Мухлислар эса афсонавий Жижидан тезроқ нафақага чиқишини сўрашмоқда. Хўш, ўзи нима бўлди, қандай ҳодисот кузатилди? Аввало, қисқа маълумот: Буффон ҳамон катта футбол ичида! Афсонавий дарвозабон ўтган ёзда «Ювентус» билан хайрлашиб, «В» серияга йўл олди. Сермазмун фаолиятига ўзининг илк жамоаси - «Парма»да нуқта қўйиш учун. Алоҳида айтиш керак, фахрий кипер жорий мавсум мунтазам равишда майдонга тушмоқда, лекин яқинда унда нимадир ўхшамади...
«Парма» Италия чемпионати «В» серияси 36-турида «Перуджа» меҳмони бўлди. Бу ўйин Буффон ва унинг жамоаси учун чинакам қулаш лаҳзаларига айланди. Пармаликлар 5-дақиқадаёқ пенальтидан тезкор гол қўйиб юборишди. Кейин Жижи қаттиқ уялтирди: тажрибали кипер орқага йўлланган тўпни бепарволик билан ҳимоячи томон узатишга уринди, аммо... Қисқаси, Буффон тепган тўп ёлғиз турган рақиб ҳужумчиси оёғига бориб тушди ва у бўш қолган дарвозани осонгина нишонга олди. Оҳ, бу қанақа хато Жижи?
«Парма» футболчилари иккинчи 45 дақиқаликда анча тетиклашишди, бироқ 1та жавоб голи уришдан бошқасига улгуришмади. Тамом. Кейинги мавсумда «Парма» ва Буффонни «А» серияда кутаётган бўлсангиз, буни унутинг. Зеро, вақтида еврокубокларда ҳам зафарли одимлаган жамоа «Перуджа» билан ўйиндан кейин турнир жадвалининг 13-поғонасига тушиб қолди. Дарвоқе, Жижига фаолиятидаги энг «қора» голлардан бирини «тортиқ» этган «Перуджа»да юқорига кўтарилиш имконияти йўқ эмас. «Парма» бош мураббийи Жузеппе Якини матбуот анжуманида ўйин юзасидан кўп гапирди, аммо Буффонни танқид қилгани йўқ. Клуб сайтида берилган учрашув шарҳида ҳам фахрий кипер хатоси ҳақида лоақал бир ибора йўқ.
Нима, Буффон учун катта футболдан кетиш вақти келдими? Унинг январь ойида 44 ёшга тўлганини ҳисобга олсак, бу мантиқий савол. Афсонанинг қўпол хатоси ҳақидаги хабарлар остига мухлислар томонидан ёзилган изоҳларда ҳам шу мазмундаги маслаҳат-тавсиялар етарли. Аммо Жижининг ўзи қўлқопларини ҳали михга илмоқчи эмас. Ҳар ҳолда, у январда шартномаси муддатини 2024 йилгача узайтирди. Шундай экан, агар қандайдир кутилмаган воқелик юзага келмаса, буюк Буффон 46 ёшигача ўйнайди.
Манба: championat.com,
Содиқ СОБИР тайёрлади