Легионерларимиз: Асосий масала – Шомуродов тақдири

Легионерларимиз: Асосий масала – Шомуродов тақдири

Катта эҳтимолки, январь ойида очиладиган трансферлар бозори давомида Элдор Шомуродов янги жамоа сафига қўшилади.

Яхши спорт формасида бўлишига қарамай, «Рома»да амалиётсиз қолиб, роса эзилган миллий жамоамиз сардорига даъвогарлар етарли.

*** 

«Кремонезе» директори Симоне Жаккетта клуб январь ойида «Рома»дан Элдор Шомуродовни сотиб олишга уриниб кўришини тасдиқлади. «Ҳа, бошқа позициялар қатори ҳужумни яхшилашни хоҳлаймиз. Шомуродов - яхши фазилатларга эга ижрочи. Унинг ўйинга тўғри муносабатда бўлиши ва борини беришга тайёр туриши жуда муҳим», - деди Жаккетта шартнома бўйича 2026 йилнинг ёзигача «Рома» билан боғланган ҳужумчимиз ҳақида. Маълумот учун, transfermarkt портали томонидан трансфери 7 миллион еврога баҳоланаётган Шомуродов жорий мавсум «Рома»нинг барча турнирлардаги атиги 8та ўйинида  қатнашиб, 1та гол урди. 

*** 

Corriere dello Sport маълумотига кўра, Шомуродов учун курашга «Сампдория» ҳам қўшилди. Генуя клуби «Рома» билан келишувга эришса, Элдор собиқ жамоаси - «Женоа»нинг ашаддий рақиби сафидан жой олади. Римликлар норвегиялик Ола Сольбаккен билан шартнома тузишгач, Элдорнинг кетиш эҳтимоли анча ошганини ҳам айтиш жоиз.

*** 

Италиялик инсайдер Никола Скиранинг маълумотига кўра, «Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньо режаларида ҳамюртимизга имконият бериш йўқ. У шунинг баробарида 27 ёшли ҳужумчига «А» сериянинг икки клуби - «Монца» ва «Торино» жиддий қизиқаётгани ҳақида хабар тарқатди. Турин жамоаси ёзги трансферлар вақти ҳам Шомуродовга қизиққан, бироқ «Рома» уни ижара келишуви асосида беришни истамаганди. 

*** 

Умуман, Элдор Шомуродов хизматига Италиядан ташқарида ҳам қизиқиш йўқ эмас. Ҳар ҳолда, Англия, Германия, Франция, Россия, Туркия ва Саудия Арабистони клублари бот-бот тилга олинмоқда. Тўғри, Италия матбуотида «Монца», «Сампдория», «Торино», «Болонья» ва «Кремонезе»нинг футболчимизга даъвогар эканлиги ҳақида кўпроқ ёзилмоқда. Хусусан, footballnews24.it сайти журналисти Сержио Карлонининг айтишича, «Самп­дория», «Кремонезе» ва «Торино» ҳужумчи масаласида «Рома» билан расман алоқага чиққан. Tuttosport нашрида эса «Сампдория» раҳбариятининг Шомуродов бўйича позиция­си эълон қилинди. Унга кўра, Генуя клуби бош мураббийи Деян Станкович ҳамюртимизни мунтазам бошланғич таркибда майдонга туширишга тайёр.

«Рома» ЖЧ-2022 туфайли юзага келган танаффусдан фойдаланиб, Япония­да йиғин олиб бормоқда. Жозе Моуриньо жамоаси 25 ноябрь куни «кунчиқар юрт»даги дастлабки «ўртоқлик»да «Нагоя Грампус» билан куч синашди. Элдор ҳисоб очилмаган мазкур ўйиннинг 46-дақиқасида захирадан майдонга тушди.