Футболимизда ёзги трансферлар муддати бошланиши билан Жасур Жалолиддинов, Сардор Раҳмонов ва Рубин Хебайни ўз сафига қўшил олган «Сўғдиёна» яна бир жиддий келишувни расмийлаштирди. Яъни ўтган йили «Навбаҳор»да чакки таассурот қолдирмаган Филипп Иванович ҳам Жиззах жамоаси билан шартнома тузди.
ОКМК
Олмалиқ жамоаси «Навбаҳор» ҳимоячиси Шаҳзод Тоировни ўз сафига қўшиб олди. 23 ёшли футболчи Наманган клуби сафига жорий йил бошида қўшилганди. Бироқ у ярим мавсум давомида атиги 4та ўйинда майдонга тушди. Эслатма, Тоиров «Навбаҳор»га ўтишидан олдин «Олимпик» ва «Сурхон» клубларида ўйнаганди.
«СЎҒДИЁНА»
Жиззах жамоаси таркибини тажрибали футболчилар билан тўлдиришда давом этмоқда. Жумладан, 33 ёшли ҳимоячи Филип Иванович билан 1,5 йиллик шартнома тузилди. Сербиялик ушбу футболчи профессионал фаолияти давомида «Хайдук», «Радник», «Сабаҳ», «Теута», «Раднички», «Навбаҳор» ва «Ал-Ҳалдия» жамоаларида тўп сурган. «Сўғдиёна» шунинг баробарида 2 нафар легионер футболчи билан хайрлашди. Гап сербиялик Лука Жоржевич ва тожикистонлик Эҳсони Паншанбе ҳақида кетмоқда. «Сўғдиёна» матбуот хизмати хабарида келтирилишича, ҳар икки футболчи билан ўртадаги шартнома ўзаро келишув асосида бекор қилинди.
«ПАХТАКОР»
Суперлига биринчи даврасини 6-ўринда якунлаган жамоа «Навбаҳор»га қарши кечган 15- тур ўйини (2:0)дан сўнг қисқа таътилга чиқди. Жамоа хабарида айтилишича, раҳбарият мураббийлар ва футболчиларга 1 ҳафталик таътил берди. Демак, «шерлар» иккинчи давра олдидан тайёргарликни 14 июль куни +ибрайдаги клуб базасида бошлашади. Машғулотлар баробарида бир нечта назорат ўйини ташкиллаш ҳам режалаштирилган. Айтганча, «Пахтакор» матбуот хизмати олдинроқ таътилга чиққани айтилган португалиялик бош мураббий Педру Морейра ва унинг ассистентлари ҳамда бразилиялик легионер билан хайрлашилганини расман маълум қилди. «Португалиялик мураббий Педру Морейра ҳамда унинг 5 нафар ёрдамчиси билан ҳамкорлик икки томон келишуви асосида бекор қилинди. Ушбу мутахассисларга клубда олиб борган ишлари учун миннатдорлик билдириб, келгуси фаолиятларида омад тилаймиз. Шунингдек, ярим ҳимоячи Жонатан Лукка билан шартнома ҳам бекор қилинди. У оғир жароҳат туфайли май ойида сафдан чиққанди», - дейилади клуб хабарида. Ўзбекистон миллий жамоаси ва ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев ҳам «Пахтакор»дан кетди. 27 ёшли футболчи «Навбаҳор»га қарши ўйиндан кейин жамоа билан хайрлашди. Кутилишича, у фаолиятини яна БАА чемпионатида давом эттиради. Ҳозирча қайси жамоа сафига қўшилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Абдуллаев бу мавсум «Пахтакор» сафида Суперлига ва кубок баҳсида 14 марта майдонга тушганини қўшимча қилиш жоиз. Хабарларга қараганда, ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов олдида Эрон чемпионатига йўл олиш варианти бор.
«АНДИЖОН»
«Пахтакор» вингери Отабек Жўрақўзиев мавсумнинг иккинчи қисмини Андижонда бошласа, ажабмас. Максим Шацких бошқарувидаги жамоа 23 ёшли футболчини ижара келишуви асосида ўйнатмоқчи. Ярим ҳимоячи жорий мавсум «Пахтакор»нинг 12та ўйинида 3та голга муаллифлик қилди. Эслатма, Жўрақўзиев жамоага ўтган йилнинг ёзида «Олимпик»дан ўтганди. Айтганча,
«Андижон» Суперлига 15-туридан ўрин олган «Бунёдкор»га қарши ўйиндан сўнг кичик таътилга чиқди. Иккинчи даврага тайёргарлик режаси ишлаб чиқилган бўлиб, «бургутлар» 12 июлдан ёзги йиғинга киришишади. Дастлаб футболчилар тиббий кўрикдан ўтадилар. 2 кун мобайнида ўз қароргоҳида шуғулланадиган жамоа 14 июлда Тожикистонга жўнаб кетади. У ерда 12 кунлик йиғин олиб борилади. Ҳозирда таркибни кучайтириш борасида янги футболчилар билан қизғин музокара жараёни кетмоқда.
«АРАЛ»
Про лига вакили икки нафар футболчиси билан хайрлашди. Нукус клуби матбуот хизмати хабарига кўра, гап Азиз Умирбеков ва Альберт Сдиков ҳақида кетмоқда. Эслатма, «Арал» Про лиганинг ортда қолган 10та турида 19 очко тўплади ва турнир жадвалида 3-ўринни банд этиб турибди.