Эътиборли томони, бўлажак мундиалга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани бунга яққол исбот.
Қарорга кўра, 14 сентябрь - 6 октябрь оралиғида Андижон, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтадиган футзал мундиалига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:
* 2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;
* 2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси.
- 2024 йил июнь ва август ойларида ЖЧ бош соврини - жаҳон кубогини оммага таништириш учун республика бўйлаб Trophy Experience футзал тури маршрути ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
- Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахсларни идентификацияловчи ва чипталарни замонавий технологиялар (QR-код) ёрдамида рўйхатга олувчи-текширувчи махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади.
- 2024 йил август - октябрь ойларида жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, ўйинларга чипталари мавжуд хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темирйўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирмалар жорий қилинади.
- Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чипталари мавжуд бўлган шахслар учун жамоат транспорт воситалари (автобус, метро)дан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.
ЎФАда Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича илк учрашув ҳам ўтказилди. Унда Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекос ва маҳаллий ташкилий қўмита вакиллари иштирок этишди. Аввало, аккредитациядан ўтган шахсларни идентификацияловчи ва чипталарни замонавий технологиялар (QR-код) ёрдамида рўйхатга олувчи-текширувчи махсус онлайн платформа ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, темирйўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирма жорий қилиш, жамоат транспорт воситалари (автобус, метро)дан бепул фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
ЖЧ-2024 тақвимига кўра, Андижондаги «Универсал» спорт мажмуаси Испания, Аргентина, Қозоғистон, Янги Зеландия, Украина ва Ливия терма жамоалари иштирокидаги гуруҳ босқичи баҳслари, шунингдек, «плей-офф» ўйинларини қабул қилади. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги ишчи-гуруҳ «Универсал» спорт мажмуасида бўлиб, майдон, кийиниш хоналари, медиа-марказ, ташкилий-маъмурий объектларни ФИФА стандартига мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганишди. Якунда ОАВ вакиллари, мухлислар ва меҳмонларга қулайликлар яратиш юзасидан кейинги режалар белгиланди, яна иштирокчи жамоаларга ажратилган меҳмонхоналар ўрганилиб, зарур тавсиялар берилди.
Айтганча, Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес бўлажак турнир қуръа маросимидан катта таассурот қолганини яширмаяпти. «Ажо-йиб. Футзал бўйича жаҳон чемпионати тарихидаги энг яхши қуръага гувоҳ бўлдик. Айниқса, маросим учун танланган манзил ҳайратланарли ва унутилмас атмосферага бой эди. Спорт томонлама ҳам хурсандман. Гуруҳ босқичида бизга осон бўлмаслиги аниқ. Барча жамоалар тенг даражада кучга эга. Албатта, ЖЧга муносиб тайёргарлик кўришимиз, мезбон жамоа сифатида юқори савияли ўйин кўрсатишимиз шарт. Мақсад - аввало, гуруҳ босқичидан ўтиш», - деди терма жамоамизнинг испаниялик устози.
Манба: ЎФА матбуот хизмати