Англиялик ҳимоячи manutd.one сайти журналистлари билан суҳбатда танқидлардан безиб кетганини тан олди. «МЮ» сардори шунинг баробарида энг катта танқидчиси ўзи эканлигини ва ҳамиша қийинчиликлар билан охиригача курашишга одатланганини таъкидлади.
- Бутун мавсум давомида янграган танқинлар, таҳдидлар ва калакалар ўйинингизга нечоғли салбий таъсир қилди?
- Ҳаммасининг чегараси бўлиши керак. Ахир барчамиз аввало, инсонмиз. Менда ҳам оила бор. Салбий муносабатлар менга қанчалик таъсир қилгани ҳақида кўп сўрашади. Характерим метин ва салбий фикрлар туфайли бўшашиб қолмайман. Аммо бомба қўйиш таҳдиди... Ахир гап оилам ҳақида кетяпти. Хайриятки, фарзандларим ҳозир янгиликларни ўқийдиган, телевизорда кўрадиган ёшда эмаслар. Агар улар каттароқ бўлишганида, буларни англаб, қандай ҳолатга тушардилар? Таҳдидчилар масаланинг шу томонини ҳам ўйлашлари керак-ку...
- Умуман, танқидларга муносабатингиз қандай?
- Бу йилги ҳолатимга қарасак, барчасини тўғри тушунаман. «МЮ»нинг трансферимга катта пул тўлагани ҳам рост. Гап дунё футболидаги энг севимли, шунинг баробарида энг ёмон кўриладиган клублардан бири ҳақида кетмоқда. Жамоамизга кучли эътибор борлигини яхши биламиз. Хатога йўл қўйсам ва дарвозамизга гол урилса, танқидни мутлақо тўғри қабул қиламан. Ҳар ҳолда, муайян вазиятда яхшироқ ўйнашим мумкинлигини ўйлайдиган ёшдаман.
- Жамоангиз «Ливерпул»га 0:4 ҳисобида енгилганидан кейин турли таҳдидлар кучайди. Оқибатда оила хавфсизлигини таъминлаш учун полиция ёллашга ҳам мажбур бўлдингиз. Бундан бир ой аввал «Уэмбли»да Кот-д`Ивуар термасига қарши кечган ўйин олдидан таркиб билан таништириш чоғи кучли ҳуштакбозликка ҳам йўлиққандингиз...
- Аслида мухлислар билан жуда яхши муносабатдаман ва кичик гуруҳчаларнинг орамизни бузишига йўл қўймайман. Ҳа, менга негатив муносабат шакллантираётганлар гуруҳида неча киши борлигини билмайман. Дейлик, Кот-д~Ивуар термаси билан ўйинда асосан 10-20 нафар мухлис ҳуштак чалди. Очиғи, бундан бироз ҳайратга тушдим. Йўқ, ортиқча ранжимадим, жаҳлим ҳам чиқмади, шунчаки, яқинларим ва дўстларим стадионда ёқимсиз ҳолатни бошдан кечиришганини ўйлаб, сиқилдим. Масаланинг яна бир томони бор: ўша куни таркиб асосан ёшлардан тузилган, қолаверса, трибуналарда ҳам мухлисчалар жой олишганди. Биламизки, кўплаб болалар миллий жамоа футболчиларини кузатиб, келажакда Англия учун ўйнашни орзу қилишади. Улар жамоада 5 йил ўйнаган футболчига хунук муносабатни кўриб, ҳафсаласизликка тушишмайдими? Эҳтимолки, аренадаги ҳуштакбозлик ёш футболчиларга ҳам таъсир қилгандир. Айнан шуниси хавотирли ва бу мени ранжитади, албатта. Барчасини жамоа ичида муҳокама қилдик. Ишонаманки, бизни олдинда яхши муносабатлар кутиб турибди. Зеро, англиялик мухлислар футболни чинакамига севишади, жамоани қўллаб-қувватлашни ўрнига қўя олишади. Фақат айрим бузғунчилар муҳитга путур етказишмаса, бас.
- Якунланган мавсум хулосалари ҳақида нима дея оласиз?
- Энг катта танқидчи - ўзимман. Ҳа, танқидлар кўпайганидан кўпайди, лекин энг катта танқид ўзимдан чиқади! Иккинчиси, эҳтимол, отамдир. Агар бундай ҳолат фаолиятимнинг бошида кузатилганида, жиддий хавотирга тушардим, албатта. Лекин ҳозир 29 ёшдаман, ёмон вазиятларни бошдан ўтказишга улгурдим ва уларни қандай енгишни биламан. Ишончим комил, яқин орада яна энг яхши ўйинларимни кўрсата бошлайман.
«МЮ» сардори спорт формасини пасайтиргани оқибатида ҳам клуби, ҳам Англия миллий жамоаси мухлислари томонидан кўп марта калака остига олинди. Фанатлар ҳаттоки, 20 апрель куни Гаррига кучли таҳдид йўллашгача боришди: «Уйингга бомба қўямиз». Бу энг ёқимсиз ҳолат, албатта.