ОЧЛ-2023/2024: 4-турдан турли-туман ҳосила

ОЧЛ-2023/2024: 4-турдан турли-туман ҳосила

ОЧЛ гуруҳ раунди 4-тури жамоаларимиз ва мухлисларимизга хилма-хил натижалар тақдим этди.

 «Навбаҳор»нинг Эрондаги ғалабаси кўнгилларни яйратган бўлса, ОКМКнинг мағлубияти акс садо берди...

*** 

Ўзбекистон жамоалари ОЧЛнинг жорий мавсуми ҳозиргача 510 минг доллар ишлаб топди (сафар харажати учун бериладиган пул ҳисобга киритилмаган). Энг катта улуш «Навбаҳор» ҳиссасига тўғри келмоқда, ОКМК эса фақат гуруҳ босқичидаги иштирок учун кафолатланган бир марталик мукофот пули билан чекланиб турибди. Олмалиқ жамоаси нафақат Ватан ёки коэффициент очколари, балки мукофот пули учун ҳам ғалаба ҳақида ўйласа ёмон бўлмасди... Эслатма, гуру?дан чиққан жамоаларга қўшимча 100 000 доллар берилади. «Плей-офф» остонасидаги «Навбаҳор» жорий мавсум сарфлашни ҳам, ишлашни ҳам эплаяпти. Қандини урсин!

*** 

«Навбаҳор» нимчорак финал масаласини деярли ҳал қилган бўлса, «Ал-Файсали» ғалабаси «Насаф»нинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини оширди. «Пахтакор» ҳам қолган учрашувларни ижобий натижа билан якунласа, гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаши мумкин. Демак, жамоаларимиз кейинги босқичга йўл олган тақдирда «Ғарб» минтақасида нимчорак финалга қуръа ташлаш механизми қандай кўринишда бўлади? 1|8 финалга чиққан 8та жамоа (5та гуруҳ ғолиби } 3та энг яхши натижага эга 2-ўрин эгаси) икки саватчага белгиланган тартибда бўлинади:

Гуруҳ ғолиби 1 vs энг яхши натижали 2-ўрин 1

Гуруҳ ғолиби 2 vs энг яхши натижали 2-ўрин 2

Гуруҳ ғолиби 3 vs энг яхши натижали 2-ўрин 3

Гуруҳ ғолиби 4 vs гуруҳ ғолиби 5 (энг паст натижа соҳиби)

Битта гуруҳдан чиққан 2та жамоа нимчорак финалда ўзаро тўқнаш келмайди. Лекин 1та мамлакатнинг икки вакили 1|8 финалдаёқ бир-бирига қарши ўйнаши мумкин. Нимчорак финалнинг дастлабки ўйинлари 2024 йилнинг 12-13 февраль кунлари 2-саватча вакиллари майдонида бўлиб ўтади. Жавоб баҳслари эса 19-20 февраль кунлари гуруҳ ғолиблари майдонида. Қуръа санаси - 28 декабрь.

***

«Навбаҳор» етакчиларидан бири Остон Ўрунов  «Нассажи Мазандаран» билан ўйиндан сўнг «Инстаграм»даги саҳифасига Россиянинг «Матч ТВ» телеканали ёзган постни жойлаб, «Тез орада қайтаман», дея изоҳ қолдирди. У бу билан  яна легионерга айланиши, Россия чемпионатига боришига ишора қилгандек. 

***

«Навбаҳор» дарвозабони Ўткир Юсупов ОФК томонидан 4-тур рамзий жамоасига киритилди. Миллий жамоамиз кипери SofaScore талқинидаги тур рамзий жамоадан ҳам жой олди. Унинг «Нассажи Мазандаран»га қарши сафар ўйинидаги ҳаракати 8,1 баллга муносиб кўрилди.

***

Ўзбекистон жамоалари ОЧЛ 4-турида ОФК рейтинги учун 1,25 балл ишлади. «Нав­баҳор» 3 балл олиб келган бўлса, «Насаф» ва «Пахтакор» ҳисобимизга 1 очкодан қўшди. Умумий 5 очко 4та жамоага бўлиниши натижасида Ўзбекистон ҳисобига 1,25 балл ёзилди. ОЧЛ 4-туридан сўнг Ўзбекистон мавсум-2023|2024 рейтингида 5-ўрин («Ғарб» минтақасида 3-ўрин)ни эгаллаб турибди.

*** 

ОКМКнинг гуруҳдоши «Ал-Иттиҳод» бош мураббий Нуну Сантуни лавозимидан озод қилди. Бунга португалиялик мутахассиснинг Карим Бензема билан можарога боргани сабаб эканлиги айтилмоқда. Айни пайтда Сау­дия клуби янги мураббий изламоқда ва номзодлар жуда кўп: Хулен Лопетеги, Ханс-Дитер Флик, Пауло Соуза, Лоран Блан, Жозе Моуриньо, Альфред Шрёдер... Инсайдер Николо Скиранинг маълумотига кўра эса араблар «Реал»да Бенземага устозлик қилган 57 ёшли Лопетеги билан келишувга эришишган. Италия футболи афсонаси Паоло Мальдини эса «Ал Иттиҳод»­да директор лавозимини эгалласа, ажабмас. Эслатма, «Ал-Иттиҳод» ОЧЛ 5-турида ОКМК меҳмони бўлади. 

***

Аргентиналик машҳур собиқ ҳужумчи Эрнан Креспо «Ал-Айн» бош мураббийи лавозимига тайинланди. У кутилмаганда БАА клуби билан ҳамкорликни тўхтатган нидерландиялик 51 ёшли Альфред Шрёдер ўрнини эгаллади. Эътиборлиси, «Ал-Айн» гуруҳ бос­қичида кетма-кет 4та ғалабага эришиб, нимчорак финалга йўлланма олган биринчи жамоа бўлди. БАА клуби 5-тур ўйинида «Пахтакор»ни қабул қилишини эслатиш керак.