Футболга ошнолик бахти

Футболга ошнолик бахти

Бугунги суҳбатдошимиз - Шамиль Ярулин қарийб 20 йилдан буён футбол билан ҳамнафас.

У ҳалигача Қашқадарё вилоятида спортнинг энг оммавий турини ривожланишида ташкилий ишларга бош-қош бўлиб келмоқда. Дейлик, Шамиль ака «Севинч» ва «Насаф» жамоаларидаги самарали фаолиятидан сўнг ҳозирда «Шўртан» бош минежери лавозимида ишламоқда. Қуйида ҳукмингизга махсус мухбиримиз Ҳусан Темировнинг тажрибали ташкилотчи ва ишбилармон раҳбар Шамиль Ярулин билан уюштирган суҳбати ҳавола этилмоқда.

- Шамиль Самигулович, суҳбатни узоқдан бошласак: болалик йиллари, футболдаги илк қадамлар...

- 1956 йилнинг 7 июнь куни Татаристон пойтахти Қозонда туғилганман. 5 ёшда оиламиз билан Қаршига кўчиб келганмиз. Кейинчалик Қарши политехникуми ва Якуб Колос номли Минск Давлат университетида иқтисод-ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича таҳсил олдим. Меҳнат фаолиятим «Шўртангазкимё» мажмуаси билан боғлиқ. 2006 йилдан эса футбол ичидаман: фаолиятимни «Севинч»да иқтисодий ишлар бўйича мутахассис сифатида бошладим. 2008 йили жамоа бошқарувини қўлга олдим. Катта иштиёқ билан иш бошладик ва «Севинч» қисқа фурсатда нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсда ҳам қатор ғалабаларни қўлга киритди. Таъкидлашим жоиз, «Севинч» Европа кубогини ютган Марказий Осиёдаги ягона жамоадир. Биз Болгарияда ташкиллаштирилган мусобақада ғалаба нашидасини сургандик. Бундан ташқари, жамоа Барселонада ўтган Европа кубогида кумуш медаль соҳибига айланди. 2009-2011 йиллар эса ўзимизда Qarshi-Cup халқаро турнирини ўтказдик.

- Кейин «Насаф»да иш бошладингиз...

- Ҳа, 2012 йили «Насаф» бошқарувига ўтдим. Ўша вақт жамоа оғир аҳволда қолганди - маош, солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлик... Муҳими, ҳукумат томонидан футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганди. Хусусан, «Насаф» ва «Севинч»га бош ҳомий сифатида «Шўртангазкимё» мажмуаси бириктирилди. Айнан унинг ёрдами билан қийин вазиятдан чиқиб кетдик ва тарихий натижалар сари қадам ташладик. 

- «Насаф» ва «Севинч»нинг ютуқларига нималарни қўшимча қила оласиз? 

- Ортда қолган даврда «Меҳнатчи» стадионида ёшлар мажмуаси барпо этилди. Бу мажмуа иши ЎФА семинарида мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Бундай мажмуани барпо қилинишига ҳисса қўшганимдан ғурурланаман ва албатта, ҳомийларга миннатдорчилик билдираман. Аслида ёшлар мажмуаси ижобий натижа бериши хусусида кўпчиликда катта шубҳа бор эди. Энди шу баҳона «Насаф» ёшлари яхши қароргоҳга эга бўлдилар ва самара ҳам тезда кўзга ташланди. «Севинч» футбол мактаби ҳам ўзгача шаклда барпо этилган. Хал­қаро муваффаққиятлардан сўнг кўплаб ёш қизлар мактабга келишди ва ҳозир жамоага қўшилишди. Қисқаси, мактабимиз мамлакатимиздаги клубларга профессионал футболчи-қизларни тарбиялаб бермоқда. Бундан таш­қари, ўша пайт Ўзбекистон термаси асосини ҳам «Севинч» вакиллари ташкил этишганди. Қалбан шундай жамоага тегишли эканлигимдан хурсандман. Мана, энди «Шўртан»да ҳам катта ишларни амалга оширяпмиз. Асосийси, қарздорлик бартараф этилди, академия ишга туширилди. Ҳа, ютуқларни кўрсатишга ҳали эрта, лекин айни ҳаракат яқин орада самара бера бошлайди - бунга ишончим комил.

- Фаолиятингиз воқеаларга бой, албатта. Энг эсда қолганларини баён этсангиз...

- 2016 йили ҳам ўзим, ҳам «Насаф» учун катта ўзгаришлар даври бўлди. Зеро, клубимизга давлатимизнинг ўша вақтдаги раҳбари Ислом Каримов ташриф буюрди. Буни сира кутмагандик. У кишига ўзи тасдиқлаб берган клуб логотипи ва фотосуратларни кўрсатганимдан сўнг янгиланишга иштиёқимизни кўриб, «Марказий» стадиони реконс­т­рукцияси бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Ўзаро суҳбат давомида ғояларим билан ҳам қизиқди. Шунда стадиондан югуриш йўлакчасини олиб ташлаб, ўриндиқларни пастроққа тушириш кераклигини айтдим. Бу таклиф Ислом Абдуғаниевичга ёқди. Ўз ўрнида клубимиз томонидан ҳурмат юзасидан эсдалик учун логотипга Ҳумо тасвири туширилган клуб футболкасини тақдим этдим. Эътиборлиси, уни клуб музейида сақлаш учун ўзимизда қолдирди. Эртасига эса Шавкат Миромонович ҳам ташриф буюрди! Биз вилоят ҳокими ва бош ҳомий ҳузурида учрашдик. Ўшанда давлат раҳбари кайфиятини кўтарганимиз учун ташаккур эшитгандим. Хусусан, Ислом Абдуғаниевич унинг чизмаларини сақлаганимиз ва қадрлаётганимиздан мамнун эканини билдиришди. Орадан кўп ўтмай, «Марказий» стадионида тарихий реконструкция ишлари бошланди. Қарангки, менга ҳар икки Президентимиз билан кўришиш, суҳбатлашиш бахти насиб этди. Ўша учрашувда Шавкат Миромонович вилоят ҳокими ҳамда ҳомийларга меҳнатимни тўғри баҳолаш, барчасини инобатга олиб қўйиш тўғрисида кўрсатма берди. Чинакам бахтли инсонман. «Насаф»дек клубга меҳнатим сингганидан хурсандман. Айтингчи, қайси клуб ўз логотипи шахсан мамлакат раҳбари чизмаси асосида тайёрлангани билан мақтана олади? Билишимча, бизда бошқа бирор клубга бундай ҳиммат кўрсатилган эмас. Шундай экан, «Насаф»нинг олдинги логотипи ўз тарихи билан қадрли. 

- «Шўртан»да иш бошлаш ғояси қандай юзага келди?

- Тўғриси, Ғузорда ишлашни сира ўйламагандим. Лекин жамоанинг оғир ҳолатга тушиб қолганига бефарқ қарай олмадим. Мана, катта қийинчиликлар билан муаммоларни енгиб, қарздорликни ёпдик. Айниқса, кўп йиллардан буён осилиб келган хорижлик мутахассислар олдидаги қарзни узиш масаласи анча қийнади. Барчасини изга солиш учун маънавий ва моддий томондан кўп куч, сабр ва хайрли якунга ишонч талаб этилди. Ўйлайманки, бу жамоада ҳам омадим чопди. Чунончи, айни пайт «Шўртан» тизимида ҳақиқий мутахассислар тўпланишган. Жумладан, мураббийлар штабида ҳам. Агар фаолиятим бошида шундай жонкуяр мутахассислар билан учрашганимда, барчаси янада аъло бўлармиди...? Фурсатдан фойдаланиб, уларга профессионал ёндашув ва чидам учун алоҳида ташаккур изҳор қиламан. Клубнинг молиявий ҳолатига тўхталсам, аввалги раҳбарлар меҳнати «самараси»ни кўряпмиз. Шунинг баробарида илдам қадам қўйиш ҳаракатидамиз. Умид қиламанки, барчасини енгиб ўтиб, клубни равон йўлга чиқара оламиз.

- Фидоийлик қадр-қиммат топиши аниқ...

- Очиғи, ютуқларим ёки қандайдир медаллар ҳақида гапиришни истамайман, бу мақтанчоқликка киради. Бунга хушим йўқ. Лекин ибрат бўлиши учун айтаман: 2014 йилги мавсум якунида ЎФА ва ПФЛ томонидан ўтказилган тақдирлаш маросимида илк бор Суперлиганинг энг яхши менежери номинациясига номзодим қўйилди ва унда ғолиб чиқдим. 2020 йил ҳам худди шу йўналишда энг яхши мақомига лойиқ кўрилдим.

- Якунда оилангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- Оила - шахсий ҳаёт. Бу ҳақда гапириш ортиқча, менимча. Зеро, оилани  ишга аралаштириш тўғри эмас. Бордию, оилам ҳақида гапира бошласам, савол ортидан савол келиб чиқаверади. Ахир халқимизда ажойиб гап бор: «Уйдаги гап кўчага чиқмасин».

- Хўш, олдингизда турган режа-вазифалар қандай? 

- Бош мақсад - «Шўртан»да инфратузилмани такомиллаштириш, барчаси жаҳон андазалари даражасида ишлашини таъминлаш. Бу билан ўзбек футболи тараққиётига озми-кўп ҳисса қўшсам, бас. Албатта, меҳнатим самарасини кўрсам, ўзимни янада бахтиёр ҳис