АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«Ливерпуль» раҳбарияти жорий ёз таркибни «ямаш» устида фаол иш олиб бормоқда.
Ҳар ҳолда, «қизиллар» ҳужумчи Дарвин Нуньес трансферидан сўнг Шотландиянинг «Абердин» клубидан 18 ёшли ҳимоячи Кэлвин Рэмзини сотиб олишди. Клуб расмий сайти эса 22-рақамни танлагаан иқтидорли йигитни дарҳол интервью беришга кўндирди.
- Кэлвин, «Ливерпуль» оиласига қўшилганингиз билан табриклаймиз! Ҳиссиётлар қандай?
- Раҳмат. Бундай жамоага ўтиш таърифланмас туйғу улашади, албатта. Кеча келдим, бугун тиббий кўрик бўлди, клуб базасини айланиб чиқдим. Ҳаммаси яхши. Шароитларга гап йўқ, ходимлар самимий ва меҳрибонлик билан кутиб олишди. Хуллас, танишув фақат руҳлантирди.
- «Ливерпуль» томонидан қизиқиш борлигини эшитгач, аввало, нималар ҳақида ўйладингиз?
- «Абердин»да энг яхши футболчилар қаторига қўшилганимдан сўнг бундай гап-сўзлар кўпайди. Айниқса, январь ойида. «Ливерпуль» чорловидан хабар топганимдан сўнг эса дарҳол якдил тўхтамга келдим: «Айни шу клубга бораман». Мана, ҳаммаси муаммосиз амалга ошди. Энди тезроқ ишга киришиш иштиёқида ёняпман. Айниқса, «Энфилд»да мухлислар билан тезроқ кўришиш ва нималарга қодирлигимни намойиш этишни истайман.
- Ўйин услубингизни тасвирлаб берсангиз...
- Ўнг қанот ҳимоячисиман ва ҳужумга қўшилишни ёқтираман. Ўйлайманки, ҳимоявий ҳаракатларда яхшиман, лекин асосий хусусиятим - ҳужум билан боғлиқ, менимча. Дейлик, яхшигина кросс олишим мумкин, ҳар икки оёғим билан бирдек зарба бераман. Лозим топилса, марказдан жой олишим ёки янада олдинроқда ҳаракатланишим мумкин. Шунингдек, вингер позицияси ҳам бегона эмас. Асосийси - майдонда қаттиқ ишлаш. Қўлдан келганига ҳаракат қиламан, албатта.
- Трент Александер-Арнольд билан бирга шуғулланиш имкониятидан нима кутяпсиз?
- Трент - ажойиб футболчи. Якунланган мавсум давомида ҳам уни кўп кузатдим, ўйинидан нималарнидир олишга уриндим. Ўйлайманки, ҳужумга алоқадорлик масаласида бир хилмиз. Қолаверса, Трент ҳам ҳали анча ёш. Шундай ижрочи билан ҳамкорлик қилиш ва ундан ўрганиш - зўр имконият. Ҳа, рақобатлашишда қийналишим турган гап, лекин клуб сафига айнан ўсиш мақсадида қўшилдим. Асосий таркибдан жой учун чинакамига курашишдан умидворман.
- Фаолиятингизни марказий ярим ҳимоячи ролида бошлагансиз...
- Шундай. Ҳозирга қадар турли позицияларда ўйнаб кўрдим. «Абердин» академиясида майдон марказида ҳаракатланардим, кейин ҳимоянинг ўнг қанотига ўтдим. Эсимда, ўзгаришдан кейинги биринчи ўйин «Челси»га қарши кечган ва роса қийналгандим. Муҳими, ўшандаёқ янги вазифани уддаладим. Шу-шу ўнг томонга ўрнашдим. Эътиборни фақат тўпга қаратаман, узатма ва зарба бериш устида кўп ишлайман. Умуман, ҳозир ҳам марказий ярим ҳимоячи ёки ўнг қанот ҳимоячиси ролида бемалол ўйнай оламан.
- Болалигингиздан «Абердин»га мухлислик қилгансиз. Отангиз эса «Энфилд»да тушган суратингизни кўрсатди. Ўшанда атиги 2 ёш бўлган экансиз...
- «Ливерпуль» шайдосиман, албатта. Бу ерга ақлимни таниганимдан кейин ҳам келганман. «Ливерпуль» - катта клуб. Болалигимда Луис Суарес ўйинига ошуфта эдим. Афсона Стивен Жеррардга ҳам меҳрим баланд.
- «Ливерпуль» чап қанотида Шотландия миллий жамоаси сардори Эндрю Робертсон ҳаракатланади. У билан битта клубда ўйнаш нимани англатади?
- Эндрюдан ҳам ҳали кўп ўрганишим керак - идеал қанот ҳимоячиси. Унинг тинмай олдинга югуриши ва ортга қайтиши, жисмоний қуввати, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам бирдек ўйнашидан ҳайратланаман. Робертсондан айниқса, ҳимоявий ишлар масаласида сабоқ олишим муҳим.
- Босим сезиляптими, бу борада хавотир йўқми?
- Ҳозир мутлақо хотиржамман. «Абердин»да ўйнаётганимдаёқ хизматимга қизиқиш бўлишини билардим. Мана, энди энг буюк ва зўр клублардан биридаман. Бу - катта ютуқ. Мавсумолди йиғинларида нималарга қодирлигимни кўрсата олсам, бас. Яхши томони, жамоага мавсум бошланишидан анча олдин келдим. Демак, ўзимни кўрсатишим учун вақт бор.
- «Ливерпуль» ёш футболчиларга имкон бериши билан машҳур. Бу ҳам танловингизга таъсир қилдими?
- Албатта. Трент ва Харвининг қандай юксалишганига қараб ҳам хулоса чиқариш мумкин. Клубда ёш футболчи учун аниқ йўл белгиланганки, келишимнинг сабабларидан бири шу. Менимча, мавсумолди машғулотларида ўзимни кўрсата олсам, асосий таркибга кирмаслигим учун сабаб қолмайди.
- Ҳали жуда ёшсиз, аммо «Абердин»да 39та ўйин ўтказишга улгурдингиз. Шотландия чемпионатидаги фаолиятингизга қандай баҳо берасиз?
- Ҳа, ёшимга нисбатан олсак, етарлича ўйинда иштирок этдим. Айниқса, охирги мавсум шиддатни анча оширдим. Кўп ўйнаш учун изчил ишлаш талаб этилади, албатта. Асосийси, менга имконият берилди ва ундан фойдаландим. Умид қиламанки, «Ливерпул»да ҳам шундай бўлади.
- «Қизиллар» бир неча кун аввал Дарвин Нуньес билан ҳам шартнома тузишди. Умуман, таркиб кучли ижрочиларга тўла.
- Ҳа, топ-футболчилар гуруҳи. Биламан, аввалига бироз асабийлик кузатилади, лекин вақт ўтиши билан барчасига кўникиб, яхши ўйнаб кетишимга шубҳам йўқ.
- Охирги савол: сиз учун орзу мисоли мавсум қандай бўлади?
- Жамоадаги дебют ўзгача туйғу бағишлаши турган гап. Тушунарлики, қанча кўп ўйнасам, шунча яхши. «Энфилд»да ўз сўзимни баралла айтишни истайман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789