Қарийиб бир ойлик танафуссдан сўнг, яна қизғин тус олиши кутилаётган чемпионатимизда турнир ғолиблиги учун курашаётган жамоалар орасида ажойиб интрига юзага келгани қувонарли ҳол. Хўш, ўз олдига юқори мақсадларни қўйган етакчи жамоаларимиз ёзги трансфер ойнасида таркибни қай даражада кучайтира олишди ва қайси жамоаларда чемпионликка эришиш имонияти юқори? Қуйида шу ҳақда.
Мулоҳазамизни турнир жадвалида карвонбошилик қилаётган «Навбаҳор» жамоасидан бошласак.
Деярли беш йилдан буён ўз олдига юқори мақсадларни қўяётган аммо барқарор натижа қайт эта олмаётган «Навбаҳор»дан бу йил наманганлик мухлисларнинг умиди катта. Боиси, жамоага мавсум аввалида яхши савиядаги мураббий ва футболчилар жалб қилинди ҳамда муносиб вазифа юклатилди. Бир қарашда жамоанинг чемпионлик йўлидаги шашти ва натижалари чакки эмасдек кўринади, аммо «Навбаҳор» турнир жадвалида кучли еттиликда бораётган жамоалар орасида энг кам гол урган жамоа ҳисобланади (15). Бу эса ўз-ўзидан жамоанинг ҳужум чизиғида ишлар у қадар жойида эмаслигини кўрсатаётганди ва жамоага яна бир ўткир ҳужумчи етишмаётгандек эди. Натижада вазиятни теран англаб турган клуб мутасаддилари ҳамда жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян давралар оралиғидаги трансфер ойнасидан оқилона фойдалана олишди ҳамда мавжуд муаммони бартараф этиш мақсадида ҳужум чизиғига айни пайтда юртимизнинг топ ҳужумчилари сирасига кирадиган Жасур Яхшибоев ва Қирғизистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Мирлан Мурзаевни жамоага жалб қилишди. Шунингдек, иккинчи давра олдидан тажрибали ҳимоячи Владимир Козак, қолаверса ярим ҳимоячилар Диёржон Туропов ҳамда Дониёр Абдуманноповлар ҳам «Навбаҳор» билан шартнома имзолашганини айтиш жоиз. Наманганликлар иккинчи даврани сафарда энг яқин таъқибчилари бўлмиш «Насаф»га қарши баҳс билан бошлашади (ўйинда «Навбаҳор» кичик - 0:1 ҳисобидаги ғалабага эишди - PS). Мазкур учрашувда қўлга киритиладиган ижобий натижа Бабаян шогирдлари учун турнир жадвалидаги карвонбошиликни давом эттириш имконини берса, қаршиликларда биринчи ўринга кўтарилиш учун яхшигина вазият юзага келади.
Энди эса «Навбаҳор»дан битта кам ўйин ўтказиб бир очко ортда қолаётган «Насаф» ҳақида сўз юритсак. Очиғини айтганда доимо етакчилар сафида юрадиган Рўзиқул Бердиев шогирдларида ҳам чемпионлик учун нихоятда қулай вазият юзага келган ҳамда бу йўлда жамоага халал берадиган бирор бир жиҳатни алоҳида ажратиб кўрсатиш мушкул. Биргина сўз - жамоа ўзагини ёшлар ташкил қилиши ва муҳим учрашувларда уларга тажриба панд бериб қўймаса қолган барчаси жамоа футболчиларининг ўзларига боғлиқлиги кундек равшан. Балки шунинг учундир Рўзиқул Бердиев ёзги трансферлар ойнасида таркибга бразилиялик ҳужумчи Матеус Лима Круз ҳамда, сербиялик футболчи Ален Машовични қўшиб олди.
Навбат «Пахтакор»га етиб келди. Мамлакатимизнинг амалдаги чемпионида ҳам худди «Насаф» сингари заҳирасида битта ўйин бор ва турнир пешқадамидан икки очко ортда бормоқда. Жамоа биринчи даврадаги кўнгилсиз натижалардан сўнг бош мураббий Славче Войнески билан тузилган шартномани икки томон келишуви асосида бекор қилди ва унинг ўрнига ўзбек футболи афсоналаридан бири саналмиш Максим Шацких бош мураббий этиб тайинланди. «Пахтакор» гарчи турнир жадвалида учинчи поғонада бораётган бўлсада хали чемпионлик пойгаси йўлида ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Буёғи Шацкихнинг салоҳияти ва футболчиларни ўйинга қандай тайёрлай олишига боғлиқ, холос. Боз устига жамоада чемпионлик руҳи ҳукмрон ва бу ҳам «шерлар»га қўшимча устунлик беради. Жамоадаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, «Пахтакор» иккинчи давра олдидан Черногория терма жамоаси ҳимоячиси Илия Мартинович ҳамда польшалик 25 ёшли ҳужумчи Пшемислав Банашакни ўз сафига қўшиб олди.
Чемпионлик пойгасида жиддий рақобат юзага келтириши кутилаётган галдаги жамоа сифатида Улуғбек Бақоев устозлик қилаётган Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби эътироф этилмоқда. Ҳа, сўнгги йиллардаги барқарор ўйин ва натижалар туфайли мухлис-у, мутахассислар эьтирофига сазовор бўлиб келаётган жамоа қарийиб икки йилдан буён таркиб ўзагини сақлаб қолган ҳолда мусобақаларда иштирок этмоқда. Тан олиб айтиш керак Улуғбек Бақоев Жиззахда анчагина шаклланган ва рақобатбардош жамоани туза олди. «Бўрилар» айнан шунинг махсули ўлароқ ОФК кубогидаги юришларини давом эттиришмоқда. Жамоа турнир жадвалида битта заҳира ўйинига эга бўлган ҳолда карвонбоши «Навбаҳор»дан икки очко ортда қолмоқда. Айни дамда учта фронтда кураш олиб бориши лозим бўлган жиззахликлар ҳаммасини тўғри ўлчов орқали олиб боришса клуб тарихида янги саҳифа очишлари учун имконият етарли. Ўзгаришларга келадиган бўлсак, Ҳусниддин Ғофуров, Виталий Денисов, Шавкат Саломов, Камронбек Назаровлар иккинчи даврани «Сўғдиёна» сафида ўтказадиган бўлишди.
Навбат «Қизилқум» ва АГМКга етиб келди. Мазкур жамоаларнинг турнир жадвалидаги ўрни ва жамғарган очколарига эьтибор қаратадиган бўлсак, чемпионлик учун имкониятлари юқорида санаб ўтилган клубларники билан деярли бир хил. Аммо, жорий йил бир мунча шиддатли ўтаётган Суперлига баҳсларида ғолиб чиқиш учун кечадиган рақобатни енгиш бу икки жамоа учун бироз мушкул вазифадек туюлмоқда. Бунинг сабабини таркибдаги ижрочилар ва биринчи даврадаги ностабил ўйин билан кўрсатиш мумкин. Тўғри, ҳар икки клубимиз ҳам ёзги трансфер ойнасида жамоа ўйинини кучайтириши мумкин бўлган бир қатор футболчиларни қўшиб олди, аммо бу футбол ва у бизни кутилмаган ҳамда қизиқарли натижалар билан ҳайратга солиб келган. Бу йил нафақат чемпионлик балки совринли ўринлар учун ҳам ниҳоятда қизғин кураш кечиши кутилмоқда. Шундай экан балки биз иккинчи даврада «ўзбек «Лестер»и номига муносиб жамоани кашф қилармиз.
Х.ЮСУПОВ тайёрлади.