МУРАББИЙЛАР: Уч ярим ийлда ўнинчи истеъфо!

МУРАББИЙЛАР: Уч ярим ийлда ўнинчи истеъфо!

Чемпионшип вакили «Уотфорд» март ойининг бошида сўнгги уч ярим йилни ҳисобга олганда 10-марта бош мураббийини истеъфога чиқарди.

Янги устоз эса 2010-йилларда «МЮ»да ёрқин ўйин намойиш этган Том Клеверли бўлди. Ўзи Клеверлининг бутсаларини михга илганига бир йил ҳам тўлмаганди. Энди 34 ёшли иқтидорли ярим ҳимоячи ўзининг жароҳат туфайли юзага чиқмай қолган юксак салоҳиятини майдон четида турган ҳолда намойиш этишдан умидвор.

Клеверли умуман тажрибасиз эмас - ёшларга ярим йил сабоқ берган

2009|2010 йиллар мавсумида «Уотфорд»да ижара шартномаси асосида тўп сурган Клеверли 2017 йилда яна жамоага қайтиб, нақ 6 йил клуб шарафини ҳимоя қилди. Эҳтимол, 2022 йил ёзида футболчилик фаолиятига нуқта қўйиш унинг хаёлига ҳам келмагандир: ҳар ҳолда, сардорлик боғичига лойиқ топилган, Чемпионшип доирасида 3 марта майдонга тушган ва «Бёрнли»га гол урганди. Бироқ тез орада яна жароҳат унинг йўлига тўсиқ бўлди.

2023 йил февралида Том Чемпионшипдаги сўнгги 19 дақиқани ўтказди, ёзда эса бутсаларини михга илганини маълум қилди. Клуб уни академия тизимига йўллаб, 18 ёшлилар жамоаси бошқарувини топширди ва клуб элчиси унвонини берди.

Шу тариқа Клеверлининг ишлари юришиб кетди: 6 ой ичида унинг шогирдлари ўз лигасининг жанубий минтақасида «Бристоль Сити»дан кейин 2-ўринни эгаллашди. Шунингдек, кубок мусобақасида муваффақият қозонишди. Атиги 8 ой навқирон ёшларга сабоқ берган мана шу 34 ёшли мутахассис энди асосий жамоани бошқариши керак эди. Лекин Клеверли ўша пайтда ўзига 100 фоиз ишонди: «Агар бу масалада менга 6 ой муқаддам қўнғироқ қилганларида, тайёр эмаслигимни айтиб, таклифни рад этган бўлардим. Бироқ ортда қолган академиядаги 8 ой давомида футболчилик фаолиятимдагидан кўпроқ нарсаларни билиб олдим. У мен учун улкан сабоқ бўлди, масъулиятли вазифани уддалай олишимга амин бўлдим».

Янги бош мураббий жамоада ислоҳот ўтказмаслигини, фақат айрим ўзгаришлар эвазига шиддатли, тажовузкор ва ҳужумкор жамоани шакллантиришини баён этади. Таркиб билан танишишнинг ҳожати йўқ - ўйинчиларнинг кўпчилиги билан ёнма-ён тўп сурган, жорий мавсумда «Уотфорд»нинг уй учрашувларини стадионда кузатган. 

Том Клеверли 2023 йил ёзида келган Валерьен Исмаэль ўрнини эгаллади. 

«Уотфорд» мавсумни беқарор ўтказади: гоҳ аутсайдерларга қўшни бўлади, гоҳ плей-офф босқичини орзу қилади

Исмаэлнинг истеъфога чиқарилиши кутилмаган сюрприз эмасди. Бир ёқда жамоанинг қониқарсиз натижалари, бошқа ёқда клуб мутасаддиларининг тутуриқсиз сиёсати (3,5 йилда 10 нафар мураббий лавозимидан четлатилди).

Декабрь ойида спорт директори Кристиано Жареттага чиқиш эшиклари кўрсатилгач, шўрлик Исмаэль клубдаги яккаю-ягона тиргагидан жудо бўлди. Январда эса клуб таркибни кучайтириш учун бирорта трансферни амалга оширмади.

Яшил майдонда барқарорлик етишмасди. Дастлабки 11та тур ўта муваффақиятсиз ўтди: 2та ғалаба, 6та мағлубият, ўрин эса қуйи лигага тушиб кетадиганлар ёнида. 2023 йил охирида жамоа ўзига келгандек бўлди: 13та ўйинда 7та ғалаба ва атиги 2та мағлубият. Табиийки, жамоа Рождество байрамига 7-ўринга кўтарилган ва плей-офф босқичидан умидвор бўлган ҳолда йўл олди. Ўшанда жамоани орзудаги маррадан атиги 2 очко ажратиб турганди.

Лекин кейинги 14та беллашувда «Уотфорд» бор-йўғи 2 марта зафар қучиб, ўртамиёналар қаторидан жой олди: энди плей-оффни эмас, 6 очколик узоқликда турган аутсайдерлар сафига тушиб қолмаслик ҳақида бош қотириш талаб этиларди. Олдинда эса яна 9та муросасиз учрашув кутиб турарди.

«Ковентри»нинг селекция раҳбари Исмаэлни ўзаро учрашув арафасида «қовурди», унинг бош мураббий билан ёзишмасини фанат фош этиб қўйди

Мартнинг илк кунларида яна бир ғайритабиий воқеа юз берди. «Уотфорд»нинг «Суонси»га қарши беллашувини «Ковентри» вакиллари ҳам диққат билан кузатиб туришганди: мураббий Марк Робинс ўз уйида, селекция бўлимининг раҳбари Дин Остин эса трибунада.

Остин ўз таассуротларини «WhatsApp»га жойлаб, нафақат мураббийга, балки агент Роб Сигалга ҳам жўнатиб турди. Бироқ бир оз эҳтиётсизликка йўл қўйди: бир мухлис ёзишмани суратга олиб, ижтимоий тармоққа юклади. Ёзишмадаги ахборот қуйидагича:

• Остин: «Уларнинг ҳеч бири югуришни истамаяпти. Мураббийнинг саноқли кунлари қолди. Умид қиламанки, у биз билан учрашгунча кетиб қолмайди».

• Сегал: «Мураббий кетиши керак».

• Остин: «У аниқ кетади. Уни яхши биламан, «Кристал Пэлас»да ёнма-ён тўп сурганмиз».

Остин Исмаэль билан нафақат тўп сурган, балки яқинда (2019) «Уотфорд» тизимида Кике Флореснинг ассистенти мақомида ишлаганди «Ковентри» вакилларининг жосуслиги жамоага ёрдам берди - «Уотфорд» мағлуб бўлди, Исмаэль истеъфога чиқарилди.

16 март оқшомини Клеверли бир умрга унутмаслигига шубҳа йўқ - ўша куни у мураббий сифатида дастлабки ғалабасини нишонлади: Эммануэль Деннис томонидан «Бирмингем» дарвозасига йўлланган ягона аниқ зарба «Уотфорд»нинг ғалабаси учун етарли бўлди. Шундан сўнг тақдир навқирон мутахассис учун яна бир ўта жиддий «тегирмон»ни тайёрлаб қўйганди: охирги 8та турда «Уотфорд» фақат ўзидан юқорироқ ўринларда бораётган жамоалар билан куч синашди: «Лидс» (2:2, ўз уйида, 3-ўрин), «Вест Бромвич» (2:2, меҳмонда, 5-ўрин), «Престон» (0:0, ўз майдонида, 10-ўрин), «Ипсвич» (0:0, меҳмонда, 2-ўрин), «Саутгемптон» (2:3, меҳмонда, 4-ўрин), «Халл» (0:0, ўз майдонида, 7-ўрин), «Мидлсбро» (1:3, меҳмонда, 8-ўрин), «Сандерленд» (1:0, ўз майдонида, 16-ўрин). Умумий олиб қараганда, Том Клеверлининг статистикаси унчалик ёмон ҳам эмас: 9та ўйинда 2 ғалаба, 5 дуранг ва 2 мағлубият, 15-ўрин.

Содиқ СОБИР тайёрлади