Нега Тошкент ёки Туркияда эмас? Мезбон - КХДР термаси ўз уйида ўйнолмайди ва шунинг учун нейтрал ҳудудни танлайди. Корейсларга бизни қайси давлатда қабул қилишларини кўрсатишга ҳаққимиз борми? Кимдир сизга уй учрашувини қаерда ўтказиш масаласида ўз сўзинини ўтказишга уринишини бир тасаввур қилинг-а....
***
Тушунинимча, Ўзбекистон термаси менежерлари Саудия Арабистони вариантини бежиз ёқламаяптилар. Чунки жамоамиз 14 ноябрь куни Дохада ўйнайди. Албатта, кейинги ўйинга учиш учун кетадиган вақт ўртасида фарқ бор - 1 ёки 7 соат. Аммо гап шундаки, тақвимга кўра, КХДР термаси 14 ноябрь куни Эрон жамоасини қабул қилиши керак. Шимолий кореяликларнинг ҳар икки уй учрашувини бир жойда ўтказишни исташлари мантиқан тўғри. Қисқаси, Таиланд уларнинг ўринли танловларидек кўринмоқда. Дарвоқе, нейтрал майдонда ўйнашга мажбур яна бир жамоа - Фаластин термаси илк уй учрашуви учун Куала-Лумпурдаги стадионни танлади. Демак, 10 сентябрь куни Фаластин ва Иордания термалари ўртасидаги учрашув Малайзия пойтахтида бўлади. Шунинг баробарида фаластинликлар 5 сентябрь куни Ж.Кореяда, иорданияликлар эса ўз майдонларида (Қувайт термасига қарши) ўйнашди. Маълум бўлишича, фаластинликлар 2-тур ўйини манзили парвозига рақибларидан бироз камроқ вақт сарфлашади. Фаластин футбол ассоциацияси учрашув мезбони эканлигини ҳисобга олсак, бу мантиқан тўғри. Агар фаластинликлар исталган араб мамлакатини танлашганида, Иордания термаси ўйинга тайёргарлик кўриш, иқлим ва вақт тавофутига мослашиш масаласида устунликка эга бўларди.
КХДР термаси нега ўз майдонида ўйин ўтказолмаслиги ҳақида сўрашмоқда. Тушунишимча, Шимолий Корея ҳукумати томонидан халқаро мусобақаларни қабул қилиш бўйича тақиқ қўйилган. Шу сабабдан ҳам аёллар термаси февраль ойида Олимпиада-2024 саралашидан ўрин олган Япония жамоасига қарши ўйинни Саудия Арабистонида ўтказди. Бундан олдинроқ КХДР футбол федерацияси ОФКдан ЖЧ-2026 саралаш турнирида Сурия термаси билан уй ўйинлари тартибини алмаштиришни сўраган ва иштирокини 3та сафар учрашуви билан бошлаганди. Март ойида Токиода 3-тур ўйини бўлиб ўтган вақт эса КХДР футбол федерацияси вакиллари япониялик ҳамкасбларига 5 кундан кейинга қўйилган жавоб баҳсини ўз юртларида ташкил этолмасликларини маълум қилишганди. Улар яна Японияда ўйнаш таклифини илгари суришди. Айтишларича, бу японлар учун катта «сюрприз» бўлган. Якунда ўйин умуман бекор қилинди ва КХДР термасига мағлубият ёзилди. Шимолий кореяликлар қолган 2та уй ўйинини эса Лаосда ўтказишди. Корейслар 10 сентябрь куни Қатар термасини айнан шу мамлакатда қабул қилишади. Эрон ва Ўзбекистон термаларига қарши баҳслар манзили ҳам яқин кунларда маълум бўлиши керак.
***
Ҳафтада бир мавзуда икки янгилик:
- «Спорт ТВ» футзал бўйича ЖЧ ўйинлари трансляция ҳуқуқини олди.
- «Зўр ТВ» Ла Лига ва ҳаттоки, Европа ЧЛ трансляция ҳуқуқини қўлга киритди.
«Зўр ТВ» футзал мундиалига ҳам даъвогар эди, бироқ канални фақат Ўзбекистон термаси ўйинлари қизиқтирган. Қолаверса, «Зўр ТВ» техник жиҳатдан турнирнинг барча ўйинларини 1та каналда кўрсатолмасди, чунки гуруҳ босқичида кунига 4тадан учрашув бўлади. Бу ҳолат ФИФАга тўғри келмасди. Натижада телеҳуқуқ ўйинларни бепул кўрсатадиган «Спорт» каналига берилди. Тушунишимча, оддий ечим топишган: ҳуқуқ «Спорт ТВ»га берилган, пул эса бюджетдан алоҳида ажратилган. Бундай фокус УЕФА ва Ла Лигага ўтмасди. Шунинг учун «Спорт ТВ» бу борада «Зўр ТВ» билан рақобатлашолмади. Кўринишидан, футбол трансляцияси бозорида янгича тақсимланиш бошланмоқда ва «Спорт ТВ» энди ортиқ монополист бўлмайди. Аммо савол қолмоқда: булар «Зўр ТВ»га нима учун керак? Канал Ла Лиганинг ҳар бир турида нечта ўйин кўрсатади? Фақат икки клуб - «Реал» ва «Барселона» иштирокидаги учрашувларга эътибор қаратилиши юзасидан шубҳа йўқ эмас. Унда ЧЛда қандай йўл тутилади? Ахир бу турнирда танлов кенгроқ, лекин эфир вақтини узайтириш иложсиз. «Зўр ТВ» Евро-2024да вақти Португалия - Грузия ёки Туркия - Чехия ўйинидан қай бирини кўрсатишни ҳал қилолмаганига аллақачон гувоҳ бўлганмиз...
***
Чипталар сотуви бўйича футзал мундиали-2024нинг энг оммабоп 2та ўйини:
Испания - Қозоғистон (15 сентябрь куни Андижонда)
Қозоғистон - Янги Зеландия (21 сентябрь куни Тошкентда)
Боз устига, ўйинлар турли шаҳарларда бўлиб ўтишини инобатга олсак, талаб ортиб бораётгани айнан Қозоғистон термаси иштироки билан изоҳланади. Қозоғистон жамоасининг гуруҳдаги 2-ўйини (18 сентябрда Андижонда ливияликларга қарши) йўқлигини эса буниси дам олиш кунларига тўғри келадиган 1 ва 3-турлар баҳсларидан фарқли ўлароқ, ҳафта ўртасида бўлиши билан изоҳлаш мумкин. Қўшниларимиз иштирокидаги ўйинлардан кўра, терма жамоамиз баҳсларига камроқ чипта сотилганини назарда тутсак, футзал бўйича жаҳон чемпионатига Қозоғистонда қизиқиш биздагига нисбатан юқорироқ бўлиб чиқмоқдами? Катта эҳтимолки, терма жамоа мухлисларининг маълум бир қисми чипталар шунчаки, бепул тарқатилишини кутмоқда. Қизиғи, Тожикистон термаси, шунингдек, Бухорода ўйнайдиган Бразилия ва Эрон жамоалари ўйинларига ҳам талаб унча катта эмас. Бу турнир стартига 3 ҳафта қолган вақтдаги ҳолат. Чипта сотиб олишга ҳали вақт бор. Очиғи, чипта баҳоси ҳам ўртача. Харид қилишга шошилинг ва Марказий Осиёдаги илк ЖЧ иштирокчисига айланинг.
***
Қатар термаси ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичидан ўрин олган дастлабки 2та ўйинга қаратилган тайёргарликни 1 ҳафта олдин бошлади. Бу орада маҳаллий клублар Лига кубоги ўйинларини ўтказди. Дарвоқе, терма жамоага 8 нафар футболчи юборган «Ал-Садд» Лига кубогида қатнашмайди. Айнан 8 нафар вакили терма йиғинига жалб этилган «Дуҳайл» аксинча, турнирда иштирок этади. Умуман олганда, Қатар чемпионати тақвими одатда терма жамоа манфаатларидан келиб чиқиб тузилади. Мураббий футболчилар илк йиғинга қадар 3та ўйинда қатнашишга улгуришлари учун мавсумни эртароқ бошлашни сўради ва бу талаб қондирилди. Кейин чемпионатдаги танаффус ФИФА кунларидан бир ҳафта олдин бошланишини сўради, буниси ҳам амалга ошди.
***
Ўқувчи ёзувидан иқтибос: «Катанец одатда таркибни ҳаммадан кечроқ эълон қилади. Кейин рўйхат бир хил бўлади, барибир». Катанец бошқа мураббийлар каби ўйинга камида 15 кун қолган вақтда таркибни маълум қилиши шарт. Аниқроғи, клублар ўйиндан камида 15 кун олдин футболчининг терма жамоага чақирилгани ҳақида хабар олиши керак. Агар Ўзбекистон клубларидан исталган вақтда футболчи олиш мумкин бўлса, бу масалада хориж жамоалари билан ҳазиллашиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Вақтида шундай воқеа ҳам кузатилган: федерация ходими Европа клубига хат юборишда ФИФА кунларидаги икки ўйиндан биттасига сўров автоматик тарзда иккинчисига ҳам ўтишини ўйлаган. Клуб эса хатони дарҳол пайқаб, биринчи ўйиндан кейин футболчини ортга қайтаришни талаб қилган ва ҳеч қандай илтимос ёрдам бермаганди. Хуллас, «Рома», ЦСКА ва таркибида легионерларимиз тўп сурадиган бошқа клубларга белгиланган вақтда хабар жўнатилади. Фақат масала шуки, рўйхат негадир охиригача сир тутилади. Катанец келишидан анча олдин ҳам шундай эди ва матбуот хизматини ким бошқаришидан қатъий назар, ҳолат ўзгармаяпти. Турли манбаларда ёзилишича, терма жамоалар бўлими журналистларни рўйхатни бирма-бир тўплашга мажбур этадиган тузилма ҳисобланади.
***
Эрон миллий жамоаси учинчи босқичдаги илк уй ўйинини Теҳрон эмас, Исфаҳонда ўтказди. Гап шундаки, «Озоди» стадиони таъмирлаш ишлари учун ёпиқ, реконструкцияни сентябрь ойи бошига қадар якунлаш имкони топилмади. Форслар аввалига Қирғизистон термасига қарши ўйин учун «Сепаҳон»нинг уй аренаси - «Нақши Жаҳон»ни танлашди. Аммо ОЧЛ саралашидан ўрин олган «Сепаҳон» - «Шабаб Ал-Аҳли» ўйинидан сўнг стадион майдони талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Натижада 1-тур баҳси «Зоб-Оҳан»нинг уй стадиони «Фулад Шаҳр»га кўчирилди. Бу арена ҳам расмий равишда Исфаҳонда жойлашган ҳисобланади, ваҳоланки, шаҳардан унга етиб бориш учун 1 соатча вақт кетади. Эрон термаси октябрь ойида Қатар термасини «Озоди»да қабул қилиши кутилганди. Аммо ҳозирдан стадионни таъмирлаш ўйин вақтигача якунланишига шубҳа бор. Ҳар ҳолда, «Истиқлол» клуби раҳбарияти «Ал-Гарафа»ни 16 сентябрга белгиланган ОЧЛ ўйини Машҳадга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида аллақачон хабардор қилган. Дарвоқе, Эрон термасининг нега мамлакатда сиғими бўйича учинчи йирик стадион саналган «Ёдгори Имом» (70000) жойлашган Табризда ўйнамаслигидан ҳайронман. Ахир ўша «Фулад Шаҳр» атиги 20 минг мухлисни сиғдира олади, холос.
***
We Global Football портали ОФК миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаши бўйича ўз башоратини эълон қилди. Стартдан олдинги ҳисоб-китобларга мувофиқ, Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти деярли 70 фоиз даражасида баҳоланмоқда. Бизнинг гуруҳда фақат Эрон термаси имконияти бундан баландроқ эканлиги қайд этилган.