Амир Галинойи: - Аввало, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Канатецга соғлик тилайман. Эртага бизда кўп имкониятлар бўлмайди . Аввалги икки ўйинда вазиятларни кўкка совурдик . Бу сафар минимал имкониятлардан максимал фойдаланишимиз керак . Ҳозир да бор эътиборимиз Ўзбекистонга қарши баҳсга қаратилган. Шуни айтишим мумкинки, Эрон — дунёдаги энг яхши ва тинч мамлакатлардан бири. Ташқи нарсаларга чалғимай, бор эътиборимизни футболга қаратишимиз, томошабоп ўйин кўрсатишимиз ва Тошкентдан 3 очко олиб кетишимиз керак.
Ҳимоямиздаги йўқотишлар? Дастлабки икки турда «қуруқ ўйин» ўтказдик ва эртага ҳам бу серияни давом эттиришга уринамиз . Мен 50 йилдан бери футболдаман. Шунча йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, биз ҳар доим энг яхши ўйинимизни ва мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишимиз керак.
Сардор Азмун: - Эртанги ўйин жуда муҳим, аммо биз Ўзбекистонга қарши қандай ўйнашни биламиз. Умид қиламанки, 3 очко билан қайтамиз . Бироқ, рақибга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, улар сўнгги марта бизга жиддий чақирув ташлаб, муаммо туғдирганига 12 йил бўлди, 2012 йилдан буён Эронни мағлуб эта олишмаяпти...