Келажакка инвестиция – энг тўғри йўл

Келажакка инвестиция – энг тўғри йўл

«Пахтакор» Саудияга Саудия клубини енгиш учун борганга ўхшайди.

Босимсиз ўйнаса, мезбонлар дарвозасига 5талаб гол урса бўлар экан. Ёшларига кўпроқ эътибор қаратса, кам ҳам бўлмайдигандек. «Пахтакор» қайсидир маънода «Насаф»га ҳам қисман ёрдам берди.

***

- Охирги 3 йилда «Шўртан» билан жиддий ишладик. Клуб росманасига ботқоққа ботиб қолганди (ботқоққа ботирган айримлар бугун бизнинг асосий танқидчиларимиз ҳисобланишади). Жамоа тепасига Шамиль Ярулин келгач, ишда силжиш кузатилди. Мутахассис Ғузор - Тошкент йўналишида тиним билмади. У узоқ йиллар «Насаф» клубида ҳам меҳнат қилган, академия, стадион, база каби объектларга меҳнати сингган. Бугун «Шўртан»да қарздорлик йўқ. Бугун «Шўртан» академиясидан фойдаланишни бошлаган. Бугун «Шўртан» академия моддий техник-базасига, тарбияланувчилар уст-бошига, уларнинг еб-ичишига эътиборни тиклаган. Ишонамизки, яқин 5 йилдан ке­йин бунинг самараси кўринади. Мазкур йўналишда «Ҳудудгазтаъминот» клубга катта ёрдам бераётганини айтиш керак. Асосий таркиб натижаларида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилиши учун вақт керак. Зеро, «Шўртан» бор маблағини эски қарзлар ва келажак ёшларига йўналтирди. Табиийки, асосий таркибда пул ҳам, шароит ҳам катта эмас. Аммо келажакка қилинаётган инвестиция — энг тўғри йўл. Ёрқин мисол — «Насаф».

***

- 2019 йил 4 декабрдаги Президентнинг 5887-Фармонига кўра, Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини олиб боришга рухсат берувчи лойиҳа ишлаб чиқилиши керак эди. 2022 йил 6 апрелдаги Президентнинг 98-Фармони иловаси билан Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини олиб бориш ғояси бекор қилинди.

***

- Футболдаги каламушлар масаласига кўп тўхталамиз. Улар кемириб кетаверадилар, оқибатда сармоядор қатламнинг кўнгли футболдан қолади, футбол деса одамлар энсаси қотади. Бухоро вилояти ҳокими ёки БНҚИЗ раиси билан учрашганимизда, уларнинг кайфияти шундай эди. Биз футболнинг реал аҳволи, сабаблари, принципларимиз, режаларимиз ва йўналишимиз ҳақида тушунтирдик. Уларда бир қадар ишонч қайтгандек бўлди. Ҳозир қадамма-қадам клуб билан муаммоларни ҳал қилиб келмоқдамиз. Ҳар куни алоқадамиз. Бухорога футбол қайтяпти. Бунинг қадрига етиш керак. Ривожланишнинг энг яхши йўли — жилла қурса, аввалги хатоларни такрорламаслик. 

P.S.: стадионда ҳаммаси яхши. Фақат сўнгги илтимосимиз қолди. Умид қиламизки, тез орада мухлислар ва стадион ўртасидаги катта тўсиқлар қисқартирилади. Биринчидан, бу тўсиқлар оломонни ушлаб қолувчи куч эмас. Иккинчидан, футбол айнан мухлислар учун ўйналади. Ўртамизга девор қуриб олишимиз эмас, таълим, тўғри йўналиш, илиқ муносабатлар ўлароқ, уларни тартибга солиб боришимиз керак.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ