Ўзбекистоннинг 19 клуби ОФК лицензиясини қўлга киритди

Ўзбекистоннинг 19 клуби ОФК лицензиясини қўлга киритди

Осиё футбол конфедерацияси навбатдаги лицензиялаш мавсуми натижаларини эълон қилди ва Ўзбекистоннинг 19 клуби лицензиялашдан муваффақиятли ўтгани маълум бўлди.

«Яқиндагина якунига етган лицензиялаш жараёнини муваффақиятли якунлаган клублар рўйхати тақдим этилди. 2023/24 йилги мавсум лицензиялаш натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 19 та клуби ОФК лицензиясини қўлга киритди ва бу борада Ўзбекистон қитъада энг яхши кўрсаткични эгаллади.
ОФК Элит Чемпионлар лигаси ҳамда ОФК Чемпионлар лигаси икки мусобақалари талаблари асосида ўтказилган лицензиялашдан муваффақиятли ўтган Ўзбекистон клублари:
1. ПАХТАКОР
2. НАВБАҲОР ЛОЧИНЛАРИ
3. НАСАФ
4. ОКМК
5. ҚИЗИЛҚУМ
6. СЎҒДИЁНА
7. БУНЁДКОР
8. НЕФТЧИ
9. МEТАЛЛУРГ
10. ЛОКОМОТИВ
11. ДИНАМО ПЛЮС
12. АНДИЖОН
13. БУХОРО
14. МАШЪАЛ
15. ШЎРТАН
16. ОЛИМПИК ТОШКEНТ
17. СУРХОН
18. ҚЎҚОН-1912
19. ХОРАЗМ
Суперлига ҳамда Про лиганинг иштирокчи клублари лицензия талабгори сифатида ОФК лицензиялаш регламенти шартлари асосида 5 та мезон бўйича ҳужжатларни тақдим этишди. Биз фахр билан таъкидлай оламизки, спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий ҳамда молиявий мезонлар бўйича ОФКнинг минимал талабларини Ўзбекистоннинг икки юқори дивизиони вакиллари бажара олишмоқда.
Ҳужжат топшириш жараёни ОФКнинг куз-баҳор тизимига ўтганини инобатга олган ҳолда ноябрь ойидан старт олиб, мартга қадар давом этмоқда. Молиявий меъзоннинг асосий талаби – клубнинг мавжуд шикоят ёки аризаларни белгиланган муддатлар ичида ҳал этишидир. Бунда 31 декабргача чиққан шикоятлар 31 мартга қадар ҳал этилиши назорат қилинади. Бу борада клубларнинг мавжуд молиявий муаммоларини дедлайнлар ичида ёпиши масаласи ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан жиддий назорат қилинади ва Ўзбекистон футболчилар уюшмаси билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Мазкур саналардан кейин чиққан қарздорликлар амалдаги лицензиялаш циклига дахлдор бўлмайди ва улар кейинги лицензиялаш мавсумига қадар ҳал қилинади. Бу қоидани футбол қонунчилиги билан етарли даражада таниш мутахассислар жуда яхши билишади.
Янги ташкил этилаётган қитъа клублар мусобақалари олдидан юртимизнинг 19 та клуби қитъа футбол уюшмасининг элит турнирининг минимал талабларини бемалол бажара оладиган ҳолатга етганидан беҳад мамнунмиз ва мазкур муваффақиятдан қувонаётган барча самимий юртдошларимизни табриклаймиз», — деб ёзади ПФЛ матбуот хизмати.