Буюк клубнинг сеҳрли/можароли қайтиши

Буюк клубнинг сеҳрли/можароли қайтиши

Ниҳоясига етган мавсум-2021|2022ни Чемпионшип турнир жадвалида 1-2-ўринларда якунлаган «Фулхэм» ва «Борнмут» клублари тўғридан-тўғри АПЛга йўлланма олди.

Элита учун ажратилган яна бир чипта тақдири эса 3-6-поғоналардан жой олган 4та иштирокчи ўртасидаги «плей-офф» босқичида ҳал қилинди. Ўзига хос мини турнирда эса «Ноттингем Форест» ғолиб чиқди. Тўғри, вақтида Европанинг энг кучли клуби сифатида эътироф этилган буюк «Форест»нинг элитага қайтиши можаро билан уйғунлашиб кетди.

Ҳакам 2та яққол  пенальтини белгиламади...

«Плей-офф» босқичи финалида кутилганидек, Чемпионшипнинг 3 («Хаддерсфилд») ва 4 («Ноттингем Форест»)-жамоалари майдонга тушди. Муҳташам «Уэмбли»да ташкиллаштирилган ва муросасиз тус олган баҳс тақдирини «рикошет» ҳолатидан юзага келган ягона гол ҳал қилди. Хуллас, «Хаддерсфилд» автогол туфайли АПЛ қатнашчилари рўйхатига киролмади. Ваҳоланки, бу жамоа мавсумнинг якуний 2 ойи давомида мағлубият нималигини билмаганди. Умуман, «Хаддерсфилд» бутун иккинчи давра масофасини бир маромда босиб ўтганди. Ҳал қилувчи ўйиндан кейин мухлис ва мутахассислар асосан 2та вазиятни муҳокама қилдилар. Гап учрашувнинг 73 ва 83-дақиқаларида кузатилган ҳолатлар ҳақида кетмоқда. Хулосаларга қараганда, ҳакам ҳар иккисида «Форест» дарвозаси томон пенальти белгилаши лозим эди. Чунончи, «Хаддерсфилд» ҳужумчиларини «Форест» ҳимоячилари ўз жарима майдонлари ичида чалиб йиқитишди, боз устига, тўпга тегинолмадилар. Ўйин қоидаси бузилгани яққол кўриниб турган бўлсада, VAR ҳаками Пол Тирни рефери Жонатан Моссни монитор қаршисига таклиф этмади негадир. Эътиборли томони, ҳар иккиси АПЛнинг доимий ҳакамлари гуруҳида.

Айтиш ўринли, Англияда мониторга таклиф этилган ҳакам такрорий лавҳаларни кўрганидан кейин ўз қарорини ўзгартиради, албатта. Рақамларда айтсак, АПЛнинг аввалги мавсумида реферилар 120 марта мониторга яқинлашдилар ва барча ҳолатларда бошланғич қарорларини бекор қилишди. Қисқаси, турли лигалардан фарқли равишда, АПЛда VAR фақат яққол хатолик аниқланган палладагина бош ҳакамни экранга чақиради. АПЛдаги ҳакамлик ишларини муҳокама қилиб борувчи ESPN журналисти Дэйл Жонсоннинг фикрича, дастлабки вазиятда VAR ишга аралашмаса ҳам бўлаверарди, лекин 2-ҳолат шубҳасиз, пенальтига тортарди: «VAR иккинчи вазиятда 11 метрлик нуқтага ишора қилиши шарт эди». Қизиғи, 51 ёшли Мосснинг ҳакамлик фаолияти шу можароли ўйин билан ниҳоясига етди. Унинг финалдан ке­йин АПЛ ҳакамлари менежери лавозимини эгаллаши олдиндан эълон қилинганди. Қисқаси, Чемпионшип «плей-офф» босқичи финали Мосс­га хайрлашув учрашуви сифатида топширилганди.


«Ноттингем Форест»  180 млн. фунт олади
Ҳа, АПЛнинг 3-йўлланмаси соҳиби етакчи учлик вакилига хос ўйин кўрсатолмаган бўлсада, якунда катта рағбатга эга чиқди. Умуман, мавсум давомида ҳам «Форест»нинг элитага қайтишига ишонч йўқ эди. Таркибнинг умумий қиймати бўйича Чемпионшипда 5-клуб саналган Ноттингем дружинаси натижа бобида етакчи бешликдан четда қолди. Масалан, очколар сони бўйича 6-натижани қайд этди, лекин нақ 11та жамоадан кўпроқ гол қўйиб юборди. Тўғри, «Форест» маҳсулдорлик бобида анча тетик кўринди - 73та гол (лигада 3-яхши кўрсаткич. 

Жамоа ўйинидаги ижобий ўзгаришлар бош мураббий лавозимига Стив Купернинг тайинлангани билан изоҳланади. У 2021 йилнинг сентябрь ойида бошқарувни қўлга олганида, «Форест» 8та турдан кейин сўнгги - 24-ўрин (!!!)да бораётганди. Ўша пайт клубнинг элитага чиқишидан кўра, Чемпионшипда қолиш-қолмаслиги муҳимроқ масала эди ўз-ўзидан. Қарангки, «Форест» якунда АПЛ йўлланмасини қўлга киритди. Купер очиқ футбол тарафдори - бунга унинг жамоаси кўп гол уриш баробарида кўп қўйиб юборгани ҳам далолат. Мураббий бу борада унга испаниялик касбдоши Хосе Сегура кучли таъсир кўрсатганини ошкора тан олганди. Улар «Ливерпуль» академия­сида ҳамкорлик қилишган. Ҳужумкор услуб футболчилар маҳоратини оширишда ҳам муҳим роль ўйнагани та­йин. Энди «Форест» вакилларига харидорлар кўп. Жамоа Англия кубогида «Арсенал» ва «Лестер» каби рақибларни маҳв этгач, эътибор даражаси янада ошди. Дейлик, ўнг қанот ҳимоячиси Жед Спенс анчадан буён АПЛнинг кучли клублари назарида. Аслида «Форест»нинг энг қимматбаҳо футболчиси - ҳужумкор ярим ҳимоячи Бреннан Жонсон (15 млн. евро). Уэльс терма жамоаси сафида 10 марта майдонга тушишга улгурган 21 ёшли иқтидор 19та гол ва 9та самарали узатма билан Чемпионшипнинг энг эффектли ёш футболчиси бўлди. Ҳозирда Жонсонга «Эвертон» бефарқ эмас, лекин «Форест»да ўз етакчиларини қўйиб юбориш нияти йўқ. Чунончи, клуб бюджети трансферларсиз ҳам сезиларли даражада катталашди. Ҳар ҳолда, «Форест» Чемпионшип «плей-офф» босқичи финалидаги ғалаба ва АПЛга чиққани ортидан 180 млн. фунт олади.

Клоппни нега уялтиришди? 
Якунланган мавсум «Арсенал» ва «Лестер»ни Англия кубоги турниридан чиқариб юборган «Форест» кейинчалик нуфузли совриннинг бўлажак соҳиби «Ливерпул»га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Ўша учрашув арафасида касб­дошларимиз Юрген Клоппга «Форест» ҳақида савол беришганида, у рақиб ҳақида ҳеч қандай маълумоти йўқлигини айтди: «Ноттингемни фақат болалик пайти ўқилган Робин Гуд орқали биламан...». Клопп мазкур шаъмаси туфайли мухлисларнинг жиддий танқидларига учради: «Ноттингем»да Европанинг энг яхши жамоаси мақоми сеникидан кўпроқ, Юрген

«Форест» ЕЧКнинг икки карра ғолиби
Ҳа, 1979 ва 1980 йилларда асосий  еврокубок - ЕЧК турнирида айнан «Ноттингем Форест» ғалаба нашидасини сурган. Эътиборлиси, «Мальмё» (Швеция) ҳам, «Гамбург» (Германия) ҳам финалда Анг­лия чемпионига бир хил - 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Ўша зафарнинг бош ижодкори - Брайан Клаф. Ушбу мутахассис мухлисларни жуда кўп лол қолдирган: иккинчи лигадан чиққан «Дерби Каунти» бошқарувида Англия чемпионатида ғолиб чиққан мураббий мақомида «Форест»ни қабул қилгани, янги жамоасини элитага олиб чиққани ва бош сов­рин сари етаклагани билан. Клаф шундан кейин клуб футболидаги энг нуфузли совринга ҳам қўл чўзганди. Табиийки, ўрни келганда, Клоппга  «Форест» ношуд жамоа эмаслигини ҳам тушунтириб қўйишди. Шу тариқа германиялик мураббий май ойи охирида тўсатдан «Ноттингем Форест»­ни эслаб қолди ва тақдимот маросимида хатосини тан олди: «Барча касбдошларимга каттакон раҳмат. Мисол учун, Стив Купернинг амалга оширган иши ақлга сиғмас ҳодисалар сирасига киради». Дарҳақиқат, Стив Купер жамоасининг мавсум стартидаги муваффақиятсизликдан кейин АПЛга йўл олгани - ақл бовар қилмас воқелик.

Содиқ СОБИР тайёрлади