Қай бири кучли: АПЛ ёки Ла Лига?

Қай бири кучли: АПЛ ёки Ла Лига?

Европада АПЛ (Англия) ва Ла Лига (Испания)га футбол эталони сифатида қаралиши ҳеч кимга сир эмас.

Икки миллий чемпионатни ўзаро таққослаганда, кўпчилик Англия Премьер-лигасини устун кўриши ҳам бор гап. Бинобарин, АПЛ ҳамиша 2-3та эмас, балки кўпроқ фаворит жамоага эга эканлиги билан ажралиб туради Ла Лигадан. Шунингдек, тижорат масаласида ҳам Англия чемпионати анча илгарилаб кетгани барчага маълум. Лекин баъзи статистик кўрсаткичлар борки, уларга қарасак, испан лигаси инглиз дивизионига бемалол рақобат тақдим этаётгани кўринади.

Goal24 каналида берилган тасвирларда АПЛ ва Ла Лиганинг жорий мавсумидаги энг қўрқинч­ли ҳужумкор триолари натижаси ўзаро таққосланган. Қаранг, АПЛ­да даҳшат уйғотаётган «Манчестер Сити»га тегишли учлик (Эрлинг Холанд - Хулиан Альварес - Фил Фоден) ҳисобида жами 25та гол бор. Хосеп Гвардиола шогирдлари бу борада «Ливерпуль» ҳужумида катта ҳажмда иш бажараётган Муҳаммад Салоҳ - Дарвин Нуньес - Диегу Жота учлигини атиги 1та гол даражасида ортда қолдирмоқдалар. Учинчи юқори кўрсаткич Сон Хюн Мин, Ришарлисон ва Деян Кулишевскидан иборат «Тоттенхэм» учбурчакига тегишли - 23та гол. Хуллас, АПЛда ҳужумкор триолар ўртасидаги пойга ўта қизғин тус олмоқда.
ispan-1.jpg

Хўш, Ла Лиганинг энг даҳшатли ҳужум триолари кўрсаткичи қандай? Аввало, айтиш керак, Испания чемпионатида умумий натижа бироз баландроқ. Мисол учун, иккинчи бўлиб турган «Реал» триоси (Жуд Беллингем - Родриго - Хоселу) ҳисобида худди АПЛ етакчилариники каби 25та гол бор. Устунлик эса ҳозирча «Атлетико» вакиллари қўлларида: Альваро Мората - Антуан Гризманн - Анхель Корреа учбурчаги чемпионатнинг ортда қолган ўйинларида жами 27та голдан хирмон ясади. Пойганинг учинчи қаторида камтарин «Жирона»ни олға бошлаётган учлик бормоқда - Артём Довбик, Крис­тиан Стуани ва Савио боғлами клубнинг 22та голига муаллифлик қилди. Қойил.