Унинг олдида катта миссия бор - «кекса синьора»нинг нисбатан тушган мавқесини тезда қайта тиклаши керак. Муҳими, тажрибали мутахассис ўта хотиржам. Ҳар ҳолда, DAZN нашри журналистлари билан суҳбат жараёнида ўзини шундай тутди.
- Айтингчи, янги «Ювентус»дан нималар кутиш мумкин?
- Ҳар қандай ғалаба алоҳида воқелик эканлигини унутмаслик лозим. Биламан, «Ювентус» учун чемпионлик оддий ҳолатдек бўлиб қолган, лекин агар янги мавсумда ғолиб чиқсак, бу фавқулодда муваффақият ҳисобланади. Ҳозир биринчи навбатда, фойдаланиш коэффициентини яхшилашимиз керак, чунки аввалги мавсум айни шу масалада оқсадик, самарадорлик бобида «А» серияда атиги 11-натижани қайд этдик. Оддий айтганда, ҳужумларни якунлаш кўрсаткичи бўйича кўплаб рақибларни олдинга ўтказиб юбордик. Ҳимояда ҳам етарлича ишлов талаб қиладиган элементлар йўқ эмас. Кьеллини олдинроқ кетганди, энди де Лигт ҳам йўқ. Ўзи футболда шундай - навбатдаги «сюрприз» қаердан чиқишини ҳеч қачон билолмайсан. Ким билади, балки Гатти асосий ҳимоячимизга айланар... Ҳар ҳолда, ҳозир мутлақо хотиржамман.
- Поль Погба ҳақида нима дея оласиз?
- Унинг жисмоний ҳолати яхши. Умуман, Поль бутунлай бошқа одамга айланган: илгари ёш бола эди, энди ҳақиқий мардга айланди. Тўғри, ҳаммасини футбол кўрсатади.
- «А» серияда мавсумни бошқаларга нисбатан устунликда бошлайдиган жамоа борми?
- «Милан» ўтган мавсумни сеҳрли тарзда ўтказганига қарамай, бу сафар скудетто учун курашда «Интер» фаворитдек кўринмоқда. Менимча, янги мавсум «россонерлар» учун яхшигина синов бўлади, чунки муваффақиятни такрорлаш ҳар доим қийин. «Юве»га келсак, чемпионлик тахтига кўтарилиш учун қанча очко тўплашимиз кераклиги ҳақида тасаввурим бор, аммо бу ҳақда август ойи охирларидагина гапиришим мумкин.
- Сизнингча, Влахович нечта гол уради?
- Ундан 30та гол маррасига яқинлашишини кутяпмиз, аммо зиммасига чемпионат тўпурари бўлиш вазифасини қўймаймиз. Ахир чемпионлик медалини ютмасак, бундан нима маъно?
- Ди Мария нечоғли наф келтиришга қодир?
- Менимча, у ўнг қанотда ҳужумкор ярим ҳимоячи ва иккинчи ҳужумчи сифатида ўйнай олади. Анхелни рақиб дарвозасига қанчалик яқин олиб борсак, шунча яхши.
- Демак, «Ювентус»нинг 4-3-3 тактик чизмасини кўрмаймиз, шундайми?
- Ҳар доим мавжуд футболчилар хусусиятларидан максимал даражада фойдаланиш йўлларини излаш мақсадга мувофиқ. Ди Мария статистикасини алоҳида таҳлил қилиб чиқдим, у гол уришдан кўра, ассистент ролини бажаришга мойил. Шундай экан, Анхелни гол урадиганларга яқинроқ жойлаштириш лозим. Фикримча, Кьеза мавсумда энг яхши футболчимиз бўлиши мумкин, лекин бошида жароҳатидан олдинги Федерикони кўришимиз қийин. Ўша Кьеза қайта намоён бўлиши учун январни кутишимизга тўғри келади.
ФАКТ
Охирги 10 йилликка қарасак, Европа футболида клубларни трансферларга энг кўп пул ажратишга мажбур қилган мураббийлар рейтингининг 4-қатори айнан Массимилиано Аллегрига тегишли. У бу оралиқда жами 67та харидга 929,57 миллион евро сарфлаган. Етакчилик Хосеп Гвардиола қўлида бўлса, Жозе Моуриньо олиҳиммат шайхларсиз ҳам миллиард евро марррасидан ошган.
Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади