«Отбозор», Эктор Купер панжаси ва озгина фаросат ҳақида

«Отбозор», Эктор Купер панжаси ва озгина фаросат ҳақида

Муҳтарам мухлис! ОК-2023 старти арафасида футбол дунёси қизиқарли воқеалар билан тўлиб-тошмоқда.

«Интер» ва «Верона» ўртасидаги драматик ўйин, «Наполи»нинг навбатдаги мағлубияти, вакилларимизнинг Фаластин термасига қарши назорат баҳсида принципиал ғалабага эришишгани ва ҳоказо... Хуллас, бундай ҳодисотлар кўп, биз эса фақат уч муҳим воқеага алоҳида тўхталмоқчимиз.

Футболдан  четлатилиш жазо эмас, чоғи...

Зукко мухлисларимиз эслашса керак, Суперлиганинг ўтган мавсумидаги бир неча ўйини натижаси ғоят мантиқсиз чиққани хусусида тахминларимизни ёзгандик, шаъма, имо-ишораларга тўла мулоҳазалар билдиргандик. Баъзи ўйинларнинг бориши ва натижаси кишида шубҳа уйғотадиган даражада ғалати чиндан ҳам. Лекин «келишилган» иборасини ишлатишга ҳақли эмас киши. Чунки факт ва далил, бирор аудио ёки видеоёзув йўқ барчасини исботловчи. Мухлисларники шубҳалантирган бундай учрашувлар натижаси футболимиз мутасаддиларини ҳам чуқур ўйга толдириши табиий, албатта. Улар келишилгани шундоқ кўриниб турган айрим учрашувлар ҳақида якуний хулоса айтолмай ёки расмий баёнот беролмай, қийналишади, изтироб чекишади. Чунки бошқалар қатори ўйиннинг келишилганлиги билан боғлиқ далил-исботни қўлга киритишолмайди. Бошқача айтганда, тегишли мутасаддилар Суперлига учрашувлари доирасида амалга оширилаётган махфий келишувлар сир-асрорини охиригача очишолмаяпти. Балки шунинг учундир, «Қўқон-1912»га алоқадор нохуш хабар мухлислар ўртасида у қадар акс-садо бермади. Кўпчилик билиб турибдики, келишиш борасида устаси фаранг «лаққа балиқлар» ҳали, ҳозирча қармоққа илинишмади. Улардан қанча-қанчалари қармоққа илинмай, тўрга тушмай, тантанавор тарзда фахрийликка ўтишди. Яна кимлардир келишувларга тааллуқли миш-мишларни тилига кўчирмай, бу фоний дунёни тарк этгандир ҳам. Барини билмаймиз. Ҳозирча билганимиз шуки, келишилган ўйинлар туфайли мураббийлар, ҳакамлар ва футболчиларнинг умрбод дисквалификация қилинишлари бошқаларга ўрнак бўлмаяпти. Бу чора келишилган ўйинларга хайрихоҳ кишилар кўзини очмаяпти. 

Қисқаси, эгри йўлни танлаганлар жазодан чўчишмаяпти. Такси хизматидан фойдаланар эканмиз, айрим ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига писанд қилмасликлари, уларни бемалол бузишларига гувоҳ бўламиз. Таълим ва тиббиёт, молия ва иқтисод соҳасида ҳам бу каби қинғирликлар мавжудлиги тез-тез фош этилиб, эълон қилиб борилмоқда. Савол туғилиши табиий: нима бўляпти ўзи, одамлар нима учун ҳаром ишдан ҳазар қилишмаяпти, виждонга хилоф ҳаракатга тап тортмай қўл уришяпти? Бу саволнинг жўяли жавоби сифатида эътиқод масаласини ўртага қўймоқчи эмасмиз. Эътиқод - ҳар кимнинг шахсий иши! Инсон борки қилмишларига яраша жавоб беради охиратда. Бизни айни чоғда шу жамиятнинг бир иштирокчиси сифатида  футболга боғлиқ коррупция ва непатизм занжири, уни узиш, парчалаш ниҳоятда мураккаблиги кўпроқ ташвишлантиради. Ташвишимиз қачон арийди, буни билмаймиз, бирор аниқ муддатни айтиш жуда-жуда қийин...

Трансферми ёки келди-кетди бозори?

Жаҳон футболида трансфер сиёсати - юксак эътиборда турадиган жараён. Ана, биргина Килиан Мбаппенинг «ПСЖ»дан қайсидир донгдор клубга ўтиши масаласи бир неча йилдан буён муҳимлик даражасини йўқотаётгани йўқ. Ҳозиргача футбол дунёсининг энг обрў-эътиборли кишилари ушбу трансфер масаласида бош қотиришмоқда. Шу мисолнинг ўзи трансфер футболда муҳим сиёсат даражасига кўтарилганидан далолат. Агар юқори нотадан боқадиган бўлсак, Суперлига жамоаларида мавсумлар оралиғида таркибни шакллантириш жараёни қандай кечади ва бу ўзи нечук воқелик?  Бир, ҳатто ярим йиллик келишувлар, ҳатто шартнома сифатида келтиришга тил бормайдиган битимларга нисбатан «Трансфер ойнаси» бирикмасини қўллаш ўзини оқлайдими? Муайян клубдан иккинчисига кўчиб ўтиш  футболчилар учун дўппини алмаштириш каби осон иш бўлиб қолди. Узр, миллий қадриятимиз кўзгуси - дўппини келиб-кетувчи футболчилар ишига қиёслаб юбордик. Шуниси борки, бошидаги дўпписини қадрлайдиган инсон уни 1-2 йилда алмаштирмайди, эскирганидан кейин ҳам эъзозлаб, кўрпалар тахлами орасида сақлайди. Сайёр футболчилар шу қадар устакор бўлиб кетишдики, ўз жамоаларига тезда яроқсизга айланадиган Хитой буюмлари каби муносабатдалар. Қайсидир жамоа молиявий бақувват ҳомий топганини билиб қолишса, бас, дарров ўша томон талпинишади. Молиявий бақувват ҳомийнинг тинкаси қуригач, очиқроқ айтсак, унга тегишли маблағ ўзлаштириб бўлингач, яна бошқа манзил қидириб қолишади. Худди асалари каби, фақат молия чаманзорига талпинишади. 

Келинг, футболчиларни яна ва яна маблағпарастликда айблайвермайлик. Бундай «хас­та»лик бошқа соҳаларда ҳам учраб туради. Жумладан, журналистикада. Яқинда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси негизида «Жадид» нашри лойиҳаси амалга оширилгани шундай ёндашувга йўл очди, гўё. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»нинг адади ва маблағи камайиб, таҳририят қийин аҳволга тушиб қолган бир паллада «Жадид» ло­йиҳаси кимларгадир айни муддао бўлибди. Ҳарқалай, янги нашр тақдимотида мутасаддилар кўпчилик учун кутилмаган воқеликни кенг аудиторияга шундай изоҳлашди. «Минг нусха бўладими, 500 дона чиқадими ёки ишчан таҳририят шакллантириладими - бу Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбариятига тегишли иш эмасми? «Жадид» газетасини бошқа муассислар чиқаришса, бўлаверади-ку?!» - дейишди ғафлатда қолган кўплаб адабиёт мухлислари. Футболчилар ҳам ўз мухлисларини ғафлатда қолдиришга усталар. Қачондир бу жараёнга чек қўйилмаса, ўтди-ўтдилар мутасаддилар томонидан тартибга солинмаса, футболимиз муҳити отбозорга айланиб кетиши ҳеч гап эмас! 

Купер алам билан кафтига туфлаб қўймаганми?

Ғазо секторидаги хунрезлик тугаши  муносабати билан тантанавор тадбирга ташриф буюргандек башанг кийинган ва сарпоси пўрим Сурия термасининг Қатарга қадам босиши мамлакатимизда мухлисларни жиддийгина ҳушёр торттирди. Юришларини кўринг, туришларини қаранг жаноб Эктор Купер шогирдларининг! Қараган кўз қиёслайди, солиштиради ва албатта, ажабланади, жиндек надомат ила бармоғини тишлайди. Қиёс - ҳар давр ва барча соҳада тараққиётга чорловчи, тафаккурни янгиловчи тушунчалардан бири. Таққослаш бўлмаса, биров миллий жамоамизнинг туриш-турмуши, либосига эътибор қаратмайди. «Футболчининг вазифаси - майдонда тўп тепиш, гол уриш ва мухлислар учун ғалаба қозониш! Либоснинг башанглиги жамоа кучли эканлигини англатмайди ҳеч қачон!» - дея ўзларини юпатишади футболимиз муҳитидагилар. Ҳа, шундай, санъат даражасида футбол намойиш этишга либоснинг яхши-ёмонлиги жиддий таъсир кўрсатмаслиги аниқ. Буни Эктор Купер ҳам, Сурия терма жамоаси аъзолари ҳам жуда яхши билишади, бизнингча. 

Гап либосда эмас, балки фаросатда. Юрт шарафи ҳимоясига отланган терма жамоа нафақат ўйин, шунингдек, этикет масаласида ҳам унга муносиб бўлгани маъ­қул. Майли, бу мавзуни жиддийлаштириб юбормайлик. Негаки, жиддийлаштиришга арзигудек бошқа мавзу бор. Нима деб ўйлайсиз, жаноб Купер ўша Фаластиндаги мағлубиятдан кейин футболимиз мутасаддилари томонидан истеъфога чиқарилгач, «Ҳаҳ, сенларними?» - дея алам билан кафтига туфлаб қўймаганмикан?! Аксарият мухлисларни ҳозир шу савол қизиқтирмоқда. Фикримизча, Эктор Купер каби зиёли ва профессионал мутахассис ата­йин терма жамоамизни ноқулай аҳволга солиб қўядиган ишга қўл урмайди. Лекин у зиммасига юкланган миссияни амалга ошириш мақсадида жамоамизнинг ўзига маълум муаммоларидан фойдаланишга интилади. Бу - табиий ҳол ва ундан ўпкаланмаслик керак. Тасалли шуки, терма жамоамиз Эктор Купер даврига нисбатан яхшигина ўсишга эришди. Ишончимиз комил, Сречко Катанец аргентиналик ҳамкасби панжасига панжа урмоққа ҳар жиҳатдан тайёр!

Муҳаммад ВАЛИ