Икки сониялик сукут, бу нима?

Икки сониялик сукут, бу нима?

Испания Ла Лигаси 33-туридан ўрин олган «Реал Сосьедад» - «Реал» ўйинида ҳисобни очган япониялик ҳужумчи Такефуса Кубо аввалига голни нишонламайдигандек кўринди.

Лекин атиги 2 сониялик сукутдан сўнг майдонда «тизза билан сузиш» саҳнасини намойиш этди. Футболда ўйин­чиларнинг собиқ жамоалари дарвозасига урган голларини нишонламасликлари кўп кузатилади. Лекин бунақаси...

Кубо Европадаги фаолиятини айнан «Реал»да бошлагани эслатиш керак. 2019 йили «Токио» клубидан Испания грандига йўл олган Япония миллий жамоаси вакили «Мадрид»нинг атиги 4та расмий ўйинида майдонга тушди, қолган вақт ижара сафарларидан бўшамади. Эътиборли томони, япониялик «Реал Сосьедад» сафига тўлақонли трансфер орқали қўшилганига қарамай, пойтахт гранди унинг 50 фоиз ҳуқуқини ўзида сақлаб қолди. Одатда бундай ҳолатда футболчи собиқ жамоаси дарвозасига урган голини нишонламайди. Кубо ҳам Тибо Куртуани ожиз қолдиргач, аввалига бир зум сукут сақлади. Бироқ 21 ёшли футболчи атиги 2 сония ичида фикрини ўзгартириб, майдонда тиззаси билан сир­ғанишдан ўзи-ни тиёлмади.

Кубонинг голни нишонлаш саҳнаси табиийки, ижтимоий тармоқларда кучли реакция келтириб чиқарди:

- Кубони аввалига голни нишонламасликка қарор қилгани ва 1-2 сонияда фикрини ўзгартиргани жуда ёқди.

- Бу - «Реал»нинг Ла Лигадаги умиди учун бир дақиқалик сукут...

- Кубо собиқ клубига ҳурмат сақлашни хоҳлади, лекин «тиззада сузиш» имконияти олдида ожиз қолди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида эса «Реал» бош мураббийи Карло Анчелоттига Кубони ортга қайтариш варианти хусусида савол берилди ва италиялик мутахассис бунга оддий жавоб қайтарди: «Бу масалани кўриб чиқяпмиз, чунки Кубо жуда зўр ўйнаяпти. Лекин шошилмаслик керак, барчаси ҳақида бир неча ойдан кейин обдон гаплашамиз. Зеро, таркибда футболчилар кўп ва ҳар бирига ўйин вақти тақдим этиш жуда қийин».