Сон Хюн Мин
Яқинда Жанубий Корея терма жамоаси қароргоҳида бўлган «Тоттенхэм» ҳужумчиси бармоғининг шикастланиши ҳикоямизга туртки бўлди. Осиё Кубоги турнирининг Иорданияга қарши ярим финал беллашуви арафасида «ПСЖ» ўйинчиси Ли Канжин бир нечта футболчилар билан терма жамоадаги кечки таомланишдан кейин пинг-понг (стол тенниси) ўйнашга қарор қилишди. Сон таклифга қўшилмагач, ўртада муштлашув юзага келди ва у бармоғидан жароҳат олди. Бир оздан сўнг, шоввозлар ярашиб олишди.
Кирк Бродфут
2009 йилда «Глазго Рейнжерс» ҳимоячиси микротўлқинли қайнаткичда тухум пиширишни мўлжаллаганди. Бироқ қайнаткич эшикчасини очганида, тухумларнинг биттаси пақиллаб ёрилди. Оқибатда қайноқ сув Бродфутнинг юзига жароҳат етказди ва у шифохонага йўл олди.
Карлос Тевес
2018 йилда «Бока Хуниорс» таркибида тўп сурган аргентиналик ҳужумчи бир куни қамоқхонада ётган акасидан хабар олгани бориб, у ердан мушаклари шикастланган ҳолда қайтганди. Бу борада икки хил тахмин бор - Карлос турмада маҳбуслар билан футбол ўйнаган ва жароҳат олган ёки қамоқхона ҳудудида жанжалга аралашиб қолган. Қисқаси, Тевес 3 ҳафта майдонга туша олмай, «Бока» мураббийларини ранжитганди.
Сэм Хендерсон
Тевес жароҳат олишидан бир ой муқаддам Шотландиянинг «Куин оф зе Саут» клуби дарвозабони фермага борганида, қўққисдан уни сигир сузиб йиқитганди. Айтишларича, Хендерсон ўрнидан тургач, сигир яна ҳамла қилишга отланган, лекин дарвозабон қочиб кетишга муваффақ бўлган экан.
Дариус Васселл
2002 йилда футболчи нотўғри ўсган тирноғидан фориғ бўлиш ниятида тирноқни дрель ёрдамида кесишга уринганди. Лекин буни уддалай олмаган, тирноқнинг қолган қисми эса яллиғланиб, ярага айланганди. Якунда Дариус «Астон Вилла» шифокорларига мурожаат қилишга мажбур бўлган ва бир ой давомида майдонга туша олмаганди.
Марко Асенсио
Оёқларини қириб тозалаш чоғида инфекцияни юқтириб олган испаниялик футболчи «Реал»нинг «Апоэл»га қарши беллашувида майдонга туша олмади. Чунки оёқларидаги оғриқ туфайли гетра тақишнинг иложи бўлмаганди.
Дэйв Бизант
«Челси»га қайтган Бизантда иккинчи марта асосий дарвозабон мақомини олиш имконияти пайдо бўлганди. Бироқ бунга соусли банка халал берди. Кўтариб кетаётган банкани қўлидан тушириб юборган посбон уни оёғи билан илиб олмоқчи бўлди. Лекин 2 кг. оғирликдаги банканинг зарбидан бармоғи синиб қолди. Якунда Дэйв яна «Челси» учун кераксиз бўлиб қолди.
Сантьяго Канисарес
Бу жароҳат Канисаресга жуда қимматга тушган - арзимас шикастланиш туфайли «Валенсия» дарвозабони жаҳон чемпионатини томошабин мақомида кузатишга мажбур бўлганди. У атир шишасини оёғига тушириб юбориши оқибатида чандир пайларини кесиб олганди. Сантьяго ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутишга уринди, кейинги мундиалларда майдонга тушишини айтди. Бироқ Икер Касильясдек рақобатчи бунга имкон бермади.
Шинжи Кагава
Япониялик футболчи «МЮ»да ўзини кўрсата олмади, лекин бўкиб қолиш билан унутилмас из қолдирди. «Эвертон»дан қабул қилинган мағлубият аламини Шинжи таомга қўшиб еб юборишга қарор қилди, лекин ошириб юборди - шунчалик кўп едики, ошқозонини ювиб тозалашга тўғри келди.
Ричард Райт
3 йил аввал жомадонини олиш учун чердакка чиққан ва йиқилиб тушган Райт яна эътиборсизлик оқибатида «Эвертон» ва «Челси» ўртасидаги Англия Кубоги турниридаги такрорий учрашувни ўтказиб юборди. Машғулот пайтида у агрономлар қолдириб кетган «Газон устида юрманг» ёзувли тахтачага қоқилиб, тўпиғидан жароҳат олганди.
Майкл Стенсгаард
Бу воқеа ҳам дарвозабон билан боғлиқ. Майкл 1994 йилда ўз уйидаги дазмоллаш мосламаси ўрнини ўзгартиришга қарор қилиб, уни кўтариши оқибатида елкаси чиқиб қолганди. Шундан бери даниялик дарвозабон уй ишлари билан шуғулланмайди.
Свейн Грондален
Норвегия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси 1973-1984 йиллар оралиғида миллий жамоа таркибида 77 марта майдонга тушганди. Свейн ҳеч бўлмаганда яна бир учрашувда иштирок этиши мумкин эди, агарда ўрмондаги машғулотда йиқилиб тушмаганида. Қизиғи, у ерда ухлаб етган лосга қоқилиб кетган, бундан дарғазаб бўлган жонивор футболчини қува бошлаганди. Оқибатда, қочиб кетаетган Свейн дўнгликда яна йиқилиб, оёғидан жароҳат олганди.
Алан Райт
Бўйи 163 см.ли футболчи Англия футболидаги энг пакана ҳимоячи эди. У ўз автомобилини бошқариш чоғида газ тепкисига оёғи етмагани туфайли тиззасидан жароҳат олганди.
Эвер Банега
«Валенсия»нинг аргентиналик собиқ ўйинчиси автомобилига ёнилғи қуйиш мақсадида машинадан тушган, лекин қўл тормозини тортиб қўйишни унутганди. Оқибатда, машина юриб кетган ва олдинда кетаётган соҳибининг оёғини шикастлаганди. Шундан кейин Эвер 6 ой майдонга туша олмаган.
Дэвид Бэтти
«Лидс»нинг собиқ ярим ҳимоячисининг оёғига 3 ғилдиракли велосипедда сайр қилаётган 2 ёшли ўғли жароҳат етказган.
Пауло Диого
«Серветт» ярим ҳимоячиси голни нишонлаш учун майдон четидаги сим тўсиқ устига чиққанди. Лекин тўсиқдан пастга сакраш пайтида бармоғидаги никоҳ узуги симга илиниб қолганини сезмаган ва бармоғидан жудо бўлганди.
Даррен Барнард
«Барнсли» ярим ҳимоячиси уйида ит боқарди. Бир куни кучуги ошхона полини ҳўллаб қўйган, бундан бехабар бўлган Даррен эса сирпаниб кетиб йиқилган ва тиззасидан жароҳат олганди. Шу сабабли футболчи 5 ойни кучуги билан ўтказишга мажбур бўлганди.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади