Муносабат: Достоннинг якуни қачон?

Муносабат: Достоннинг якуни қачон?

Ўзбекистон кубоги финалида пенальтилар серияси бўйича мос равишда «Пахтакор» ва «Сурхон»дан устун келган «Навбаҳор» ҳамда «Андижон» ўзаро ўйнайди.

Демак, келаси мавсум ОЧЛ-2 турнирида Фарғона водийси клубини кўрамиз, албатта. Тўғри, ярим финал ўйинлари бошланишидан олдин мендан Ўзбекистон кубоги соҳиби ОЧЛда иштирок этиш учун тегишли лицензия ололмаса, нима бўлиши ҳақида сўрашди. Бунга жавобан йўлланма кубок финалчиси эмас, чемпионатнинг иккинчи жамоасига берилишини айтдим. Шунинг баробарида қўшиб қўйдим: «Нима, клублардан бири қанақасига лицензия ололмай қолиши мумкин?» Ахир лицензияларни пачкалаб тахлашяпти-ку...

*** 

- ОЧЛда кўп қатнашиш бў­йича ҳамон рекордчилардан бири бўлиб турган «Пахтакор» ушбу натижадан айрилиши, ҳаттоки, ОФК турнирларида бир мавсумни ўтказиб юбориши мумкин. «Пахтакор» кейинги йили ҳам ОЧЛга чиқиш учун 3та шартдан бирини бажариши керак:

- чемпионликни қўлга киритиш

- Элит ОЧЛ-2024/2025да ғалаба қозониш

- Чемпионатда 2-ўринни эгаллаш ва кубок соҳиби лицензия ололмаслигига умид боғлаш.

Дарвоқе, ярим финал ўйини Максим Шацкихнинг туғилган кунига тўғри келди. Айтишларича, унинг шогирдлари майдонда рақибдан яхшироқ кўринишди, аммо пенальтилар сериясида ютқазишди. Хуллас, футболчилар кубок ярим финалида мураббийга мувофиқ совға ҳозирлай олишмади. Шу жойда бир латифа эсга тушади: 

Мураббий ўйин олдидан кўрсатма беришда шогирдларига юзланди: 

- Бугун туғилган куним. Илтимос, менга ғалаба тортиқ этинг.

Шунда жамоа сардори ўрнидан турди:

- Мураббий тўхтанг, биз аллақачон сиз учун бўйинбоғ сотиб олганмиз.

1992 йилги реал воқеа ҳам эсга тушди: «Нефтчи» Юрий Саркисяннинг туғилган куни Самарқанд «Динамо»сига қарши ўйнаган. Чигилёзли машқ­лар пайти жамоа сардори Александр Тихонов ҳамманинг олдида сўз олади: «Юрий Вазгенович, туғилган кунингиз билан. Қандай совға беришни узоқ ўйладик ва сизда ҳамма нарса борлигини англадик. Шунинг учун бугун ғалаба тортиқ этишга қарор қилдик». Амалда эса ўйин 0:0 ҳисобида якунланади. «Динамо» дарвозабони Олег Горвиц 2та пенальтини бартараф этади, жумладан, улардан бирини Тихонов ижро этганди. 

*** 

- Ўқувчидан савол: «Алишер ака, водий жамоалари олдин ҳам Ўзбекистон кубоги финалида тўқнаш келганми?» 1992 йили Ўзбекистон кубогининг илк финалида «Навбаҳор» ва Қўқоннинг «Темирйўлчи» жамоалари ўзаро ўйнаган. 1998 йили эса «Навбаҳор» ва «Нефт­чи» ўртасида ҳам финал бўлган. Интернетсиз эслаганим шу. 

*** 

- Финаллар рўйхатини кўриб чиқдим ва Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи ўйини қаторасига 3-марта Тошкент клубларисиз ўтишини пайқадим. Ҳатто «юпун 90-йилларда» ҳам пойтахтнинг бундай нохуш серияси 2тадан ортиқ финалга чўзилмаганди. 

*** 

- Савол-жавобларни давом эттирамиз: «Агар финалда «Андижон» ғалаба қозонса, ҳисоб бўйича Ўзбекистон кубогини қўлга киритган нечанчи жамоа бўлади?» Бу рўйхат узун эмас. Жами 8та клуб Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган:

«Пахтакор» - 13 марта

«Бунёдкор» - 4 марта 

«Насаф» - 4 марта

«Навбаҳор» - 3 марта 

«Локомотив» - 3 марта 

«Нефтчи» - 2 марта 

«Дўстлик» - 1 марта

ОКМК - 1 марта

Ўқувчилардан бири Ўзбекистон кубоги финалида ғалаба нашидасини сурган барча мураббийларни санаб ўтишни сўради. Бу унча осон иш бўлиб чиқмади. Чунки Ўзбекистонда футбол тарихи жамланган бирор сайт йўқ. Шундай экан, бирма-бир маълумот йиғишга тўғри келади. Боз устига, маълумотлар ҳамма жойда ҳам тўғри эмас. Демак, ҳавола этилаётган рўйхат - интернет ва шахсий хотирам маълумотлари комбинацияси. Ўзбекистон кубогини қўлга киритган мураббийлар: 

Виктор Жалилов - 4 марта: «Навбаҳор» (1995, 1998), «Пахтакор» (2002, 2009)

Рўзиқул Бердиев - 4 марта: «Насаф» (2015, 2021, 2022, 2023)

Тачмурад Агамурадов - 3 марта: «Пахтакор» (2003, 2004, 2005)

Миржалол Қосимов - 3 марта: «Бунёдкор» (2010, 2012, 2013)

Юрий Саркисян - 2 марта: «Нефтчи» (1994, 1996)

Равшан Ҳайдаров - 2 марта: «Пахтакор» (2006, 2007)

Мирко Йеличич - 2 марта: «Локомотив» (2016, 2017)

Шота Арвеладзе - 2 марта: «Пахтакор» (2019, 2020)

Биродар Абдураимов - 1 марта: «Навбаҳор» (1992)

Баҳодир Иброҳимов - 1 марта: «Пахтакор» (1993)

Александр Иванков - 1 марта: «Пахтакор» (1997)

Леонид Остроушко - 1 марта: «Дўстлик» (2000)

Сергей Бутенко - 1 марта: «Пахтакор» (2001)

Зико - 1 марта: «Бунёдкор» (2008)

Мурод Исмоилов - 1 марта: «Пахтакор» (2011)

Вадим Абрамов - 1 марта: «Локомотив» (2014)

Бахтиёр Ашурматов - 1 марта: ОКМК (2018)

Ушбу постга изоҳ тариқасида transfermarkt порталида берилган Ўзбекистон кубогини қўлга киритган мураббийлар рўйхати юборилибди. Лекин айтганимдек, унда хатолар бор. Биринчиси - Валерий Непомняший 2006 йилги финалда «Пахтакор» мураббийи эмасди. Финал 8 ноябрь куни ўтказилган, Валерий Кузьмич эса август ойи­да Гонконг термасига қарши уй ўйинида дуранг (2:2) қайд этилганидан сўнг бор эътиборини миллий жа-моа­даги ишига қаратиш ниятида «Пахтакор»дан кетганди. Яна бир абадий баҳс - янги асрнинг иккинчи 10 йиллиги ўрталарида «Локомотив»да ким бош мураббий бўлган: Мирко Йеличичми ёки Андрей Микляев? Дарвоқе, бу йил кубокни «Сурхон» ютганида, қайси мураббийни ғолиб сифатида кўрардик? Эҳтимол, шунинг учун «Сурхон»нинг финалга чиқолмагани яхшиликкадир (киноя)...

*** 

- Футзал бўйича ЖЧ-2024ни қўллаб-қувватловчи маҳаллий компаниялар сони 3тага ошди. АГМК ва Artel қаторига BMB Holding қўшилди. Изоҳларда АГМК/ОКМК/АММС номи юзасидан мунозаралар кўп. Ҳатто исм-фамилиялар таржимаси билан мисоллар келтиришаётганини кўряпман. Фарқи шуки, қоидага кўра, корхоналар Уставларида компаниялар номи турли тилларда кўрсатилади. Олмалиқ Кон-металлургия комбинати Уставини кўрган эмасман, лекин менимча, унда қисқартманинг 3та варианти бор - рус, ўзбек ва инглиз тилларида. ФИФА билан шартнома эса инглиз тилида тузилгани тушунарли. Қисқаси, келишувда завод номи инглиз тилида берилгани мантиқан тўғри. Шунга мувофиқ, ФИФА сайтида аббревиатуранинг ушбу варианти ёзилган. Ўзбекистон ПФЛ Уставининг 2011 йилги талқинидан мисол келтираман. Лиганинг расмий номи турли тилларда 3 хил кўринишда ёзиларди. Лекин ҳар бир вариант ишлатиш учун тенг даражада тўғри ҳисобланган.

*** 

- Андижонга етиб келишимиз билан ишга киришдик. ФИФАдаги ҳамкасбларимга Андижон, маҳаллий футбол, «Солиқчи» клуби вақтида футзал бўйича Ўзбекистоннинг ўзгармас чемпиони бўлганлиги, бугунги кунда мамлакат бўйича энг зўри саналган мухлислар ҳақида гапириб бердим. Шунда «Андижон» ўйинини стадионда кўриш имконияти юзага келиш-келмаслиги ҳақида савол туғилди. Натижада клубнинг навбатдаги 2та уй ўйини ҳам футзал мундиали баҳслари қўйилган кунларга мувофиқ келишини тушунтиришимга тўғри келди. Ҳамкасблар, бундай ғалати мувофиқликдан ҳайратларини яширишмади, албатта. Айниқса, хавфсизлик ходимлари кўпроқ ҳайрон қолишди. Улар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътибори икки объект ва икки тадбир ўртасида қандай тақсимланишидан хавотирга тушишди. Ташкилий қўмитадаги ҳамкасблар «Андижон» - «Локомотив» ўйинига қўшни вилоятлардан милиция ходимларини жалб этиш режалаштирилганини айтишди. Аммо 25 сентябрь кунига белгиланган «Андижон» - «Нефт­чи» учрашуви кўпроқ куч талаб этади. Ташкилий қўмита аъзолари яна ПФЛдан «Андижон» ўйинлари тақвимини тузишда футзал мундиали баҳс­лари тартибини ҳисобга олишни сўрашганини айтишди. Аммо илтимос инобатга олинмаган. Ваҳоланки, футзал бў­йича ЖЧ тақвими сентябрь ойидаги ўйинлар вақти расман белгиланишидан анча олдин тасдиқланган эди. Бу ҳақда нима дейиш мумкин? Ҳеч қандай ажабланарли томони йўқ, янгилик ҳам. ПФЛ ҳозирги таркиби билан анъанага кўра, ўзини Ўзбекистон футбол жамоатчилигининг қолган қисмига қарши қўяди. ПФЛ ўзи қилмаётган барча ишларга тупуришини кўрсатиш имкониятини қўлдан бой бериши мумкинмиди?

Одатга кўра, изоҳларда аслида мамлакатда фақат футбол ҳақида қайғураётган ПФЛни фақат танқид қила олишим ҳақидаги фикрларни кутаман. Мана, ўқувчилардан бири ёзибди: «Жин урсин, бу достонни қанчалик яхши кўраман! Қандай тролл (фикримча, ҳаққоний), Алишер ака, ПФЛ. Ҳар қандай «Санта Барбара»дан яхшироқ». Ушбу достонни бажонидил тугатардим ва ПФЛ камчиликлари ҳақида ёзишни тўхтатардим, агар:

- ПФЛ тартибсизликларни тўхтатса. 

- Бошқа журналистлар вақти-вақти билан ПФЛни мақташни тўхтатиб, қисқа вақтга бўлсада, объективликни ёқишса.

Аммо кўриниб турибдики, яқин келажакда на униси ва на бунисини кутиш ноўрин. Айниқса, иккинчисини. Қизиқ, ПФЛ ишига баъзан танқидий назар билан қарашда қандай муаммо бор? Масалан, Андижондаги ўйинлар тақвимидаги тартибсизликлар фақат мен учун сезилган бўлиши мумкин эмас. 

*** 

- Яна бир жамоа стадион ёки чим ҳолати туфайли ўз майдонида ўйнамайди. Айтганча, битта савол бор: кубок финалидан кейин Фарғонадаги стадион майдони қандай сифатда бўлиши муҳим эмасми? Ёки «Нефтчи» шундан кейин ҳам ўз уйида ўйнолмайдими?

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»