Қайтадан кашф этилган қаҳрамон

Қайтадан кашф этилган қаҳрамон

Ўтган мавсум Мадриднинг «Атлетико»си учун ўта омадсиз кечди.

Жамоа ички мусобақаларда барқарор тўп сура олмади, ЕЧЛдаги иштироки янада ёмонроқ бўлди - «Порту» устидан эришилган ғалаба мавсумдаги ягона муваффақиятга айланди ва «Атлетико» охирги 5 йил ичида илк бор евромавсум баҳоридан четда қолди. Ваҳоланки, қуръа «матрасчилар»га анчайин ўртамиёна рақиблар - «Порту», «Байер» ва «Брюгге»ни ҳадя этганди. Жамоа ўйинидаги жиддий пасайиш туфайли Диего Симеоненинг кейинги фаолияти шубҳа остида қола бошлади. Тез орада бош мураббий рақиблар унинг жамоасига қарши қандай ўйнаш кераклигини тушуниб етганликларини тан олди. Вазиятни ўнглаш учун дон Диего ихтиёрида иккита вариантдан бирини танлаш - жамоани тарк этиш ёки ўйин услубини тубдан ўзгартириш талаб этиларди. Мураббий иккинчи йўлни маъқул қўрди. Яъни, ҳимоявий ўйин услубидан воз кечиб, шогирдларини ҳужумкор ўйинга мослай бошлади. Натижада «Атлетико» мавсумнинг иккинчи даврасида тамоман ўзгача футболни намойиш эта бошлади, ўйинлари шиддатли, мазмунли, энг муҳими, сермаҳсул кўриниш олди. Мураббийга кўмаклашиш мақсадида Мадридга қайтган Антуан Гризманн эса янгиланган жамоа­нинг қаҳрамонлари сафидан жой олди.

Ҳа, Антуан анчайин мураккаб даврни бошдан кечириб, жиддий синовдан ўтди. Ҳаммаси у 2019 йил ёзида «Барселона»нинг 120 млн. евролик таклифига розилик билдирганидан кейин бошланди. Чунки у «Атлетико»дан кетмасликка ваъда берганди. Бироқ қиммат баҳода Барселонага йўл олгани ҳужумчининг янги жамоага мослашиб олишига имкон бермади. Қўшимчасига, ОАВда каталонияликлар Гризманни рисоладагидек кутиб олмаганликлари ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетди. Натижада Антуан илк мавсумни анча суст ўтказди: 35та ўйинда 9та гол. Ваҳоланки, «Реал Сосьедад»даги давридан кейин бирорта мавсумда бунчалик паст кўрсаткични қайд этмаганди.

Кейинги мавсумни Гризманн нисбатан яхшироқ ўтказди - Ли Лиганинг 36та учрашувида 13та гол. 2021|22 йиллар мавсумини ҳам ҳужумчи «Барса» таркибида бошлади, лекин амалдаги шартномага кўра, у ижара асосида «Атлетико»га ўтиши мумкинлиги ҳам зикр этилганди. Антуан Мадридга қайтишни афзал кўрди. Бироқ Мадридда ҳам жиддий танқидга дуч келди, мухлислар уни хоин сифатида қабул қилишди. Футболчи айбини ювишга уринган бўлсада, чемпионатни атиги 3та гол билан якунлади.

Ўтган мавсум эса нафақат франциялик тўпурар, балки бутун жамоа учун ҳам ўта оғир бошланди. ЕЧЛда жамоа бор-йўғи 1та гол урди, Ла Лигада эса самарасиз оралиқлар бўлиб турди. Лекин Антуан худди устози каби ижобий ўзгаришлардан умидини узмади - мавсумни 15та гол ва 16та самарали узатма билан якунлади. Шунингдек, самарали ҳаракатлар бўйича Ла Лиганинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Агар уни «Барса»дан арзонроқ баҳода қайтариб олишни мўлжаллаган Симеоне Антуаннинг ўйин амалиётини чекламаганида, натижа янада юқори бўлиши мумкин эди.

Гризманн яна «Атлетико»нинг зарбдор қуроли, бу сафар Ла Лигада 13та гол урган Альваро Мората билан биргаликда. Бироқ франциялик тўпурар ҳисобида 16та, испаниялик жамоадошида эса атиги 2та ассист бор.

Ўтган мавсумда Антуан гол}пас тизимида энг юқори сермаҳсулликка эришди. Бунгача снайпер қаторасига 5та мавсумда 15тадан кўпроқ гол урган бўлсада, бундай натижага эриша олмаганди. Жорий мавсумда у 9та гол билан Ла Лига тўпурарлари рўйхатида Жуд Беллингем (13), Артём Довбик (10) ва Борха Майорал (10)лардан кейинги ўринда бормоқда. Бу 2013|14 йиллар мавсумидан кейинги энг яхши кўрсаткич. Антуан ҳозир «матрасчилар»нинг олдинги чизиқдаги энг муҳим ўйинчиси. Айнан 2023 йилнинг ўзида дарвозага зарба йўллаш билан якунланган 227та, гол билан ниҳоясига етган 39та ҳужумларда иштирок этди. Бу ҳам лигадаги энг юқори кўрсаткич. Шунингдек, дарвозага аниқ зарба йўллаш бобида ҳам у «Атлетико» етакчиси (30,2 фоиз). Қўшимчасига, Антуан - ўтган мавсумнинг Ла Лигадаги энг яхши ассистенти.

Гризманнинг юксак салоҳияти нафақат ҳужумнинг якуний босқичида, балки майдоннинг барча ҳудудларида намоён бўлади. Ўйин жараёнида ортга чекиниб, тўпни рақибдан тортиб олишда жамоадошларига ёрдам беради. Жорий мавсумда Антуан жамоага ҳужумга ўтиш имкониятини берган 71та узатмани амалга оширди. Табиийки, бу борада ҳам у билан тенглаша оладиган ўйинчи йўқ. Ўтган мавсумда у 81 марта голли вазиятни яратиб берган ва ассистлар бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этганди. Тўғри, жорий мавсумда Антуан ҳозирча ягона самарали узатмани амалга оширди. Лекин олдинда қизиқарли учрашувлар кўп.

Сермаҳсуллик бобида «матрасчилар» 32та гол билан 4-ўринда боришмоқда, олдинда фақат етакчилар «Реал» ва «Жирона» (38) ҳамда «Атлетик» (33) бор. Мазкур сермаҳсулликнинг асосий ижодкори Антуан, албатта. Жамоадошларига нисбатан кўпроқ елиб-югурадиган фидойи футболчи барча ҳудудларда самарали ўйнайди, айнан унинг ҳаракатлари туфайли жамоа ҳужумкор ўйинни намойиш этмоқда.

«Олтин тўп» даъвогарлари рўйхатида Антуаннинг 21-ўринда қайд этилгани мадридлик мухлису-мутахассисларнинг эътирозига сабаб бўлди. Кўпчиликнинг фикрича, «матрасчилар» вакили анча юқори ўриндан жой олишга лойиқ ўйинчи. Агар у сермаҳсул фаолиятини давом эттирса ва Франция терма жамоаси навбатдаги Еврода ғолиб чиқса, у нуфузли соврин учун етакчи номзодга айланади. Албатта, индивидуал совринлар танловида адолатсиз қарорлар ҳам учраб туради. Антуан учун муҳими «Олтин тўп» эмас, унинг асосий мақсади - азалий рақиб таркибига ўтиш билан йўл қўйган хатоси учун ўз мухлисларидан узр сўраш ва «Атлетико»нинг садоқатли ўйинчиси мақомини қўлга киритиш.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади