«Пролига 4-туридан жой олган «Машъал» — «Шўртан» (2:0) учрашувининг 87-дақиқасида меҳмонлар посбони Шерзод Абдураимов спортчига хос бўлмаган хатти-ҳаракатни амалга оширди. У ўз дарвозасидан иккинчи тўпни ўтказиб юборгач, голни нишонлаётган рақиб футболчиси Иброҳим Ғанихоновнинг юз қисмига боши билан зарба бериб, уни жароҳатлади.
Бу Шерзод Абдураимов билан содир этилаётган номақбул ҳаракатларнинг биринчиси эмас. У 2020 йил 1 декабр куни Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бораётган Фарғонанинг икки клуби — «Нефтчи» ва «Турон» ўртасидаги баҳсда ҳам ўз хулқи билан ёдда қолганди. Беллашувни бошқариб борган ҳакам Шавкат Насибуллаевга ҳужум қилганлар орасида Абдураимов ҳам бўлиб, ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси бунинг учун дарвозабонни 1 йил муддатга футболдан четлатган ва 15 миллион сўм жаримага тортганди.
Кеча бўлиб ўтган ўйинда «Шўртан» футболчиси ўзига нисбатан қўлланилган аввалги санкциядан тегишли хулоса чиқармагани кўринди. Шундан келиб чиқиб, унинг навбатдаги қўпол хатти-ҳаракати ЎФА қўмитаси томонидан кўриб чиқилади», — деб ёзади ПФЛ матбуот хизмати.