Экспертларни эсанкиратган зафарли юриш

Экспертларни эсанкиратган зафарли юриш

Мана, Париж-2024 тарихга айланди. Янги Ўзбекистон спорти ёзги Олимпиада зарварақларига зафар солномасини битди.

Мамлакатимиз спортининг экспертларни эсанкиратган ютуқлари ўзига дадил йўл очаётган ирмоқдан аста-секин шиддатли дарёга айланиб, кўпириб тошаётган тўлқинлари атрофдагиларни ҳайратлантираётган улкан оқимни эслатади гўё. Амалга оширилаётган ислоҳотлар ниҳоят, ўз сўзини айта бошлади.

Муборак саккиз олтин

Янги Ўзбекистонга.

Бўлмаган бундан олдин

Муносиб янги шонга.

Ўзбек бардам бонг урди

Парижда байрам бўрон.

Шоҳсупада шод турди

Бир хоним етти ўғлон. 

Ҳакамлар ёқа ушлар

Рақиблар турар таслим.

Кўрсатиб қўйишди-ку

Ўзбекнинг асл наслин.

Йўқолмаган аслида 

Тирик Турон йўлбарси.

Ўтказилди Парижда

Ўзбекча бокс дарси.

Алпомишлар боради

Қадами ботмон-ботмон.

Анграйишиб қарашар

Инглиз, фаранг, олмон.

Етти ёшда Алпомиш

Ўйнаган бирини камон.

Камоннинг оғирлиги

Бўлганди ўн тўрт ботмон.

Ўн тўрт ботмон дегани

Ортиқ икки тоннадан.

Уни кўтарган ботир

Туғилган алп онадан.

Йиқилгай кўкалдошлар

Алпомишлар муштидан.

Бугунги баҳодирлар

Ўшаларнинг пуштидан.

Нокаутга учрайди

Ким назарга илмаса.

Енгишдан бошқасини

Нима қилсин билмаса?!

Болалар Ҳасанбойнинг 

Қўлидан ушлашади.

Ва унга ҳавас ила

Анжанча муштлашади.

Диёрадек тап тортмас

Юртимизда қизлар кўп.

Чемпион бўламиз деб

Болалар тепишар тўп.

Бўлмаган бунақаси

Бўлмаган бундан олдин.

О, Янги Ўзбекистон,

Муборак саккиз олтин.

Атлетларимизнинг Париж-2024даги  ютуқлари яна бир бор шуни исботладики, спорт адолатни, эътибор ва эътирофни ёқтиради. Адолат, эътибор ва эътироф бор жойда зафар тантанаси янграйверади. Диёра Келдиёрова Париж-2024да мамлакатимиз спорт коллекциясига илк олтин медални тақдим қилганида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг унга алоҳида ташаккур билдиргани, жасур қизимиз билан фахрланишини мағрур таъкидлагани бутун хал­қимизни тўлқинлантирди. Шундан кейин ҳам вакилларимизнинг ҳар бир ютуғи давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмади. Президент қутловларида уфурган ифтихор ва севинч мамлакатимизнинг барча ҳудудлари мутасаддиларини оёққа қалқитди, Олимпиадада соврин ютган спортчиларимиз оила аъзолари ва яқинларини ҳаяжонга солди. Улуғвор ютуқлар Ватан ва халқ бирлиги тантанасининг юксак рамзи эканлиги шу жараёнда яна бир бор кўзга ташланди. Назаримизда,  спортчиларимизнинг Париж-2024даги фав­қулодда зафарли иштироклари таъсирида халқимиз ўз вужудида янги қудрат сезди, янги энергия тўплади ва шу қудрат, шу энергия самараси ўлароқ, тараққиётнинг янги марралари сари отланди. Очиғи, авваллари бунақаси кам кузатилган. Спортнинг халқ ва ватан бирлигини мустаҳкамловчи, унга куч берувчи беқиёс таъсири Янги Ўзбекистон мисолида яна бир бор ўз исботини топди. Мухлисларимизга сир эмас, буларнинг барчаси спортдаги ҳалол рақобат ва адолатли муносабат самарасидир. Тўғри, бокс мусобақаларидаги етти вазн тоифасидан бештасида ўзбек атлетларининг ға-лаба қозонишгани ҳақиқатан ҳам, феноменал ҳодиса. Бу жараённи ҳар қанча олқишласак, ҳар қанча тараннум этсак арзийди. Бироқ шу аснода эътироф этиш керак, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Лазизбек Муллажонов, Асадхўжа  Мўйдинхўжаев, Абдумалик Халаков ортида ҳали истеъдоди очилмаган ва пайт пойлаётган ўнлаб, юзлаб чемпионлар турибди. Оддий ифода этганда, бизда кескин рақобат борлиги ва бўлгани учун ҳам боксчиларимиз Парижда бутун дунё спорт аҳлини ҳайратлантиришди.

Париж-2024 футбол турнирида Испания терма жамоасининг олтин ютгани Темур Кападзе бошқарувидаги йигитларимизнинг имкониятлари аслида бошқаларникидан кам бўлмаганини кўрсатиб қўйди. Зеро, вакилларимиз испанияликлар билан тенг­ма-тенг ва баъзи дақиқаларда улардан ортиқ даражада тўп суришганди. Мағлубиятлар алами хуруж қилиб турган бир паллада буни пайқаш ва эътироф этиш қийин кечди барчамизга. Энди адолат юзасидан айтиш мумкин, Темур Кападзе шогирдларига ҳам мамлакат миқ­ёсида алоҳида эҳтиром кўрсатиш ғоят ўринли иш бўларди, бизнингча. Яна бир бор такрорлаймиз, бу жамоа йиллар давомида интиқ ва интизор кутилган ишни амалга оширди, яъни Парижга бориб, кучли рақиблардан ҳеч бир чўчимай шаҳд-у шиддат билан тўп сурди. Асосий факт - шу ёшлар ўзларидан аввалги олимпиячилар амалга оширолмаган қийин ва мураккаб ишни уддалашди. Демакки, берилган мукофот пули камлиги билан боғлиқ иддаоларни тўғри тушунишимиз ва буларга нисбатан кескин танқидий муносабат билдирмаслигимиз даркор. Унутмайликки, айнан шу йигитлар келажакда футболимиз тараққиётини белгилаб беришади. Бугун уларни яна бир бор қўшимча рағбатлантирсак, хизматларини эътироф этсак, эртага самарасини кўрамиз, албатта. Бағрикенг бўлмоқ ва ёшларни қўллаб-қувватламоқ аслида футболимиз тараққиёти учун замин ҳозирламоқликдир. 

«Насаф» - «Пахтакор» ўйинида энди собиққа айланган олимпиячиларимиз алоҳида ажралиб туришди. Айниқса, Абдувоҳид Неъматовнинг сўнг­ги дақиқаларда кўрсатган «сейв»лари унга нисбатан ишончимизни янада мустаҳкамлади. Гап «Насаф»нинг ғалабаси ёки «Пахтакор»нинг мағлубиятида эмас, балки миллий жамоамиз дарвозабонлари муҳитида зарур рақобат руҳи ҳукм сураётганидадир. Мухлислар Жасур Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаев ҳам «Нефтчи»нинг асосий таркибида шундай фаоллик кўрсатишларини кутишганди. Аммо ҳар икки футболчи жамоа таркибида кўринмади. Ўйлаймизки, айрим мутасаддилар ва мухлислар томонидан айтилган танқидий гап-сўзлар уларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказмайди. Спортдаги шафқатсиз ҳақиқат шуки, танқидлардан устун туриш ва ҳар қандай вазиятда олға бориш учун ўзида куч топиш - янги ғалабалар, эътироф, олқишлар пойдевори. Адекват мулоҳаза юритувчи мухлислар Темур Кападзе ва айрим олимпиячиларимизнинг Париж-2024даги яшаш ва овқатланиш билан боғлиқ ноқулайликларни ҳеч бир яширмай, очиқ-ошкора айтишганини маъқуллашади, албатта. Олимпия шаҳарчасида яшаш ҳадисини олган ва бу борада уч марта қайта-қайта тажриба тўплаган Баҳодир Жалолов қийинчиликларга учрамаслиги ёки уларни писанд қилмаслиги турган гап. Балки шунинг учундир у ўз фикрини кескин тарзда айтиб юборди. Ҳарқалай, боксимиз фахри қайсидир спортчимиз яшаш ва овқатланиш билан боғлиқ  ноқулайликни бошдан кечирганини хаё­лига ҳам келтирмаган бўлса керак. Илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган футболчиларимиз ва уларнинг раҳбарларида эса табиийки, Баҳодир Жалоловдаги тажриба етишмади. Келинг, тажрибасизлик ва унинг таъсирида ноқулайлик ҳақида бор гапни айтишгани учун йигитларимизни ортиқча айбламайлик. Нима бўлганда ҳам, барчаси ортда қолди. Айрим тушунмовчиликлар холисона бартараф этилишига ишончимиз комил.

Мулоҳазаларимиз аввалида қалбимизга сиғмаётган чексиз сурурни бежиз шеърий мисраларда ифодаламадик. Энди навбат ҳар бир ғолиб спортчимиз ҳақидаги  таҳлилий мақолалар, тадқиқотлар, очерклар, эссе ва бадиий асарларга. Замонамиз қаҳрамонлари шу йўл билан мамлакатимиздаги ҳар бир оила ва хонадонга кириб боришади. Уларнинг ғалабалари ёшларни бўлажак чемпионлик марраси сари илҳомлантиради, албатта.

Муҳаммад ВАЛИ