Гўзал муҳит белгиси

Гўзал муҳит белгиси

Берлиннинг «Унион» клуби Германия кубоги 1/8 финал босқичида «Вольфсбург»ни курашдан четга чиқариб юборди - 2:1.

 Учрашувнинг энг нозик ва гўзал лаҳзаси эса 90+5-дақиқада юз берди. Яъни «Унион» ҳимоячиси қарши ҳужумда бўш қолган дарвозага гол уролмади. Шундан сўнг клубда ноёб ички муҳит шаклланганини тасдиқлаган чиройли бурилиш кузатилди.

Ушбу трагикомедия видеоси ижтимоий тармоқларда роса «айланди». Энди тафсилотларга тўхталсак, ҳисобда ортда бораётган «Вольфсбург» сўнгги дақиқаларда кутилганидек, бутун жамоа бўлиб ҳужумга отланди ва охирги лаҳзада бурчак тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Табиийки, бу ҳолатда дарвозабон Павао Перван ҳам рақиб жарима майдони сари шошилди. Бироқ «бўрилар» хавфли вазият ярата олишмади, аксинча, мезбонлар қарши ҳужумга отланиб, Нико Ковач жамоаси дарвозаси олдида реал имконият ҳосил қилишди. Ҳамлада «Унион» ҳимоячиси Йосип Юранович ҳаммасини аъло даражада бажарди: тўпни эгаллаб олиб, уни қанот бўйлаб майдоннинг иккинчи ярмига ташлади - 90-дақиқадагина ўйинга қўшилган ва олдинга ўтган яна бир ҳимоячи Жером Руссийон учун идеал узатма.

Руссийон ҳам тўпни хотиржам қабул қилди, бироқ негадир уни бўш қолган дарвозага йўллашни пайсалга солди. Оқибатда «Вольфсбург» ҳимоячиси Микки ван де Вен дарвоза чизиғига етиб келди ва франциялик футболчининг оҳиста зарбаси йўлини тўсишга улгурди. Шу лаҳзада ҳакамнинг финал ҳуштаги янг­ради ва «Унион» футболчилари омадсизликдан уялиб, майдонга ётиб олган Русси­йон томон югуришди. Албатта, унга тасалли бериш ва чорак финал йўлланмаси қўлга киритилганини бирга нишонлаш учун. Жером ҳам тезда ўзини ўнглаб, ўрнидан турди. Кейин Юранович тўпни дарвоза олдига қўйиб, Руссийонни зарба беришга чорлади ва у худди шундай қилди - норасмий гол! Муҳими, «Унион» мухлислари бунга нисбатан ҳақиқий гол реакциясини кўрсатишди ва франциялик аввалига қўлларини кўтарганча узр сўради, кейин трибуналарни олқишлади.