Бельгия миллий жамоаси сардори Эден Азар футболда ҳали кўп нарсага қодирлигини исботламоқчи. «Реал»да жароҳатлар билан қоришиб кетган мавсумдан эзилган ярим ҳимоячи спорт формасини имкон қадар тезроқ тиклаб, яна ўз сўзини айтишдан умидвор. 31 ёшли ҳужумкор футболчининг айтишича, у 2019 йили «Қироллик клуби» билан шартнома тузган пайтдаги ҳолатига қайтиш уддасидан чиқишга қодир.
Умумий ҳолати
- Ҳозир оёғим билан боғлиқ муаммо йўқ, ҳаммаси яхши. Демак, ўз ўйинимни кўрсатишимга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслиги керак. Келаси мавсумга тўлиқ тайёр бўлиш учун ҳам жисмоний, ҳам руҳий тайёргарликка зўр бераман, албатта. Зеро, олдимда аниқ вазифа бор - футболда мен учун ҳали ҳеч нарса тугамагани, майдонда ҳамон ажойиб ишларга қодирлигимни исботламоқчиман. Асл даражага чиқсам, жамоага кўп наф келтира олишимни биламан. Фақат ўйнасам, бас. Кейинги мавсум ҳақиқий Эден Азар сифатида намоён бўлиш борасида шубҳам йўқ.
Келажак режалари
- «Реал»дан кетиш ҳақида ҳеч қачон бош қотирмаганман. Чунки клубга фойда келтира олишимни биламан. Тўғри, майдонда ўзимни тўлиқ кўрсатиш учун яхши ҳолатда эмасдим, клуб ҳам буни тушунади. Зеро, 1,5 йил давомида тўпиғим оғриди, қўйилган пластинка безовта қилди. Энди мавсумолди тайёргарлик жараёнини муносиб ўтказишим керак. Олдимизда Қатар мундиали турибди. Шундай экан, ЖЧ стартига қадар кўпроқ ўйнаб, асл ҳолатимга қайтишим зарур. Жисмоний муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиб, янги мавсумдан чинакамига завқланишни хоҳлайман, худди олдингидек.
Бензема ва «Олтин тўп» масаласи
- Менимча, ҳозирги вақтда Каримга ўхшаши йўқ. Ҳа, Кевин де Брюйне, Тибо Куртуа, Садио Мане ва Винисиус ҳам мавсум бўйи юқори савияда ўйнашди. Аммо барча нюансларни ҳисобга олсак, Бензема «Олтин тўп»ни 99 фоиз қўлга киритиб бўлди. Тўғри, овоз бериш жараёни қандай натижа беришини билмаймиз, аммо фикримча, мукофот айнан Каримга топширилади. Зеро, у бунга мутлақо лойиқ!
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади