Search

Чин юрти чемпионатидан ажойибот. Сеҳр-жоду учун жарима...

Чин юрти чемпионатидан ажойибот. Хитой профессионал футбол лигаси «Чанчун Сиду» клубини рақибнинг кийиниш хонасида сеҳр-жоду ишлатишга урингани учун катта миқдорда жаримага тортди. Таъкидланишича, жамоа вакиллари «Шанси Чундэ Жунхай»га қарши ўйиндан олдин хурофотга берилишган. Яъни рақиб жамоа кийиниш хонасига лаънат ёзилган қоғоз парчаларини яшириб чиқишган. Клуб бунинг учун 30 минг юань миқдорида жарима тўлайди. Гап 4100 доллар ҳақида кетмоқда. «Чанчун Сиду»га шунингдек, қатъий огоҳлантириш берилди. Хитой ПФЛ матбуот хизмати хабарига қараганда, бундай ҳолат такрорланган тақдирда, клубга нисбатан кескин чоралар қўлланилади.

Бу воқелик Хитой чемпионати Иккинчи лигасидан ўрин олган ва 28 июнда ўтказилган «Чанчун Сиду» - «Шанси Чундэ Жунхай» ўйини атрофида рўй берди. Ўша куни кийиниш хонасидан «Шанси Чундэ Жунхай»га мағлубият битилган» ёзувли сариқ қоғоз парчалари топилди. «Ўйиндан олдин «Чанчун Сиду» ходимлари меҳмон жамоа кийиниш хонасига феодал даврга оид бир қанча хурофотли буюмларни жойлаштиришган ва бу салбий оқибатларга олиб келган», - дейилади Хитой ПФЛ хабарида.

Натижага келсак, «Чанчун» ўша баҳсда меҳмонларни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Нима, ушбу натижада ташқи кучлар омили борми? Ишониш қийин. Ахир бир парча қоғоз қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Лекин факт шуки, «Чандун» энди ушбу хурофот учун жарима тўлайди. Сеҳр-жодуга таянишнинг фойдаси шу... 

Манба: Daily Monitor

Related to this topic: