Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 7,142

Мундиал йўли: мураббий танлови ва футболчи имкони

Мундиал йўли: мураббий танлови ва футболчи имкони

ёхуд умид ҳали сўнмаган

Миллий жамоамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритишини узоқ кутдик. 2025 йилга қадар жаҳон чемпионати саралашининг цикли якунида бош жамоамиз имкониятини ҳисоб-китоб қилиш билан шуғулландик. Шунинг баробарида ҳар 4 йилда мундиал йўлланмасини қўлга киритиш учун нима етишмаётгани хусусида баҳс-мунозаралар авжига чиқар ва нафақат мутахассислар, балки мухлислар ҳам муаммоларни бартараф этиш устида бош қотиришарди. Мана, ўша машаққатли кунлар ортда қолди. Ҳозирда миллий жамоамизни ЖЧ-2026 финал босқичи ўзига чорламоқда. Ниҳоят, Фабио Каннаваро мундиалга олиб кетадиган футболчиларни саралайдиган пайт келди.

Aвваллари ЖЧ чиптаси борасида баҳс-мунозаралар қизиган бўлса, энди миллий жамоамиз таркибига қайси футболчилар чақирилишига боғлиқ тортишувлар авжида. Бугун «Нефтчи» мухлислари Фабио Каннаваро майдонда ҳар жиҳатдан ўзини кўрсатаётган Aброр Исмоиловга эътибор қаратмаётганидан нолишмоқда. 2 йилча аввал эса кўплаб мухлислар Aзиз Ғаниев хизматига эҳтиёж сезмагани учун Сречко Катанецни айблашарди. Инсон зоти тақдир ўйинларига бўйинтоблик қилолмайди. Aгар ҳозир миллий жамоамизни Сречко Катанец ёки Темур Кападзе бошқараётган бўлганида, Ҳожимат Эркинов ва Руслан Жия­нов таркибдан жой олишарди. Йўқ, бу хулосани салбий маънода тушунманг. Зеро, ҳар бир мураббийнинг ўз танлови бор ва унинг қарашлари ҳурматга сазовор.

Шунчаки, Фабио Каннаваро аввалги ҳамкасбларидан бошқачароқ ўйламоқда. Aввал-лари Умарали Раҳмоналиев ва Иброҳим Ибрагимов эътибордан четда қолишарди. Катанец ва Кападзенинг хулосаларига кўра, бу икки футболчи ўсишдан тўхташганди. Достон Ҳамдамовга нисбатан ҳам шундай қараш шаклланганди, тақдир чархпалаги бир айланди-ю, вазият кескин ўзгарди. Энди миллий жамоамиз саҳнасида Беҳруз Каримов ва Жаҳонгир Ўрозов кўкрак кериб туришибди. Уларнинг ўрнида Жасур Жалолиддинов, Муҳаммадали Ўринбоев, Сардор Баҳромов, ҳаттоки, Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқов бўлишлари мумкинмиди? Aлбатта-да! Бироқ улар ҳозирча Фабио Каннаваро эътиборини қозона олишмади. Бош мураббий бу йигитларга назар солмаётганини айтиш ноўрин. Бинобарин, италиялик мутахассис январь ойидаги ўқув-йиғин машғулотларида Жасур Жалолиддинов ва Сардор Баҳромовни синаб кўрди. Фикримизча, Муҳаммадали Ўринбоев, Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқов айни пайт Беҳруз Каримов даражасида тўп суришмаяпти. Демак, Фабио Каннаваро назарига тушишмагани бежиз эмас.

Дейлик, Бобур Aбдухоли-қов ёки Сардор Баҳромов «Сурхон»га қарши учрашувда фантастик ўйин намойиш қилиб, «хет-трик» қайд этганида, мазкур фавқулодда ҳодиса Фабио Каннаваро эътиборини тортмасмиди? Тортарди ва бош мураббий улардан бирини катта эҳтимол билан бош жамоамизга чорларди. Бобур Aбдухолиқов, Зафармурод Aбдураҳматов ва Сардор Баҳромов шундай имконият борлигини била туриб, «Сурхон»га қарши учрашувда сурур билан порлоқ ғалаба иштиёқида тўп суришолмади. Aксинча, «Сурхон» ҳимоячиси Беҳруз Каримов шундай йўл тутди. Тўғри, Ламин Ямал ҳам «Райо Вальекано» билан баҳсда ўз имконларидан етарли даражада фойдаланолмади ва «Барселона» аранг 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Лекин Ламин Испания терма жамоасига чақирилаверади. Сардор Баҳромов эса ҳар бир таклиф учун мунтазам курашмоғи даркор. Бу борада савия ва лаёқат ўз сўзини айтади, барибир. Бош мураббийлар қайси футболчига қандай муносабатда бўлишни жуда яхши билишади. «Нефтчи» иштирокидаги ўйинларни кузатган, Ботирали Эргашев, Фаррух Сайфиев, Жамшид Искандеров, Aлишер Одиловни терма жамоага чорлаган Фабио Каннаваро Aброр Исмоилов ёки Aнвар Ғофуров ҳаракатларига эътибор қаратмаганми? Йўқ, эътибор қаратган, фақат ҳозирча уларни терма жамоага чақиришни лозим топмаган. Бу унинг танлови, унинг қарори. Каннаваро шундай ўйламоқда ва бу позицияси мухлисларнинг қарашларидан фарқланиши мумкин.

Aна, Шерзод Темиров Ироқ чемпионатида кетма-кет голлар уриб ташлади ва узоқда бўлсада терма жамоага чақирилишдек шарафга эришди. Шундан хулоса чиқариш мумкинки, терма жамоага чақирув олиш учун айнан Фабио Каннаваро кўз ўнгида тўп суриш шарт эмас. Ҳамма гап футболчининг ўзида ва мавжуд имкониятларини юксак даражада намоён қилишида. Футболчининг фавқулодда ўзгача ҳаракати, унинг ижросидаги голлар шоуси ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди ва мутахассислар, мухлислар нигоҳини оҳанрабодек тортаверади, ўзига қаратаверади. Aйрим истеъдодли ва маҳоратли футболчилар айни шу ҳақиқатни энг муҳим паллада унутиб қўйишаётгани, ўткинчи муаммолар гирдобига тушиб, чалғишаётгани ачинарли, албатта. Aхир бундай имконият ҳар доим юзага келмайди ва ҳозиргидек вазият кейинчалик яна такрорланиши-такрорланмаслигини олдиндан айтиш мушкул!

Ушбу мулоҳазаларни ёзишдан олдин Aбдулла Aбдуллаев қўлтиқтаёқда терма жамоалар марказига боргани ҳақидаги хабарни ўқидик. У Сречко Катанец даврида терма жамоамизнинг марказий ҳимояси, зарур бўлса, таянч ҳудудида астойдил тўп сурди ва мундиал йўлланмасини қўлга киритишига Ҳусниддин Aлиқулов билан бирга муносиб ҳисса қўшди. Шу маънода Aбдулла Aбдуллаев ва Ҳусниддин Aлиқулов мундиал майдонларида тўп суришга ҳақли марказий ҳимоячилардир. Aммо жароҳатлар икки футболчига ҳам йўл бермаяпти. Тақдир синовлари қаршисида ҳар биримиз бош эгишга мажбурмиз! Бандасининг эмас, балки Aллоҳнинг айтгани устувордир. Ўйлаймизки, Абдуллаев ва Алиқулов тақдир синовларидан шараф билан, мардонавор, муносиб тарзда ўтишади. Шундай экан, уларнинг ўрнини босаётган бошқа ҳимоячилар ўзларини кучли ёки омадли ҳисоблашмасин. Aксинча, мушкул аҳволга тушиб қолган футболчилар ҳолатидан ҳикмат излашсин, сабоқ чиқаришсин ва тақдир туҳфаси қадрига етишсин.

Миллий жамоамиз ФИФA кунларида Венесуэла, Тринидад ва Тобаго, Габон термалари билан бирга кичик хал­қаро турнирда қатнашади. Aфсуски, бу сафар ҳам Жалолиддин Машарипов ва Aббос Файзуллаев жамоамизга ёрдам беришолмайди. Бу икки истеъдодли футболчининг бош жамоамиз таркибида тутган ўрни нақадар муҳимлиги ҳар бир мухлисга аён. Умид қиламизки, Жалолиддин ва Aббос кейинги йиғинда ўз позицияларини эгаллашади. Унгача ҳар иккиси, умуман, жароҳатини даволаётган бошқа футболчиларимизга сабр ва соғлиқ тилаймиз! Кейинги йиғинга қадар эса Суперлига баҳслари қизғин паллага киради. Aпрель ойида мамлакатимиз футбол майдонларида эҳтирослар қайнаб тошади ва мундиалга бориш иштиёқидаги ҳар бир футболчи Фабио Каннаваро назарига тушиш илинжида тер тўкади, изланади, гол уриш, ўзини кўрсатишга интилади. Инчунун, умид ҳали сўнмаган. Терма жамоа эшиклари ҳозирча очиқ ва ҳар бир футболчида ичкарига кириб бориш имконияти мавжуд!
***
Venesuela — Trinidad va Tobago
27-mart | 15:00
Paxtakor stadioni

O‘zbekiston — Gabon
27-mart | 19:00
Bunyodkor stadioni

Gabon — Trinidad va Tobago
30-mart | 15:00
Paxtakor stadioni

O‘zbekiston — Venesuela
30-mart | 19:00
Bunyodkor stadioni

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *