Диққат, бугун ўйин!

Диққат, бугун ўйин!

Сречко Катанец бошқарувидаги Ўзбекистон миллий жамоаси Гонконг сафари олдидан пойтахтда тўпланди ва тайёргарлик жараёнини бошлади.

18 март куни «Жар» стадионида ўтказилган машғулотларда жами 15 нафар футболчи иштирок этди. Шундан кейин легионерлар - Рустам Ашурматов, Ҳусниддин Алиқулов ва Отабек Шукуров навбати билан Тошкентга етиб келишди. Умуман, Ўзбекистон миллий жамоаси делегацияси Гонконгга Пекин орқали йўл олди. Қолган 5 нафар легионер Гонконгга тўғридан-тўғри етиб борди. Рақибга келсак, жамоа бош мураббийи ўйин арафасида кенгайтирилган таркибга киритилган футболчилардан 8 нафарига жавоб берди: Пауло Сезар («Китчи»), Леунг Нок Ханг («Чжэцзян Профешнл», Хитой), Юэ Тзе Нам («Мэйчжоу Хакка», Хитой), Цуи Ванг Кит («Ли Ман»), Дуду («Ли Ман»), Шиничи Чан («Китчи»), Нган Лок Фунг («Ли Ман»), Авал Махама («Саузерн»).

Айтганча, гуруҳдошимиз Эрон миллий жамоаси бош мураббийи Амир Галенои туркманларга қарши баҳсларга бирданига 5 нафар дебютант футболчи жалб этди: Аршо Шакури («Ҳаводар»), Ҳуссайн Гударзи («Шамс Азар»),  Меҳди Лимучи («Алюминиум Арак»), Жавод Оғаипур («Истиқлол», Ҳузистон), Муҳаммад Ризо Озоди («Нассажи Мазандоран»). Бинобарин, Галенои Осиё чемпионатидан кейин терма жамоани ёшартириш сиёсати ҳақида гапирган эди. 

ЖЧ-2026|ОК-2027 саралаши. 

Иккинчи босқич. «Е» гуруҳи. 3-тур

21 март (пайшанба)

17:00 ГОНКОНГ - ЎЗБЕКИСТОН

Гонконг. «Монг Кок» стадиони.

Ҳакамлар: Ким Во Сунг, Жанг Жон Пил, Канг Донг Хо, Ким Да Йонг (Ж.Корея)

21:00 ЭРОН - ТУРКМАНИСТОН

Охирги маълумотларга қараганда, «Персеполис» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов бетоблиги туфуйли шифокорлар тавсияси бўйича Гонконгдаги ўйинда қатнашолмайди. Муҳими, у Тошкентдаги учрашувга қадар сафга қайтади катта эҳтимол.

Ўзбекистон миллий жамоа таркиби

Дарвозабонлар: Ўткир Юсупов («Навбаҳор»), Ботирали Эргашев («Нефтчи»), Абдувоҳид Неъматов («Насаф»)

Ҳимоячилар: Рустам Ашурматов («Рубин», Россия), Умарбек Эшмуродов («Селангор», Малайзия), Ҳусниддин Алиқулов («Ризеспор», Туркия), Абдулла Абдуллаев («Хорфаккан», БАА), Абдуқодир Ҳусанов («Ланс», Франция), Фаррух Сайфиев («Нав­баҳор»), Акрам Комилов (ОКМК), Зафармурод Абдураҳматов («Насаф»)

Ярим ҳимоячилар: Жалолиддин Машарипов («Истиқлол», Эрон), Остон Ўрунов («Персеполис», Эрон), Азиз Турғунбоев («Сивасспор», Туркия), Одил Ҳамробеков («Навбаҳор»), Диёр Холматов («Пахтакор»), Аббос Файзуллаев (ЦСКА, Россия), Жамшид Искандеров («Навбаҳор»), Ҳожимат Эркинов («Ал-Ваҳда», БАА), Отабек Шукуров («Қайсариспор», Туркия)

Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов («Кальяри», Италия), Бобур Абдухолиқов («Насаф»), Азиз Амонов («Хорфаккан», БАА)

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси эса Қатар сафари олдидан пойтахтдаги «Дўстлик» стадионида машғулот ўтказди. Эслатма, Темур Кападзе шогирдлари Дохада Қатар олимпия термаси билан 2 марта куч синашадилар. 15 апрель куни айнан Қатарда бошланадиган U-23 тоифасидаги ОК-2024 олдидан муҳим синов вазифасини ўтаб берувчи мазкур ўртоқлик баҳслари 23 ва 26 март кунларига белгиланганини эслатиш ўринли.