ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Ёқимли голлар порцияси

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Ёқимли голлар порцияси

Италия. Элдор Шомуродов «А» серияда навбатдаги ассистни қайд этди. Муҳими, «Кальяри» ўз майдонида «Аталанта»ни «камбэк» эвазига доғда қолдирди - 2:1.

Ҳам­юртимиз «А» серия 31-туридан ўрин олган ушбу учрашувда 66-дақиқагача тўп суриб, танаффусга чиқишга оз фурсат қолган паллада ҳисобни тенглатирувчи гол ҳаммуаллифига айланди. Миллий жамоамиз сардорининг ўйини 7,5 баллга лойиқ кўрилганини ҳам айтиш керак - жуда яхши баҳо.

Россия. РПЛ 23-туридан ўрин олган ЦСКА - «Факел» ўйинида «армиялар» енгил ғалабага эришишди. Эътиборлиси, 4:1 ҳисобида якунланган баҳсда ЦСКАнинг 3-голига Аббос Файзуллаев муаллифлик қилди 75-дақиқада. Ҳамюртимиз шундан сўнг, 85-дақиқада захирага олинди. Файзуллаевнинг РПЛ жорий мавсумидаги умумий статистикаси - 15та ўйин, 2та гол ва 4та ассист. Айтганча, учрашувдан сўнг россиялик космонавтлар Антон Шкаплеров ва Александр Скворцов ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов, дарвозабон Игорь Акинфеев ва айнан Файзуллаевга Russia Time компанияси қўл соатини тантанали тарзда топширишди. Россиялик журналист ЦСКА — «Факел» ўйинидан кейинги флэш-интервьюда эса Файзуллаевдан Ўзбекистон олимпия жамоасига қўйиб юборилмаётгани ҳақида ҳам сўради. «Эшитишимча, бу борада музокара кетмоқда. Ўзимга қолса, мамлакатим жамоа­сига ёрдам беришга тайёрман. Агар қўйиб юборишса, Осиё чемпионатида ўйнайман, албатта», — деди хавбек бу борада. Айтганча, ЦСКА бундан олдин Россия кубоги ярим финали биринчи ўйинида «Балтика»ни ягона гол эвазига доғда қолдирган баҳсда Файзуллаев тўлиқ вақт тўп сурганди. Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиевнинг клуби «Рубин» эса тур ўйинини кеча сафарда «Оренбург»га қарши ўтказди. Дарвоқе, Ашурматов «Матч ТВ» каналига берган интервьюсида Элдор Шомуродовни алоҳида эътироф этди: «Ўзбекис­тонда РПЛ ўйинларини қизиқиш билан кузатишади, албатта. Ахир чемпионатда Элдор Шомуродов ва Одил Аҳмедов яхши тўп суришган. Элдор биз учун - ўрнак. Машғулотларда ҳам унинг даражаси сезилиб туради». Маълумот учун, Ашурматов РПЛ 22-туридан ўрин олган «Рубин» - «Ахмат» учрашуви- (2:1)нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. 

Франция. «Ланс» Абдуқодир Ҳусанов иштирок этмаган уй ўйинида «Гавр»ни енголмади. Жамоа Лига 1 28-тури доирасидаги баҳснинг 78-дақиқасида пенальтидан гол қўйиб юбориб, ғалабани қўлдан чиқарди - 1:1.

Эрон. Теҳроннинг «Истиқлол» клуби Жалолиддин Машарипов 83 дақиқа тўп сурган баҳсда «Мес Рафсанжан»­ни мағлуб этиш йўлини тополмади. «Озоди»да бўлган ва 2:2 ҳисобида тугаган баҳсда ҳам­юртимиз 83 дақиқа ўйнади. «Сириан» - «Персеролис» учрашуви тақдирини Остон Ўрунов томонидан урилган ягона супергол ҳал қилди. Умуман, у майдонда 86-дақиқагача яққол ажралиб турди. «Пейкан» - «Истиқлол» (Ҳузистон) қарама-қаршилигида ҳам 1та гол кузатилди. Фарқи шуки, у мезбон жамоага ғалаба келтирди. Яъни тўлиқ 90 дақида ҳаракатланган Достон Турсунов ўз жамоаси билан аламли мағлубиятга учради.

Туркия. «Сивасспор» ўз майдонида «Фотиҳ Қорагюмрюк» дарвозасига 89-дақиқада йўл топди ва ғалаба қозонди - 1:0. Суперлига 31-туридан ўрин олган ушбу учрашувда мезбон жамоа вакили Азиз Турғунбоев 64-дақиқагача майдонда бўлди. Ҳусниддин Алиқуловнинг клуби - «Ризеспор» эса «Истанбулспор» майдонида йирик - 4:0 ҳисобида устун келди. Миллий жамоамиз ҳимоячиси ғалабага тўлиқ вақт давомидаги фаоллиги билан ҳисса қўшди. У шунингдек, 54-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Whoscored портали томонидан легионеримизнинг ўйини 7,3 баллга лойиқ кўрилди. Фақат «Қайсариспор» ўз майдонида «Қосимпошо»га 0:2 ҳисобида ютқазди. Отабек Шукуров ушбу омадсиз баҳсда иштирок этмади.

Жаҳонгир Ўрозовнинг клуби «Эюпспор» эса Туркия чемпионати Биринчи лигаси финишига 5та тур қолган паллада 1-ўринни расмийлаштирди. Арда Турон бошқарувидаги Истанбул клуби 29-турда «Алтай» қабул қилиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Тўғри, ҳамюртимиз бу учрашувда ҳам четда қолди. Умуман, «Бунёдкор»дан 300 минг евро эвазига «Эюпспор»га ўтган Ўрозов шу кунга қадар жамоанинг атиги 1та  ўйини (кубок доирасида «Бешиктош»га қарши)да 3 дақиқагина тўп сурди.

БАА. «Шабаб Ал-Аҳли» Про лига 18-турида «Ал-Жазира»ни қабул қилиб, 3:2 ҳисобида муҳим ғалабага эришди. Бошланғич таркибда майдонга тушган мезбон жамоа хавбеки Азиз Ғаниев 55-дақиқагача фаол ҳаракатланди ва ўз ўрнини эронлик Саид Иззатуллоҳига бўшатиб берди. Тур ўйини «Хорфаккан»га омадсиз келди. Жамоа Азиз Амонов 72 дақиқа, Абдулла Абдуллаев тўлиқ вақт тўп сурган баҳсда «Ал-Батах»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди, боз устига, ўз майдонида. Ҳожимат Эркинов эса «Ал-Ваҳда»нинг «Бани Яс»га қарши ғалабали ўйини (3:1)да 81 дақиқа давомида рақиб ҳимоя­чиларига асло тинчлик бермади.

Қозоғистон. «Туран» билан сафар ўйини (ҚПЛ 4-тури)да «Ордабаси»га ғалаба келтирган ягона гол 25-дақиқада Жасур Яхшибоев томонидан урилди. Якунда 79 дақиқа ҳаракатланган ҳамюртимиз учрашувнинг энг яхши футболчисига аталган соврин соҳибига айланди. Айтиш жоиз, у шу билан 2-марта ўйин лауреати бўлди. Шимкент жамоасидаги яна бир легионеримиз Шаҳбоз Умаров эса бу сафар 64-дақиқача тўп сурди. «Қайрат» вакили Иброҳимхалил Йўлдошев «Жетису»га қарши уй ўйи­ни (0:0)да тўлиқ 90 дақида тўп сурган бўлса, Шоҳназар Норбеков («Қайсар») сафарда «Елимай» билан бўлган баҳс (0:1)нинг якунида ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Ўз ўрнида яна бир маълумот: Goal.kz нашри Жасур Яхшибоевни март ойи рамзий жамоасига киритди. Чунончи, футболчимиз ой давомида чемпионатнинг 3та ўйинида иштирок этиб, 2та гол ва 1та ассист қайд этди.

Ж.Корея. «К»-2 лигаси 5-тури доирасидаги «Асан Мугунхва» - «Соннам» ўйини 1:1 ҳисобида якунланди. Меҳмон жамоадаги легионеримиз Икром Алибоев мазкур беллашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди.