Вундеркиндлар: «Штутгарт»даги «Янги Ройс»

Вундеркиндлар: «Штутгарт»даги «Янги Ройс»

Германия термасидан бир неча бор чақирув олиб, ҳар сафар сукут билан жавоб қайтарган футболчи борлигини биласизми?

Кўпчиликка нотаниш бўлган Матео Климович бунга яққол мисол. Қуйидаги мақолада ушбу иқтидор соҳиби билан таништирамиз.

Испаниялик журналист Сезар Луис Мерло берган маълумотга кўра, «Штутгарт»нинг ёш футболчиси Матео Климович уч марта Ханс Фликдан тушган чорловга рад жавобини берди, зеро у Аргентина термасида тўп суришни хоҳлайди. Ижтимоий келиб чиқиши 21 ёшли ярим ҳимоячига уч жамоа - Германия, Аргентина ва Польшадан бирини танлаш имкониятини беради.

Футболчининг ушбу қарорига ажабланмаса ҳам бўлаверади - бу масалада Матео отаси - «Боруссия Дортмунд», «Вольфсбург» ҳамда «Бохум» клубларида тўп сурган (Бундеслигадаги 213та ўйинда 70та гол) Диего Климовичга тортган. 2002 йилги жаҳон чемпионати арафасида у Польша термасидан таклиф олди. Мураббийлар штаби уни нигерия­лик маҳаллийлаштирилган футболчи Эммануэль Олисадебе билан жуфтликда ўйнатишни режалаштирганди. Диего рад жавобини берди. Орадан тўрт йил ўтиб, айни таклиф Украина термасидан тушди - яна рад жавоби. Ваҳоланки, форвард ўшанда афсонавий Андрей Шевченко билан тандем ҳосил қилиши мумкин эди. Бироқ Диего Аргентина миллий жамоасига чақиришларини интизор бўлиб кутди. Афсуски, чақиришмади.

Гарчи Матео Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида туғилган бўлсада, футболдаги илк сабоқларни Германияда олган: отаси клубларда ўйнаётганда, кичик Климович маҳаллий мактабларда шуғулланган (ҳатто бир йилни «Боруссия» академиясида ўтказган). Шу омил ва отасидаги немис паспорти Германия ёшлар термасига йўлланмани тақдим этди: Матео Евро ва Олимпиада саралаш баҳсларига чақирилди.

2020 йилнинг кузида ФИФА ёш футболчиларга термаларини ўзгартириш имконини берувчи ўзгаришга қўл урди. Энди муайян мамлакат термасида учтадан кам расмий ўйинда қатнашганлар спорт фуқаролигини алмаштиришлари мумкин. Тўғри, Матео Климович учун ҳозирча миллий жамоа либосида тўп суриш орзулигича қолмоқда.

Диего фаолияти охирида Аргентинага қайтиб, «Институто» жамоаси таркибига қўшилди. Айнан ўша ерда Матеонинг профессионал карьераси старт олди. 2019 йили кичик Климович Германияга қайтиб, «Штутгарт» билан 5 йиллик шартнома имзолади. Ҳозирча у бошланғич таркибда мунтазам киролмаяпти, аммо 2021 йилнинг октябрида Бундеслиганинг энг яхши ёш ўйинчиси номига сазовор бўлди. У Германия чемпионатидаги дебют голини уришга улгурди: бу воқеа «Майнц»га қарши 2-тур учрашувида кузатилди.

«Штутгарт»даги 50та ўйинда бу йигитча 2}4 баллни расмийлаштирди - мақташга арзигулик натижа эмас. Хўш, унда ниманинг эвазига Флик эътиборини қозонди? Диего Климович интервьюларининг бирида ўғлининг ижобий жиҳатлари ҳақида гапирди: «У серқирра ҳужумкор футболчи, ҳам «сохта тўққизлик» сифатида, ҳам қанотда ёки плеймейкер ролида ўйнайверади». Бундан ташқари, Матео ҳар икки оёғидан бир хилда унумли фойдаланади.

«Боруссия Дортмунд» ва «Арсенал»нинг собиқ скаути, ҳозирда «Штутгарт» спорт директори Свен Мислинтат (Шинжи Кагава, Пьер-Эмерик Обамеянг, Матс Хуммельс ва ўнлаб бошқа иқтидорларни кашф этган) ҳам Матеодаги универсалликни алоҳида эътироф этиб, уни Марко Ройсга ўхшатди. «Климович соф вингер, соф «тўққизлик», соф «ўнлик» ҳисобланмайди, - дейди Мислинтат. - Бу футболчини Марко Ройс, Максимилиан Филипп ёки Андрей Крамаричга ўхшайди; ҳозирча иқтидор томонлама эмас, фақат ўйин услуби билан. У нафақат тез югуради, балки майдонни ҳам яхши кўра олади».

Ройсга ўринбосар топилса, ортиқчалик қилмайди: Марко сўнгги уч йил мобайнида термада атиги 4 марта ўйнаган (26та учрашувда майдонга тушиш имконияти бор эди). Энди эса унинг ўрнини эгаллайдиган муносиб номзод қидиришга тўғри келади.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади