Рейтинг: Умидбахш кўтарилиш ва оғриқли қулаш...

Рейтинг: Умидбахш кўтарилиш ва оғриқли қулаш...

Европада мавсум-2021|2022нинг юлдуз футболчилар учун турлича кечгани табиий ҳол, албатта.

Кимлардир фаол ўйин ўлароқ, трансфер баҳоси бўйича юксалишга эришишди, бошқалар сустлик ёки яна қандайдир факторлар туфайли бу масалада оғриқли қулашга дуч келишди. Кимлар олдинга ҳаракатланишдию, кимлар орқага? Transfermarkt.de портали томонидан янгиланган баҳо варақасига қараб, бу борада муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин. 

Трансфер суммаси бўйича энг катта ўсиш қайд  этган футболчилар

Футболчи (клуби)                                             Сумма        Ўсиш

Винисиус Жуниор («Реал»)                    100 млн. евро  +60

Гави («Барселона»)                                           60 млн. евро    +60

Душан Влахович («Ювентус»)                85 млн. евро    +45

Рафаэль Леау («Милан»)                                  70 млн. евро    +45

Дарвин Нуньес («Бенфика»)                  55 млн. евро    +35

Арно Данжума («Вильярреал»)             50 млн. евро    +35

Орельен Тчуамени («Монако»)              60 млн. евро    (+30

Матеус Нуньес («Спортинг»)                  35 млн. евро    +30

Уго Экитике («Реймс»)                           28 млн. евро    +27,4

Луис Диас («Ливерпуль»)                                  45 млн. евро    +27

Флориан Вирц («Байер»)                                   70 млн. евро    +25

Родриго («Реал»)                                              60 млн. евро    +25

Рональд Араухо («Барселона»)                        50 млн. евро    +25

Йереми Пино («Вильярреал»)                40 млн. евро    +25

Карим Адейеми («Зальцбург»)               35 млн. евро    +25

Бремер («Торино»)                                            35 млн. евро    +25 

Валентино Ливраменто («Саутгемптон»)           25 млн. евро    +25

Сандро Тонали («Милан»)                                 50 млн. евро    +23

Витинья («Порту»)                                             30 млн. евро    +23

Кристофер Н~Кунку («РБ Лейпциг»)      65 млн. евро    +22

Изоҳ: футболчиларнинг мавсум-2021|2022даги клублари кўрсатилган...

ЭНГ КАТТА ЎСИШ

«Реал» ва «Барселона»да умидли футболчилар сафи анча кенг. Ҳар ҳолда, трансфер баҳоси бўйича энг катта юксалишга эришган футболчилар рейтингининг юқори қисми Испания грандларининг ёш юлдузларига тегишли. Хусусан, Винисиус Жуниор реактив тезлик олди. Бир йилча олдин бразилиялик вингернинг трансфер суммаси 40 миллион еврога тенг эди. Энди 21 ёшли футболчи 100 миллион еврога баҳоланмоқда. Ҳаммаси оддий: Вини якунланган мавсум Карим Бензема олдида «қотил» ҳужумчига айланди: Ла Лигада - 17та гол ва 9та самарали узатма, ЧЛда - 4та гол ва 6та самарали узатма. «Барса» жавоҳири - Гави трансфери ҳам айнан 60 миллион еврога қимматлашди. Буниси чинакам ҳайратланарли воқеликдир. Зеро, 17 ёшли ярим ҳимоячи жамоа таркибига кириши билан қойилмақом тезлик кўрсатди: барча мусобақаларда 47та ўйин, 2та гол ва 5та самарали узатма. Факт шуки, ўтган йили Гави ҳақида ҳеч нарса билмасдик, энди у Лионель Мессидан ҳам қимматроқ.

Мавсумнинг биринчи ярмида чин юлдузга айланиш асносида 80 миллион евро эвазига «Ювентус» сафидан жой олган Душан Влахович ҳозирда 85 миллион еврога баҳоланмоқда. Ўртамиёна ҳужумчи саналган Рафаэль Леау ҳам «Милан»даги чемпионликдан сўнг сербиялик каби ўз суммасига 45 «лимон» қўшиб қўйди. «Монако»да порлаган ва яқинда «Реал» билан шартнома тузган Орельен Тчуамени бир йил аввал 30 «лимон» эди. Унда ўсиш даражаси 50 фоизни ташкил этди - 60 миллион евро. Айтиш жоиз, «Қироллик клуби» бу футболчини 80 миллион еврога сотиб олди (умумий сумма бонуслар билан 100 миллиондан ошиши мумкин). «Реймс» ҳужумчиси Уго Экитикени алоҳида айтиш керак. Лига 1нинг охирги мавсумида 10та гол урган йигитчанинг трансфери 600 мингдан 28 миллион еврога ошди. Қаранг, сумма бир йилда 4,5 минг фоиз «болалади» - шунчаки, ақлдан озиш мумкин! Эрлинг Холанд эса бу рўйхатга сиғмади, чунки «Манчестер Сити»ни танлаган норвегиялик голеадор трансферига «атиги» 20 миллион евро қўшилди (умумий сумма - 150 миллион).


Трансфер суммаси бўйича энг катта пасайиш қайд этган футболчилар

Футболчи (клуби)                                             Сумма  

Маркос Льоренте («Атлетико»)             45 млн. евро    -35

Коке («Атлетико»)                                             25 млн. евро    -35

Френки де Йонг («Барселона»)              60 млн. евро    -30

Лионель Месси («ПСЖ»)                                   50 млн. евро    -30

Каземиро («Реал»)                                            40 млн. евро    -30

Марк-Андре тер Штеген («Барселона») 30 млн. евро    -30

Антони Мартиаль («МЮ»|«Севилья»)     16 млн. евро    -29

Эден Азар («Реал»)                                           12 млн. евро    -28

Неймар («ПСЖ»)                                    75 млн. евро    -25

Ян Облак («Атлетико»)                          45 млн. евро    -25

Антуан Гризманн («Атлетико»)               35 млн. евро    -25

Кристиан Эриксен («Брентфорд»)         15 млн. евро    -25

Тимо Вернер («Челси»)                         42 млн. евро    -23

Лоренцо Инсинье («Наполи»)                25 млн. евро    -23

Стефан де Врей («Интер»)                                28 млн. евро    -22

Артур («Ювентус»)                                            18 млн. евро    -22

Гарри Кейн («Тоттенхэм»)                                 100 млн. евро  -20

Жейдон Санчо («МЮ»)                          80 млн. евро    -20

Усмон Дембеле («Барселона»)              30 млн. евро    -20

Тангай Н~Домбеле («Тоттенхэм»|«Лион»)          30 млн. евро    -20

ЭНГ КАТТА ПАСАЙИШ

Орқага кетган футболчилар орасида «Атлетико» ярим ҳимоячилари «етакчи». Бунда Диего Симеоне жамоасининг омадсиз мавсуми таъсири катта, албатта. Демак, Маркос Льоренте ва Коке трансфер баҳоси бўйича нақ 35 миллион евродан йўқотишди. «Барселона»да ўз ўрнини тополмаган Френки де Йонг кучли учликда - нидерландиялик футболчининг нарх ёрлиғи 50 фоиз арзонлаб, 30 миллион еврога тушди. «Қулаганлар» орасида Лионель Месси ва Неймар ҳам бор. Умуман, «ПСЖ» ҳужум триосида фақат Килиан Мбаппе қимматлашмоқда. Буни ёш фактори билан изоҳлаш мумкин. Хуллас, аргентиналик юлдуз 30 миллион, бразилиялик эса 25 миллион арзонлашди. Тўғри, гап фақат ёшда ҳам эмас. Дейлик, Парижда «Барселона»даги Леони кўришгани йўқ, Неймар эса Лига 1да статистикасини яхшилади, аммо ЧЛда шунчаки, «чўкди» (6та ўйинда атиги 2та самарали узатма). Энг таъсирчан «қулаш»ни эса Эден Азар қайд этди. Бельгиялик футболчи бир неча йил олдин дун­ёнинг энг сара юлдузлари қаторида эди, кейин 115 миллион евро эвазига «Реал» сафига қўшилди. Охирги мавсумда эса унинг трансфер қиймати 70 фоиз арзонлашиб, 12 миллион еврога тушди.

Дарвоқе...

Лионель Месси трансфер нархи бобида 30 миллион евро йўқотган бўлсада, 35 ёш ва бундан катта қимматбаҳо футболчилар рейтингида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда. Таққослаш учун айтсак, 2-ўриндаги Криштиану Роналду айни пайт қоғозда аргентиналикдан 20 миллион евро арзон...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади