«Бўрилар» ҳам худди Италия клублари каби ҳамюртимизни кейинчалик тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи билан 1 йил ижара келишуви асосида ўйнатмоқчилар. Бироқ бу «Рома»га маъқул эмас - римликлар Элдорни бирданига сотмоқчилар. Шомуродовнинг «Торино» ва «Болонья»га ўтиш масаласи ҳам шу шарт туфайли очиқ турибди. Дейлик, La Gazzetta dello Sport нашрида ёзилишича, «Рома» ва «Болонья» трансфер шакли бўйича тил топишолмаяпти. Оддий айтганда, Рим жамоаси Элдорни тўғридан-тўғри сотмоқчи, «Болонья» эса аксинча, аввалига ижара келишуви бўйича олиш ниятида. Эслатма, олдинроқ Шомуродовга «Торино» ва «Сассуоло»дан ҳам жиддий қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабарлар чиққанди.
Бу вақтда «СЭ» нашри журналистлари Шомуродовга «Ростов»да устозлик қилган Валерий Карпиндан ҳужумчи атрофидаги вазият бўйича фикр сўрашди. «Шомуродовни «Ростов»га қайтариш имконияти туғилсагина бу ҳақда бош қотирамиз. Имкон қадар унинг атрофидаги вазиятни кузатиб боряпмиз. Хўш, фаолиятини қаерда давом эттириши керак? Ҳамма гапираётган «Болонья»дами? Бу каби саволлар менга тегишли эмас. Ахир уни 2-3 йилдан бери шуғуллантирмаяпман. Бундай саволларга аниқ жавобни Жозе Моуриньондан сўранглар», - деди Валерий Карпин.
Match TV хабарига қараганда эса, Шомуродовга реал даъвогарлар сони 5тага етди. Яъни «Болонья», «Торино», «Сассуоло» ва «Вулверхемптон»дан ташқари, курашга Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби ҳам қўшилди.
***
«Энергетик-БГУ» голеадори Бобур Абдухолиқовнинг Беларусь чемпионатидаги фаолияти якунига етаётган кўринади. Ҳар ҳолда, унга Россия Премьер-лигаси, Бундеслига-2 ва Туркия Суперлигаси клублари томонидан қизиқиш катта. Таъкидланишича, даъвогар клублар скаутлар «Энергетик»нинг навбатдаги ўйинларида ҳамюртимизни алоҳида кузатишади. Маълумот учун, Бобур жорий мавсум Беларусь клубининг 15та ўйинида 15та гол уришдан ташқари, яна 5тасига ассистентлик қилди. Transfermarkt талқинига кўра, ҳужумчини трансфер суммаси 800 минг еврога тенг.