Сеск Фабрегас: «Қандай ўйинни хоҳлаётганимни аниқ биламан...»

Сеск Фабрегас: «Қандай ўйинни хоҳлаётганимни аниқ биламан...»

Яқин ўтмишнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири Сеск Фабрегас яқинда Tot Costa дастури (Catalunya Rаdio канали) меҳмони бўлди.

Испаниялик мутахассис суҳбат жараёнида Хавининг «Барселона»даги иши юзасидан гапирди. Табиийки, Сеск «Комо» мураббийи ролида тўплаётган тажрибасига ҳам алоҳида тўхталди. Айтиш жоиз, Италиянинг ушбу камтарин клуби якунланган мавсум «В» серияда катта муваффақиятга эришди ва ҳозир узоқ танаффусдан кейин элит дивизионда ўйнашга ҳозирлик кўрмоқда.

- Сеск, Хавининг «Барселона» бош мураббийи ролидаги даври якунланди. Унинг ишига қандай баҳо бериш мумкин? 

- Шундоқ сезилиб турди, Хави «Барселона»да ёш йигитлар билан клубни яққол тараққиёт сари етаклади. Тўғриси, гранд клубда ёшларга бу қадар кенг йўл очиш, уларни қўрқмасдан майдонга тушириш учун мураббий етарли даражада характерга эга бўлиши керак. Оддий айтганда, Хави қисқа вақтда жасорат кўрсатди. Олдинроқ Куман ҳам худди шундай йўл тутганди. Айтиш мумкинки, «Барселона» шу икки мутахассис туфайли келажак учун жуда зарур ёш истеъдодлар гуруҳига эга бўлди. Кўп ҳолларда катта клубларда мураббийнинг ёш иқтидорларни натижа йўлида қурбон қилишига тўғри келади. Чунки ёш йигитлар билан бирданига соврин ютиш жуда мушкул. Лекин унутмаслик керак, чин истеъдодлар 3-4 йил ичида юлдуз даражасига етишлари ва совринлар ўз-ўзидан келиши мумкин. Шахсан мен келажак учун тикилган сармоя эртами-кеч натижа беришига асло шубҳаланмайман. Эҳтимол, Хави «Барселона» бош­қарувидаги қисқа вақтда қандай ишларни амалга оширгани кейинроқ яққол кўринар ҳали...

- Сизнингча, Хави «Барселона»га эртароқ келмаганмиди?

- Йўқ, футбол ниманидир ёки кимнидир кутиб ўтирмайди. Баъзилар Хави «Барселона» даражасидаги клубни бош­қариш учун етарли малакага эга бўлмай туриб, иш бошлаганини айтишлари мумкин. Лекин бундай қараш ҳамиша нисбий ҳисобланади. Зеро, муайян мураббийнинг айниқса, катта клубда қандай ишлаши аввало, таркиб даражаси ва умумий ҳолатга боғлиқ. Бунга Хосеп Гвардиола ва Зайниддин Зиданни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Дейлик, Пеп «Барселона» бошқарувини қўлга олган пайт клуб 2 йилдан буён ҳеч нарса ютолмаётганди (аслида бу даврда Испания суперкубогини қўлга киритган). Лекин жамоа таркиби чакки эмасди, қолаверса, мураббий бир неча муҳим трансферларни амалга оширди. Хусусан, Жерар Пике, Дани Алвеш ва Сейду Кейта «Барса» сафини тўлдиришди. Пеп шу тариқа барчани жамоа истиқболига ишонтирди. Кейин нималар бўлганини ҳамма билади. Демоқчиманки, мураббий тўғри калитни танласа, бас. Ҳеч ким катта клубни бошқаришга қачон тайёр бўлишини айтолмайди. Ҳаммасини амалда синаб кўриш керак, тамом. Яна бир оддий мисол: бутсаларимни энди михга илганимда, кимдир мендан «Комо»ни бошқариш ва клубни «А» серияга олиб чиқишга тайёрмисиз?» қабилида сўраганида, уни шунчаки, ақлдан озган кишига чиқарардим. Амалда эса худди шундай бўлди, яъни салоҳиятимга амалий тажриба асносида ишонч ҳосил қилдим. Таклиф тушгач, аввало, Микель Артета билан гаплашдим, у эса мураббийлик сифатларига эга эканлигим, клуб муаммоларини ҳал этиш учун ақлим етишини таъкидлади. Артета шунингдек, агар клубда муҳит яхши бўлса, тезда муваффақият қозонишимга ишонч билдирди. Жумладан, жамоада ўйин масалаларини фақат мураббийлар штаби ҳал этиши кераклигини ҳисобга олишимни уқтирди. Шу тариқа йигитларни ўз ғояларимга ишонтиришим, шахсий футбол фалсафамни тўғри етказишим зарурлини тушундим. Яна бир муҳим жиҳат бор: жамоада бош мураббий ўзини ўраб турадиган ёрдамчи мутахассисларни тўғри танлаши лозим. Йўқ, ассистентлар ҳар бир фикрингизни маъқуллашлари шарт эмас, улар қайсидир масалада ўз ғояларини илгари суришлари, савия бобида ҳатто сиздан ҳам ошиб кетишлари керак. Шунда штаб ҳамфикр ишлаш борасида ривожланади, кутилган ўсиш кузатилади. Келажакда ҳам жамоани бошқаришга аралашадиган, қандайдир муаммо туғдирадиган одамлар билан ишлашни хоҳламайман. Бу борада ҳамиша ўзимга савол бераман: «Сеск, тўғри муҳитга тушдингми?» Шу аснода қалбимга қулоқ солиб, якуний тўхтамга келаман. Умуман, жамоада ҳамма ўзига яраша ваколатга эга бўлиши жуда муҳим.

- Замонавий футболда жис-моний тайёргарлик роли ошиб кетганини кўп таъкидлашмоқда. Бу борада нима дея оласиз? 

- Ҳозирги кунда яхши ўйнашнинг ўзи етарли эмас, албатта. Хусусан, жисмоний тайёргарлик устида алоҳида шуғулланиш талаб этилади. Мисол учун, Италияда кўплаб жамоалар тажовузкор ўйинга мойил. Яккама-якка курашларда рақибларнинг кучли босимига бардош бериш учун эса таркибда жисмонан бақувват ижрочиларга эга бўлишингиз шарт. Хуллас, ҳозирда жисмоний тайёргарликка эътиборсиз қараш асло ярамайди. Акс ҳолда, жангга киришмасданоқ енгиласиз, тамом. Мана, Гвардиола «Манчестер Сити»да Кайл Уокер, Мануэль Аканжи, Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолдан иборат 4 нафар марказий ҳимоя­чи билан қандай қўрғон ясаганини бир кўринг. Пеп аҳмоқ эмас, у футбол айнан қайси йўлдан кетаётганини яхши билади. Гвардиола шунинг баробарида бақувват йигитлар ансамблини техник салоҳияти баланд ихчамроқ футболчилар билан тўлдирди - Бернарду Сильва, Жереми Доку, Хулиан Альварес, Фил Фоден... Олдинда эса Эрлинг Холанддек йиртқич бор.

- Хўш, «Комо»нинг янги мавсум учун  мақсад ва вазифалари қандай?

- «А» серияда нимага интилишимиз кераклигини аниқ биламиз. Мақсад рўёби учун эса ҳаммасини тўғри йўлга қўйиб, вазифаларни сифатли  бажаришимиз керак. Барқарорлик - энг реал мақсад. Ўйин даражаси ҳам жуда муҳим, албатта. Ҳозирда «Қомо» қандай ўйнашини хоҳлаётганим борасида жуда аниқ тасаввурга эгаман. Бундан нима чиқишини эса мавсум давомида кўрамиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади