Якунланган мавсум «Реал Вальядолид» учун ҳақиқий қўрқинчли тушдек бўлди. Испанияда жамоа муваффақиятсизлигини 1997|1998 йиллар мавсумида «Спортинг» (Хихон) томонидан қайд этилган ва тилларда «достон»га айланган натижа (38та ўйинда атиги 2та ғалаба) билан таққослашди. Агар кўламни кенгроқ олсак, Европа футболида янада оғриқли натижалар билан чекланган ношуд клублар топилади. Яъни бошқа миллий лигалардан ҳам «Вальядолид»га «клон» мисоли жамоаларни келтириш мумкин. Оддий айтганда, мавсум бўйи лига иштирокчиларига очко улашган ва мутлақо ожиз кўринган клублар етарли. Sports.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айнан якунланган мавсумнинг асосий аутсайдерлари ҳақида.
Яқин-яқингача машҳур Роналдо тасарруфида ўйнаган «Вальядолид» Ла Лига-2024|2025ни 16 очко билан якунлади. Оддий айтганда, Кастилья-Леон автоном жамияти жамоаси 38та ўйинда атиги 4та ғалаба («Эспаньол», «Алавес», «Валенсия» ва «Бетис»га қарши ўйинларда) ва 4та дуранг («Леганес», «Атлетик», «Лас-Пальмас» ва «Реал Сосьедад» билан) қайд этди. Шу тариқа «Вальядолид» чемпионат тугашига 7 тур қолган паллада Ла Лигада қолиш имкониятини йўқотди. Энг қизиғи, «пуcелалар» («оқ-бинафшаранглар») шундай заиф иштирок билан ҳам Европанинг кучли 5та лигаси аутсайдерлари орасида энг ёмони бўлишгани йўқ. Чунки Англиянинг «Саутгемптон» клуби АПЛда янада қийналди, янада ожиз кўринди. «Авлиёлар» АПЛ мавсумини атиги 12 очко билан якунлашди - бу турнир тарихидаги энг ёмон натижа. «Саутгемптон» 2тагина ўйинда ғалаба қозонди ва 6тасида дуранг қайд этди, қолганларида мағлубликни тан олди. Лекин Англия клуби мавсумни «Эспаньол» устидан қозонилган ғалаба (1:0) билан бошлаган ва мухлисларда умид уйғотган «Вальядолид»дан фарқли ўлароқ, бошидаёқ Чемпионшипга қулаш учун яққол «даъвогар» сифатида кўрсатилган эди. Ҳар икки жамоа 2025 йили 1 мартадан ғалаба кўчасига кирди: «Вальядолид» 11 январь куни «Бетис»ни ягона гол эвазига доғда қолдирган бўлса, «Саутгемптон» 2 февраль санаси «Ипсвич»ни 2:1 ҳисобида енгди. «Авлиёлар» бундан ташқари, январь ойи бошида Англия кубоги доирасида «Суонси» билан тўқнашиб, яққол устун келишди - 3:0. Аммо бу мавсумнинг умумий манзарасига таъсир кўрсатгани йўқ.
Италияда «Монца» антирекордчилар қаторига қўшилди. Жамоа финишга 3 тур қолган пайт «А» серияда қолишдан умид узди ва қуйига тушиб кетганлар рўйхатини тўлдирди. «А» серияда шунингдек, «Венеция» (29 очко) ва «Эмполи» (31 очко) ҳам «жон» сақлаш миссиясини уддалай олмади. Айтиш жоиз, ношуд натижага қарамай, «Монца» анча жанговар кўринди. Ҳар ҳолда, монцаликлар деярли охиригача курашдан чекинишмади ва баҳордаёқ ҳалокатга учраган «Вальядолид» ва «Саутгемптон»дан фарқли ўлароқ, мавсумнинг маълум қисмларида рақобатбардош эканликларини исботлашди. Францияда ҳам шунга ўхшаш манзара юзага келди: «Монпелье» Лига 1 мавсумини худди «Валья-долид» каби 16 очко билан якунлади. Бироқ Франция элит лигасида 18та жамоа ўйнаганини ва чемпионат 38 эмас, 34та турни ўз ичига олганини унутмаслик керак. Оддий айтганда, ўйинлар сони кам, демакки, очко ишлаш имконияти ҳам паст. Дейлик, Лига 1да «жон» сақлаш учун 34 очко керак эди («Гавр» айнан шунча очко билан кучлилар қаторида қолди). Қолаверса, «Монпелье» Ла Лига аутсайдериникига ўхшаш натижага қарамай, математик ҳисоб бўйича узоқроқ муддат лигада қолиш умидида ўйнади. Бошқача айтганда, ўз истиқболига Испания ёки Англия клубига нисбатан кўпроқ ишонч билан қаради.
Германия Бундеслигасидаги «Бохум» ва Португалия Примеросидаги «Боавишта» эса омон қолиш учун охиригача курашди, сўнгги турларгача умидсизликка тушмади. Ҳар икки клуб муддатидан олдин таслим бўлмади, лоақал «плей-офф» (ўтиш ўйинлари) воситасида элитадан ажралмасликни ўйлади. Факт шуки, «Вальядолид», «Саутгемптон», «Монца» ва «Монпелье» ўз лигаларида муваффақиятсизлик тимсолига айланди. Лигалар формати ва иштирокчилар сонидаги фарқ ўз йўлига, бу жамоаларни битта умумий жиҳат боғлаб турди - рақобат учун ресурс етишмаслиги. Ушбу клубларнинг натижалари тарихдаги бахтсиз ҳодисалар тоифасига кириш баробарида Европа футболи элитаси ўз даражасига номувофиқларга қанчалик шафқатсиз эканлигини яна бир бора эслатиб қўйди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади