Зенит»га қарши уй учрашувида рақибга айтарли қаршилик кўрсатолмади - 0:3.

Нижний Новгород клубидаги вакилимиз Иброҳимҳалил Йўлдошев бу ўйинга 67-дақиқада захирадан қўшилди. Ҳожимат Эркинов аксинча, «Торпедо» - «Локомотив» баҳси (0:1)ни бошланғич таркибда бошлаб, 58-дақиқагача майдонда тўп сурди. Ушбу мағлубиятдан сўнг «Торпедо»нинг аҳволи янада оғирлашди - 6 очко ва сўнгги поғона. «Урал» эса сафарда «Ростов»ни 2:1 кўринишида доғда қолдирди, фақат Остон Ўрунов иштирокисиз.

БАА. «Шабаб Ал-Аҳли» ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев Про лига 6-тури доирасида «Ал-Жазира» билан бўлган баҳсда жамоаси ғалабасига сезиларли ҳисса қўшди. Аниқроқ айтсак, ҳамюртимиз 90+7-дақиқада Юсуф Жобир голига ассистентлик қилди ва Дубай клуби 2:1 ҳисобида устун келди. Леонарду Жардим жамоаси шу тариқа ўз очколари сонини 10тага етказиб олди (турнир жадвалида 5-ўрин).

Қозоғистон. «Тобол» ҚПЛ 23-турида турнир жадвали етакчиси «Актобе»ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратган ўйинда жамоа ҳужумчиси Игорь Сергеев 73-дақиқадагина майдонга тушди. Мезбонлар ғалаба голини эса 82-дақиқада нишонлашди. «Ордабаси» ҳам бу турда 3 очко ишлади. Эътиборлиси, «Шахтёр»га қарши ўйин тақдирини ҳал қилган ягона голга Шаҳбоз Умаров ҳаммуаллифлик қилди. Ярим ҳимоячимиз майдонда 75-дақиқагача ҳаракатланган бўлса, «Ордабаси»даги ҳимоячимиз Одил Абдумажидов тўлиқ вақт тўп сурди. 

Беларусь. «Энергетик-БГУ» Олий лига 25-турида Бобур Абдухолиқов урган ягона гол эвазига «Славия» майдонидан ғалаба билан қайтди. «Талабалар» сафида голеадор-ҳужумчидан ташқари, ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам тўлиқ 90 дақиқа фаоллик кўрсатди. «Энергетик-БГУ» чемпионат финишига 5та тур қолган паллада 48 очко билан 2-ўринда бормоқда. Пешқадам «Шахтёр» Сл. ҳисобида 49 очко бор. Айтиш жоиз, «Энергетик» жорий мавсум 14та ғалаба қайд этган бўлса, Абдухолиқов шундан 13тасига гол билан ҳисса қўшди. Умуман, 25 ёшли футболчимизнинг Олий лигадаги голлари сони 21тага етди. Бундан ташқари, унинг ҳисобида 6та самарали узатма ҳам бор. Қисқаси, Бобурнинг энг яхши тўпурарга аталган совринга эга чиқиши эҳтимоли жуда катта. Ҳар ҳолда, ҳозир пойгада энг яқин таъқибчисини 12та гол даражасида ортда қолдирмоқда. Табиийки, «Гол+пас» тизимида ҳам Бобур мутлақ етакчи - 27 балл.